Одам савдоси давр муаммоси

XXI асрга келиб бутун дунё халқлари тараққиётнинг юксак марраларига эришаётган бўлиб бу ютуқлар техника, илм-фан, халқаро хавфсизликни таъминлаш масалалари каби кўплаб йўналишларда намоён бўлмоқда.
Бироқ, ушбу асрда инсоният қўлга киритган кўплаб ютуқлари сингари бартараф этиш зарур бўлган гиёҳвандлик, экстремизм, халқаро терроризм одам савдоси уюшган жиноятчилик каби глобал муаммоларга ҳам тўқнаш келмоқда.
Афсуски, дунё бўйлаб беқиёс кенг қамровли фаолият, тегишли тарғибот-ташвиқотлар олиб борилишига қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар “замонавий қуллик”, яъни одам савдоси қурбонига айланиб қолаётганлиги ачинарли ҳолат ҳисобланади.
Афсуски Республикамизда ҳам ушбу жиноий ҳаракатлар қурбонига айланган фуқаролар мавжуд бўлиб, давлатнинг олий бошқарув органлари томонидан бу иллат билан курашишни таъминлаш бўйича қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда.
Энг аввало Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасига кўра Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида шахснинг озодлиги, шаъни ва қадр-қимматига қарши жиноятлар учун қатор моддаларда жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган.
Хусусан, Кодекснинг 135-моддасида одам савдоси жинояти учун, 137-моддасида одам ўғрилаш, 138-моддасида зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш жиноятлари учун жазо санкциялари қўлланилиши белгиланган.
Бундан ташқари, бу иллат билан курашишни тизимли тартибга солиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган бўлиб, Ушбу Қонуннинг аҳамиятли тарафи шундаки, қонун одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш билан бир қаторда, унда қарши курашишни амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи органлар ва ташкилотларнинг ваколатлари ва вазифалари аниқ кўрсатиб берилган.
Шундан келиб чиқиб, адлия муассасалари томонидан ҳам бу иллатга қарши курашни ташкил этиш учун қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Биргина туман адлия бўлими томонидан жорий йилда ўтказилган тарғибот тадбирларида “Одам савдоси” мавзусида маърузалар қилинмоқда. Жабрланган фуқароларнинг қизиқтирган саволларига ҳуқуқий тушунтиришлар бериб келинмоқда.
Худди шу каби, бўлим томонидан ижтимоий тармоқлардаги аъзолар сони кўп бўлган гуруҳларга ушбу йўналишдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини ёритувчи инфографика, аннотация, видеоролик шаклидаги электрон материаллар жойлаштириб борилмоқда.
Олиб борилаётган ушбу ишлар замирида ўсиб келаётган келажак авлоднинг ватанга бўлган муҳаббати, илм-маърифатга қизиқиши билан бир қаторда, аср муаммосига айланган жиноятларга қарши иммунитетни шакллантириш ётади.
Зеро, одам савдоси, унинг инсоний ҳуқуқ ва эркинликларини ғайриқонуний ва ғайри ахлоқий равишда айнан инсон томонидан камситилиши, йўққа чиқарилиши – кечириб бўлмас жиноятдир!

Д. Худойқулова,
туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси.