Мамлакатимизда ер муносабатларига оид бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Шу жумладан, 2021 йил 8 июнь куни Президентимиз томонидан “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Фармон имзоланди.
Ушбу Фармон қабул қилинишидан асосий мақсад, ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритишдан иборатдир.
Фармонга кўра, илгари мавжуд бўлган олтита ер ажратиш туридан учтаси, яъни мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилинди, бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган бундай ҳуқуқлар уларнинг эгаларида амалдаги тартибда сақланиб қолади. Демак, доимий фойдаланиш ҳуқуқи, мулк ва ижара ҳуқуқи асосида ер ажратиш тартиби сақланиб қолди.
Фармонга асосан ер участкалари хусусий секторга мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган, натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тасдиқланадиган очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилади. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади.
Янги тартибга кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид қуйидаги ваколатлари, яъни ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, келгусида ажратиш учун захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш, суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш, жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш, хусусийлаштириладиган ер участкаларига нисбатан инвестиция мажбуриятлари ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бошқа мажбуриятларни белгилаш каби ваколатлари юзасидан қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи 2021 йил 1 августдан бекор қилинди.
Ушбу Фармон расман эълон қилинган кундан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Ер кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгунига қадар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар маҳаллий вакиллик ва ижро ҳокимияти органлари томонидан мазкур Фармонда назарда тутилганидан бошқача тартибда ер участкаларини ажратиш қатъиян тўхтатилди.
Шунингдек, Президент Фармонига кўра, ер тоифасидан қатъий назар барча турдаги ер участкалари ҳамда бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказмаслик ҳолатларини аниқлаш, ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига ва чегараларини ўзбошимчалик билан ўзгартиришга йўл қўймаслик чораларини кўриш, ердан мақсадли фойдаланилиши устидан давлат назорати Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан амалга оширилиши белгиланди.
Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги органларига ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 36-моддасига мувофиқ ушбу ер участкаларига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш, ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонида ноқонуний қурилган иморатларни бартараф этиш юзасидан тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди.
Ф. Холтураев,
Қумқўрғон туман ҳокимлиги бош юрисконсульти