Терроризмга қарши иммунитет!

Дунё яралибдики, тинчлик-осойишталик инсоният учун
тенгсиз неъмат бўлиб келмоқда

Чунки, биринчи галда осуда ҳаёт, яратувчан меҳнат ва фаровонлик, умуман, барча эзгу мақсадларнинг рўёби энг аввало шу неъматга боғлиқ.
Аммо азалдан яхшилик билан ёмонлик, эзгулик билан ёвузлик каби нисбий кучлар бўлганидек, инсон ҳаётига рахна солувчи офатлар ҳам мавжуд. Улардан бири эса диний ақидапарастлик ва терроризмдир. Бу бало-ю офат ўтган асрнинг сўнгги ўн йиллиги ва XXI асрга келиб, ўзининг жирканч қиёфасини намоён эта бошлади.
Айни пайтда диний экстремизм, ақидапарастлик ва терроризм дунё аҳлининг хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётгани кўпчиликка сир эмас. Ёвуз ниятли диний экстремистик ва террорчи оқимларнинг тарафдорлари халқимизнинг тинч-тотув ҳаётига рахна солишга, айниқса, келажагимиз эгалари бўлган ёшларимизни йўлдан оздиришга ҳаракат қилмоқдалар.
Бу ёвуз ниятлиларнинг фаровон ҳаётимизни кўра олмаслик кайфияти, тузумимизга қарши тажовуздан иборат уринишлари барча тараққийпарвар кишиларни ғазаблантирмокда. Уларнинг бундай хатти-ҳаракатларини қонун ҳам қаттиқ қоралайди.
Жумладан, Ўзбекистан Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларида диний экстремистик, бошқа таъқиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Бизнинг халқимиз терроризм даҳшатини ўз бошидан бир неча бор кечирган, бу бузғунчилик ҳаракатининг азиятларини тушунади. Жумладан, Тошкентда рўй берган февраль воқеалари, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларидаги хунрезликлар, пойтахтимиздаги хорижий давлатлар элчихоналарида террор актини содир этишга бўлган уринишлар, Андижон воқеалари ва бошқа террористик ҳаракатларнинг бари ана шу ёвуз кучга бириккан жангариларнинг конституциявий тузумга қарши хуружлари эди.
Бироқ, қабиҳ ва разил тўдалар ҳар қанча уринишмасин, бизни ўз танлаган йўлимиздан чалғита олмайди. Давлатимиз айни пайтда диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш борасида изчил сиёсат юритиб келмоқда.
Буни вилоят ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар фаолиятидан ҳам кўриш мумкин. Уларнинг ҳамкорлигида вилоятда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, диний экстремизм, терроризм ва конституцион тузумга тажовуз қилиш билан боғлик оғир ва ўта оғир жиноятларнинг олдини олишга жиддий эътибор берилмоқда.
Бу борада тарғибот-ташвиқот ишлари муҳим ўрин тутмоқда. Оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар, вилоятимиздаги умумтаълим мактабларида, лицейларида, касб-ҳунар коллежларида, маҳаллаларда ҳуқуқни мухофаза қилиш идораларининг раҳбар ходимлари, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, масжидларнинг имомлари, ота-оналар вакиллари, ўқитувчи ва ўқувчилар иштирокида суҳбат ва учрашувлар, бу борада яратилган фильмлар ва видеороликлар, профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.
Бироқ, инсонийлик қиёфасини бутунлай йўқотган, тинч аҳолига жабр-ситам, ўлим тахликасини солиб туриш жирканч муддаосига айланган қора кучлар дунёнинг қайсидир бурчагида ҳали ҳам бор экан, ҳамиша хушёр ва огоҳ бўлишимиз, терроризмга қарши ҳамма бирдек курашиши керак. Чунки, қаерда бўлмасин терроризм ҳаракати рўй берса, вужудида зарра одамгарчилиги, меҳр-оқибати бор инсонни безовта қилади.
Баъзан ўйлаб қоласан киши, инсонларни қўрқитиб, даҳшат солиб, зўравонлик қилиш, портлатиш ва бошқа қабиҳликлар билан шуғулланувчи бу кимсаларни ҳам она туққанмикин? Волидаси қулоғига алла айтиб, қалбига меҳр-оқибат уруғи қадамадимикин? У ер – бу ердаги ҳунрезликларни кузатиб, бу тоифадагилар инсоний тарбия олмаган, гадой топмас жойларда лагерлар қуриб, ваҳшийликка ўргатилган манқуртлар эмасми, деб ўйлаб қоласан?
Ҳар вақт, ҳар жойда – хоҳ кўчада, хоҳ транспортда, хоҳ одамлар гавжум тўпланадиган ҳудудларда ўта ҳушёр бўлайлик, огоҳликни бир дам бўшаштирмайлик. Шундагина террор балосидан холи бўламиз.
Тоҳир Маҳкамов