Олма қурти 30 турдан ортиқ мевали дарахтларни, жумладан олма, нок, беҳи, ёнғоқ, ўрик, шафтоли, олхўри ва бошқа дарахтларни зарарлайди. Асосан олма мевахўрининг личинкаси мева ичига тешиб кириб бозорбоплигини, экспортбоплигини пасайтиради ва меваларнинг чиришига сабаб бўлади, бундай меваларни сақлаб бўлмайди.
Морфологик белгилари. Капалаги қанотларини ёзганда 14-20 мм, олдинги қанотлари кулранг, учи қорамтир, орқа қанотлари оч қўнғир тусли бўлади. Тухумлари 1 мм, юмалоқ яссиланган, оқимтир рангда бўлади. Қуртининг узунлиги 10-20 мм, усти пушти, пастки қисми оқ ёки сарғиш рангда бўлади. Танасида майда тукликул ранг доғчалар бор. Бош қисми оч қўнғир ёки қизғиш рангда, ёш қуртлар оқ рангда бўлади. Гумбаги 10-12 мм, жигар ранг, юмшоқ пилла ичида туради.
Олма мевахўри дарахт пўстлоқлари орасида, олма шохлари остида, омборхона ва бошқа ҳимояланган жойларда, ёш боғларда эса илдиз бўғзи атрофидаги тупроқнинг 3 см гача чуқурлигида, пилла ичида катта ёшли қурт шаклида қишлайди. Эрта баҳорда қуртлар гумбакка айланади. Олма гуллай бошлаганда гумбакдан капалаклар учиб чиқади. Капалаклар учиши 7-14 кун давом этади. 3-4 кунда тухум қўя бошлайди, оммавий тухум қўйиш 8-10 кунда бошланади. Урғочиси олма баргларига ва мева тугунакларига биттадан жами 100-160 тагача тухум қўяди. Тухумдан чиққан личинкалар барг ва мева эти билан кейинчалик мева уруғлари билан озиқланади. Ҳар бир личинка 2-3 тадан меваларни зарарлайди. Мевага кирган жойида чиқиндисини кўриш мумкин. Личинка етилгандан сўнг мевадан чиқиб дарахт устида ёки яқинида ҳимояланган ҳолда гумбакка айлади. Олма мевахўри йилига уч марта авлод беради.
Кураш чоралари. Агротехник тадбирлар – кузда хазон баргларни тўплаб кўмиб юбориш, дарахт танасини эски пўстлоқлардан тозалаш, дарахтлар атрофини чопиқ қилиш, дарахтлар танасини оқлаш, боғларда тутқич белбоғлар боғлаш, пишмасдан зарарланиб тўкилаётган меваларни териб олиш яхши натижа беради.
Биологик усул – Трихограмма, Бракон, Олтинкўз биомаҳсулотларини қўйиш керак бўлади.
Химиявий усул – Децис, Би-58, Корбофос, Атилла супер, Карате, Нурелл-Д, Киллер ва бошқа химиявий препаратлардан фойдаланиш яхши самара беради.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ўсимликлар карантини инспекцияси томонидан олма мевахўрига қарши кураш бўйича долзарб 15 кунлик эълон қилинган. Шу сабабли Қумқўрғон туманида ҳам фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида барча мевали боғларда олма мевахўрига қарши агротехник, биологик, химиявий кураш ишлари олиб борилмоқда. Шоҳруҳ Соатов фермер хўжалиги, Усмонбобо олма боғи фермер хўжаликлари боғларида олма мевахўрига қарши феремон тутқичлар қўйилиб химиявий кураш ишлари ўтказилди.
Қ. Раҳмонқулов,
Й. Жонназаров,
Ф. Алимов,
К. Қорабоев,
Сурхондарё вилояти ўсимликлар карантини инспекторлари