Дўппи-миллийлигимиз дўмбира-ўзлигимиз от-ғуруримиз рамзидир!

Туманимиздаги замонавий бинода фаолият кўрсатаётган 39-мактабда “Миллий қадриятларимиз фарзандларимиз қалбида эъзозда” мавзусидаги семинар кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Ям-яшил табиат бағридаги таълим муассасаси халқимизнинг миллий ва гўзал асори-атиқалари, ҳаётнинг ажралмас қисми бўлган ҳунармандчилик намуналари, инсонларнинг қўли билан яратилган ранг-баранг, хилма-хил кўргазмали воситалари билан безатилди.
Бугунги ёш авлоднинг истеъдоди чексиз, чинакам ижодкорлик, яратувчанлик фазилатлари ривожланганлигини кўрсатди. Давлатимизнинг “Беш муҳим ташаббус” бўйича амалга оширилаётган улкан ишлари таълим муассасаларидаги педагоглар ва ўқувчиларнинг иқтидори ҳамда истеъдодини янги тараққиёт босқичига кўтарди. Қувонч билан айтганда туман халқ таълими бўлими тизимида жорий этилган эзгу мақсадлар ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.
Туман ҳокими Р. Гаппаров семинарда нутқ сўзлаб, таълим муассасаларида эришилаётган ютуқлар ҳақида гапираётиб Муҳтарам Президентимиз бу йил 1-2 июнда вилоятимизга расмий сафари чоғи Сурхондарёнинг учта ўзига хос миллий жиҳатлари бор, бу ерлик аҳоли дўмбираси, дўпписи, қорабайир оти билан маълум ва машҳур деган пирмаъно гапларига алоҳида тўхталди. Ушбу семинар шу учта қадрли ва завқли асори-атиқаларимиз, миллий анъаналаримиз негизида ташкил этилди. Бахшилар, гапчинозлар халқ оғзаки ижоди ва нутқ маданиятини намойиш қилди.
39-мактабнинг ўқувчилари мусиқа ва санъатнинг энг сара намуналари, миллий либосларни намойиш қилди. 9 синф ўқувчилари “Дўппи тикдим” қўшиғи жўрлигида рақсга тушди. 7 синф ўқувчилари “Дўмбира” куйи оҳангидаги рақси билан барчани хурсанд қилди. 4-мактаб жамоаси миллий либосларда лирик куйга мос рақси билан тадбирга файз киритди.
Туман ҳокими, Секторларнинг раҳбарлари, ташкилотлар ва таълим муассасалари бошлиқлари “Беш муҳим ташаббус” бўйича мактаблар томонидан тайёр ҳолда келтирилган кўргазмалари билан яқиндан танишди. Ёшларнинг маънавиятини ривожлантириш, бўш вақтини мазмунли ўтказишга қаратилган бешта йўналиш акс эттирилган ҳар бир кўргазма йиғилиш иштирокчиларини бефарқ қолдирмади. Китоблар кўргазмалари, спортчиларнинг республика ва халқаро мусобақаларда эришаётган натижалари, чеварлик намуналари, чолғу асбоблари, халқ ҳунармандчилиги, гўзал табиат дурдоналари, ҳайвонлар ва қушларнинг макетлари, тасвирий санъат, миллий халқ ўйинлар намойиши уларнинг юзига табассум, қалбига ҳузур бахш этди. Ҳар бир таълим муассасаси ўқувчиларининг чексиз истеъдод эгалари эканлиги туман ҳокими, сектор раҳбарларини қувонтирди. Чолғу асбобларида куй чалиб қўшиқ айтаётган, миллий либосларда рақс тушаётган, ватанпарварлик туйғулари жўш ураётган, спорт усулларини яхши ўрганган, ижодкорлик фазилатларини намоён қилиб шеърлар айтаётган болалар ва ёшларнинг қаршисида тўхтаб, уларнинг истеъдодига яхши баҳо бердилар. Завқланиб, ташаккур билдиришди. Келгусида бундан ҳам кўп ютуқларга эришишни тилади. Намунали семинарга келган тумандошларимиз ўзаро тажриба алмашди. Катта таассуротларга эга бўлди. Келгусида бу борадаги ишларини янада ривожлантириш режаларини тузди.
Н. МУҲАММАДИЕВ