Она тилида-халқимиз маънавияти мужассам

Агар ўзингиз яшаётган давлат тилини билмас экансиз, унда сиз ё телбасиз ёки босқинчи.
М. Ганди

“Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари”,- деган бош ғоямиз ҳаётимизга тобора чуқур кириб бормоқда. Биз айни шу асосда халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлаш, инновацион тараққиёт борасида муҳим қадамларни қўймоқдамиз.
Кенг жамоатчилик, эл-юртимиз барча ижобий ўзгаришларнинг ташаббускори ва бунёдкорига айланмоқда. Мамлакатимиз фуқаролари қаерда бўлмасин, давлат ҳимоясида эканини, қонун ва адолат кучини ҳис этиб яшамоқда.
Она-Ватан сўзи инсон учун қанчалар улуғ ва мўътабар бўлса, унинг ўз Она тили ҳам шунчалар муқаддас, энг улуғ ва энг азиз неъматдир. Она тилининг жилоси ва ундаги сўзларнинг таровати инсонга шукуҳ ва руҳ бағишлайди.
Тилларни сақлаб қолиш бу ўша халқнинг маданияти, урф-одати, расм-русумларининг сақланиб қолинишини англатади. Чунки, халқ тақдири тил тақдири билан бевосита боғлиқ. Тил ҳар бир миллат маданиятининг ўзагидир. Шу сабабли ҳам тилнинг сақланиши халқ тараққиёти ва келажагини белгилайди. Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, анъаналарини сақлайди. Шундай экан, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашимиз керак.
Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлган эди. Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўси ошди.
Она тилимизнинг жозибадорлигини ошириш бўйича тегишлича ишлар қилинмоқда, лекин тилимизга бепарволик билан қараб туриш ҳолатларини кўриб ақлинг шошади. Марказий кўчалар, истироҳот боғлари, ташқи тарғибот воситалари ўзларнинг рекламаларини турли хориж тилларида ёзаётганлари ёки миллий менталитимизга умумман тўғри келмайдиган қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар томонидан ташқи тарғибот воситаларида ярим-яланғоч суратлар билан ўрантилиш ҳолатларни кўриб нима дейишингни ҳам билмай қоласан, киши.
Шу ўринда Алихонтўра Соғунийнинг “Қайси бир миллат Она тили ўз ҳожатини ўта олмай бошқа ёт тиллар олдида мағлубиятга учраб тиз букар экан, ундай миллат кўп узоқламаёқ инсоний ҳуқуқларидан ажралган ҳолда ҳаёт дафтари устига инқироз қалами чекилиши шубҳасиздир.
Ундай миллатлар ёлғизгина Ватанларидан эмас, балки бутун борлиғи билан тарих юзасидан йўқолишга мажбур бўладилар…” деган ибратомуз сўзларини ёдга олиш ўринлидир.
Дарҳақиқат буюк олимнинг бу сўзлари ўз Она тилини севиш ва унга ҳурмат кўрсатишга чорлаётганини англаш мумкин. Шунинг учун ҳар биримиз Она тилимизни севишимиз ва унга кераклигича ғамхўрлик кўрсатишимиз лозим.

Ш. Мамадиев,
туман Маънавият ва маърифат бўлинмаси раҳбари,
Ш. Жўраева,
бўлинма бош мутахассиси