Она тилимизнинг янада сайқалланиши, бадиийлиги, тарихийлиги ва дунё миқёсида аҳамияти ҳамда нуфузини оширишга қаратилган қатор маданий, маънавий-маърифий изланишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди.
Тил — миллат қиёфасининг бир бўлаги. Дунёдаги барча халқ ўзининг миллий расмий тилига эга, деб айтолмаймиз. Чунки бу халқнинг миллий мустақиллиги билан боғлиқ. Бу оламшумул ҳодисанинг туб моҳиятини келажак авлод онгига сингдириш, унга муҳаббати, садоқатини янада мустаҳкамлаш шу тил жонкуярлари — ўқитувчилар, тилшунослар, умуман ўзини шу миллатнинг фарзанди деб билган ҳар бир шахснинг кундалик бурчи бўлиши шарт. Мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг марказида иқтисодий ислоҳотлар билан бир қаторда маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий ислоҳотлар турганлиги ўз самарасини бермоқда. Айниқса, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида, бозор иқтисодиёти муносабатларининг тобора шаклланишида, инсон тафаккурининг ўзгаришида фан, таълим, маданият, маънавият ва маърифат, шунингдек, ўзбек тили ва тил маданиятини ривожланиши халқимизнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган тарихий урф-одатлари, удумлари, анъаналари, тартиб-қоидалар, турмуш тарзи ва азалий қадриятларининг асосий мезони сифатида намоён бўлиб келаяпти. Муҳтарам Президентимизнинг маънавий-маърифий ишлар ва ўзбек тилини ривожлантиришга жорий этаётган саъй-ҳаракатлари ғоятда катта аҳамиятга эгадир.
Дунё олимларининг эътирофига кўра, бугунги кунда ер юзи аҳолиси 2 минг 976 хил тилда гаплашади. Бу тиллар ўзининг лексик ва грамматик хусусияларига кўра тил оилалар ва гуруҳларига бўлинади. Жонажон ўзбек тили — она тилимиз хусусида сўз кетганда, унинг дунё тиллари орасида ўзига хос мавқега эга эканлигини кўрамиз. Она тилимиз — ўзбек тилига 1989 йил 21 октябрда давлат тили мақоми берилди. Бу мамлакатимиз ва юртдошларимиз ҳаётидаги унутилмас, тарихий воқеага айланди. Айни пайтда тилимизнинг ижтимоий мавқеини янада мустаҳкамлаш, юксалтириш учун ҳам беқиёс имконият яратилди.
Ўзбек адабий тили туркий тиллар гуруҳига мансуб бўлиб, у мустақил тил сифатида XI асрдан шакллана бошлади ва то ҳозирги кунимизгача бу тилда кўплаб илмий ва бадиий асарлар яратилди. Хусусан, Маҳмуд Қошғарийнинг “Девони луғотит-турк”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Хоразмийнинг “Муҳаббатнома”, Рабғузийнинг “Қиссаи Рабғузий”, шунингдек, Атойи, Саккокий, Сайфи Сароий, Мавлоно, Лутфийларнинг яратган бой илмий-адабий меросларини тилга олиш мумкин. Айниқса, туркий тилнинг беқиёс имкониятларини кўрсатишда Алишер Навоийнинг буюк хизматларини алоҳида эътироф этиш жоиз. Ҳазратнинг нафақат бадиияти, балки тилшуносликка бағишланган “Муҳокомат ул-луғатайн”, яъни “Икки тил муҳокамаси” номли асари шу соҳадаги қиёси йўқ манба ҳисобланади.
Маърифатпарвар ва забардаст адибимиз Абдулла Авлоний: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадурган ойнаи ҳаёти тил ва адабиётидир. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур” – деган аниқ ва теран фикрларни баён этган. Россиялик тилшунос олима, профессор А. М. Козлянина “Ўзбек тили нафис ва мусиқа оҳангидай жарангдор” – деб тан олганлиги ва юксак баҳо берганлиги бежиз эмас, албатта.
Тил — миллатимизнинг фахри, ғуруридир. Айни чоғда орзу-умидларимиз, истиқлолимиз унда бўй кўрсатадиган, қалбимиз ойнаси ҳамдир. Ҳозир туманимизда давлат тили бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда, хусусан ташкилотлардаги кўнгилни хира қиладиган ташқи ёзувлар, ҳориж тилида ёзилган ахборот матнлари ҳамда рекламалар кесгин камайган. Бу борадаги ишларга барчамиз бирдек масъул эканимизни унутмаслик керак. Зеро, тил бор экан миллат барҳаётдир, тил миллат кўзгусидир.
Муҳриддин
НАМОЗОВ,
Қумқўрғон туман мактабгача таълим бўлими методисти, маънавият ва маърифат ҳамда давлат тилида иш юритиш бўйича мутахассис