Маълумки, давлатларнинг тараққий этиши, халқнинг фаровонликка эришиши ўша мамлакатда ёшлар таълим-тарбиясига бериладиган эътиборга боғлиқ. Шу жиҳатдан қараганда, Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айлангани бежизга эмас.
Чунки мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил қилади. Шу боис, юртимиз ёшлар мамлакати деб эътироф этилади ва бу нафақат давлатимиз, барчамизнинг зиммамизга улкан масъулият юклайди.
Бугун Ўзбекистон Ёшларининг таълим-тарбия олиши, спорт билан шуғулланиши, замонавий технологияларда ишлашни ўрганиши, умуман, келажакда ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб етишиши учун нимаики зарур бўлса, барчаси яратилган. Ёшларимиз эса бунга жавобан Янги Ўзбекистонда халқ манфаати йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ташаббускор ғоялари, таклифлари билан фаол иштирок этмоқда. Шижоатли ёшларимизнинг ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётгани эса янада қувонарли.
Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, халқимиз, Ватанимиз сизлардан буюк ишлар кутаётганини ҳеч қачон ёдингиздан чиқарманг! Юртнинг юксак ишончи ва умидини тўла оқлаш, унга муносиб бўлиш – дунёдаги энг улуғ бахтдир. Шундай шараф барчангизга насиб этсин!
30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан туман ҳокимлиги катта мажлислар залида тантанали тадбир ўтказилди. Ёшларнинг қутлуғ байрами тадбирига давлатимизнинг мукофотларига сазовор бўлган, фан-техника ютуқларини яхши ўрганиб халқаро ва республика кўрик-танловларида фахрли ўринларни эгаллаётган, туманимизда ёшларнинг янада фаол бўлишига муносиб ҳисса қўшаётган оловқалб авлод вакиллари таклиф этилди. Туман ҳокими Р. Гаппаров ёшларимизнинг эришаётган қувончли ютуқлари ҳақида гапирди. Бир гуруҳ ёшларга туман ҳокимининг фахрий ёрлиғи ва эсталик совғасини улашди. Ўз навбатида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва ёшлар ишлари агентлиги Қумқўрғон туман бўлимлари 4 та сектор раҳбарларига ўз совғаларини берди.