Бугун бутун дунё кўринмас бир душман билан курашмоқда. Айниқса, тиббиёт ходимлари дунёнинг залворли юкини елкаларида кўтариб, коронавирус пандемиясига қарши мардонавор курашаётганлиги таҳсинга сазовордир. Бугунги эл бошига иш тушган мураккаб бир вазиятда қаҳрамонларча фаолият юритаётган шифокорлар билан бир қаторда ички ишлар ходимлари, миллий гвардия ҳамда ҳарбийларимиз ҳақиқий фидойилик кўрсатишмоқда.
Уларни “Халқ фидокорлари” деб атасак, ҳеч бир муболаға бўлмайди, назаримда. Биз уйда тин олиб ўтирган бир пайтда биз ва фарзандларимизнинг соғлиги учун жон куйдириб, табиатнинг инжиқликларига қарамасдан, кечани-кеча, кундузни-кундуз демай, ҳар қадамида “кўринмас душман” хатарини билсаларда, ортга чекинмай матонат ила қилаётган хизматлари ҳақиқий фидойилик эмасми?!
Давлатимиз раҳбари “Дунё бўйлаб, хусусан мамлакатимизда шифокорларнинг, ички ишлар ходимларининг ҳамда миллий гвардиянинг ўз касбига садоқати, халқимиз, ота-оналаримиз, фарзандларимизнинг соғлиги йўлида тун-у кун қилаётган меҳнати барчамиз учун жасорат намунаси бўлмоқда”,- дея Ўзбекистон халқи номидан чексиз миннатдорлик билдирганликлари ҳам бежиз эмас. Сиз-у биздан эса бундай фидокорлик, қўлимиздан келмайдиган оғир юмушни эмас, шунчаки уйда қолиб, ўзимизнинг, яқинларимизнинг соғлиги учун масъулиятни ҳис қилишни сўрашмоқда. Карантинга амал қилиб, уйда қолсак, бизнинг соғлигимизни асраш учун тиним билмай меҳнат қилаётган фидокорларга, юрт келажаги учун озгина бўлса ҳам ҳисса қўшган бўлар эдик. Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан Муҳтарам Президентимиз атрофида бирлашсак, шак-шубҳасиз, барча қийинчиликларни енгиб ўтамиз!
Мен бугун ўзим номимдан қолаверса, бутун Ўзбекистон халқи номидан бу касб эгаларига миннатдорчилигимни ушбу шеърим орқали билдирмоқчиман:
Сизлар эртамизни қутқарувчи зот,
Шунда келажакни этгайсиз обод.
Яна бир бор Ватан учун қилди қасамёд,
Бу – халқимнинг фидокорлари,
Ширин сўзли шифокорлари.
Тунда бизлар учун доим хизматда,
Бу ҳислати йигитларга ўрнак, албатта,
Эй қаҳрамон, элнинг сизга ишончи катта.
Бу – халқимнинг фидокорлари,
Олийжаноб Сиз, ҳарбийлари.
Биз ором уйқуда сизларчи ишда,
Қордами-ёмғирда доим юмушда.
Кўринмас душманга бугун курашда,
Бу – халқимнинг фидокорлари,
Ички ишларимиз Сиз ходимлари.
Фахрлансак арзийди доим сизлардан,
Миннатдормиз сиздек ёруғ юзлардан.
Асрасин Оллоҳим ёмон кўзлардан,
Миллий Гвардия фидокорлари,
Барчангиз халқимнинг чин посбонлари.
Дилфуза Гаппарова,
тумандаги 4-сон МТТ тарбиячиси