Гилос қонни кўпайтирадими?

Гипертония билан оғриган беморлар учун тўқ қизил гилоснинг фойдаси катта. У фаол бирикмаларга бой бўлиб, кунига 250-300 грамм миқдорида истеъмол қилинса қон босимини мувофиқлаштиришга ёрдам беради.
Бозорларда “ол мени” деб ўзини кўз-кўзлаган гилослар ярақлаб иштаҳани қитиқлайди. Гилос тўйимли бўлишдан ташқари шифода беназир, танимизга мадор, дардимизга дармон бағишлайди. Баҳорнинг охири ёзнинг илк ойларида пишиб етиладиган бу меванинг мавсуми жуда қисқа. Шу сабабли ўз вақтида уни тўйиб истеъмол қилиш керак.
Бу меванинг таркиби кўплаб фойдали моддаларга, витамин ва минералларга, моддалар алмашинуви жараёнида муҳим бўлган кальций, темир, магний, фосфор, калий, натрий кабиларга бой. Шу билан бирга, органик кислоталар, сахароза (фруктоза, глюкоза), РР ва В6 витаминлари, йод, фтор, хром, кремний, никель, рух, марганец сингари микроэлементлар, пектинлар, флавоноидлар гуруҳига мансуб антоцианларни ўзида жамлаган гилос саломатликни мустаҳкамлашда беминнат кўмакчи ҳисобланади.
Табобатда гилос мевасидан кўпгина касалликларнинг олдини олиш ва даволашда фойдаланилади. Жумладан, гилос буйрак ва жигар фаолиятини яхшилаб, қон айланишига ижобий таъсир кўрсатади.
Бўғим оғриқларидан халос қилади
Артрит, ревматизм ва подаграда гилос оғриқларни камайтиришга ҳисса қўшади. Бунинг учун янги узилган ширин гилос мевасидан бор йўғи 15-20 донасини истеъмол қилиш кифоя. Гилос шарбатидан 1-2 ош қошиқ ёхуд гилос меваси компотидан кунига уч маҳал 1 стакандан истеъмол қилинса танадаги тузларни ҳайдашга кўмаклашади. Ушбу қайнатма қуйидагича тайёрланади: 1 литр сув қайнагандан сўнг унга тўла бўлмаган бир ҳовуч мева солинади ва паст оловда 7 дақиқа қайнатилади. Сўнгра оловдан олиниб, оғзи бекитилган ҳолда 20 дақиқа дам берилади. Қайнатмадан бир кунда камида 0,5 литр истеъмол қилиш лозим.
Гилос мевалари ичаклар атонияси деб аталувчи ичак фаолияти сустлашиши билан боғлиқ хасталикда, қабзиятда ва бошқа ички касалликларда даво сифатида қўлланилади. Ундаги доривор моддалар ичакнинг ички қавати тўқималари ҳолатига ижобий таъсир кўрсатади.
Гилос шарбати ва қайнатмаси овқат ҳазм қилиш тизими фаолиятини яхшилайди. Бу мевада органик кислоталар кам бўлганлиги сабабли уни истеъмол қилиш меъда шиллиқ қаватининг яллиғланишида кислота миқдорининг ортишига олиб келмайди.
Гилосда темир ва витаминлар кўплиги боис камқонликда истеъмол қилиш тавсия этилади. Бунда уни бор-йўғи бир ҳафта давомида мунтазам (агар аллергияга оид чекловлар бўлмаса, ҳар куни 0,5 кг ейиш мумкин) истеъмол қилиб, гемоглобин миқдорини кўтариш ва анемиядан фориғ бўлиш мумкин.
Гилос истеъмоли болаларда хам, катталарда хам иммунитет мустаҳкамланишига ёрдам беради. Негаки, гилосда организмни турли инфекциялардан ҳимоя қилувчи ва иммун ҳужайралар янгиланишига замин яратувчи витаминлар мавжуд. Бу мевадаги пектин моддасига алоҳида эътибор қаратиш керак, у ортиқча ёғларнинг парчаланиб, организмдан чиқарилишига ҳисса қўшади.
Гилос истеъмол қилингач, танада ичаклардаги массани тезлаштириб юргизади ва бунинг самарасида модда алмашинуви таъминланади. Кунига 100 гр гилос истеъмол қилиш холестерин тугунчалари пайдо бўлишига қаршилик қилади, шу тариқа инсульт ва инфарктнинг олдини олишга ёрдам беради.
Қандай гилос сифатли?
Янги узилган гилоснинг банди яшил ва таранг бўлиши лозим. Агар у қорайган ва синувчан бўлса, демак, мева узоқ сақланган. Бу унинг таъмида ва фойдали хусусиятларида ҳам ўз аксини кўрсатади.
Гилос узоқ вақтгача ширин мазаси ва сувлилигини йўқотмаслиги учун уни харид қилгандан сўнг совуқ сувда ювиб, бандларини олиб, қуритиш керак. Сўнг қопқоқли контейнерга солиб, музлатгичда сақлаш лозим. Совиткичда қўйилган гилоснинг яроқлилик муддати – тахминан икки ҳафта. Бу меванинг тўқ изил  ранглиси узоқроқ туради, оч қизил ва сариқ рангли эртапишар навлари яхши сақланмайди, уларни харид қилганда тезроқ истеъмол қилган яхши.
Гилоснинг битта камчилиги бор: уни кўп истеъмол қилсангиз, организмдаги ортиқча суюқлик ҳазм бўлмай тўхтаб қолади, натижада танада шишлар пайдо бўлиши мумкин. Худди ана шу “камчилиги” учун ҳомиладор аёлларга гилосни кўп миқдорда (ҳафтасига 1-2 марта 200 гр дан ейиш мумкин) истеъмол қилиш тавсия этилмайди.
Қизил маҳсулотларга аллергияси бор кишилар ҳам гилосдан тийилганлари маъқул. Аллергияга мойил одамлар сариқ рангли гилосдан истеъмол қилиши мумкин.
Гилосдан мураббо ва бошқа кўринишдаги пишириқлар тайёрланганда у ўзининг фойдали хусусиятларини йўқотади. Аммо, гилос мураббоси ширинликда олча мураббосидан қолишмайди. У иштаҳни очишда яхши ёрдам беради.
Сарқми ёки қизил Гилосдаги органикислоталар қанднинг нисбатини рангига қараб:аниқлаш мумкун меванинг ранги  қанча оч бўлса қанд модаси шунча кўп бўлади. Умуман қора гилоснинг фойдаси кўпдир. Айнан қизилида одам организмини саратондан химоя қилувчи ҳамда қариш жараёнини секинлаштирувчи моддалар кўп бўлди. Сариқ гилос эса бета-каротин моддасига бой. Шунинг учун кўриштизими ва тери учун фойдали.
Диарея ва метеоризмга мойиллик бўлгнида гилосни кўп истеъмол қилиш мумкин эмас. У ичак метеоризмини кучайтиради. Таркибида глюкоза миқдори кўп. Яъни ўртача 100 грамм гилосда 10,6 г, ширин навларида ундан ҳам кўп қанд моддаси бўлади. Шу боис, гилосни фақат янгисини, яхшилаб ювиб, меъёрида истеъмол қилиш лозим.
Псориаз ва экземадан фориғ бўлишга ёрдам беради
“Асабий псориаз» ва «экзема» каби тери касалликларини гилос ёрдамида даволаш мумкин. Бундайҳолда гилос қўшимча даволовчи восита сифатида ёрдам беради. Аммо, фақатгина гилосни истеъмол қилиш билан касалликдан тўлиқ қутулиб бўлмайди, шифокор белгилаган дори-дармонларни ҳам қабул қилиш керак.
Райҳон Янгибой қизи
тайёрлади.