УСТОЗ ОТАНГДАЙ УЛУҒ

Устозлар бугуннинг энг азиз, энг улуғ ва мўътабар кишиларидир. Келажак авлодни билимли, маънавий баркамол ва жисмонан соғлом қилиб вояга етказишда ўқитувчи ва мураббийларнинг ҳиссаси бениҳоя каттадир. Азиз халқимизнинг бир нақлида “Сен одамларга бир йил яхшилик қилмоқчи бўлсанг буғдой эк, ўн йил яхшилик қилмоқчи бўлсанг дарахт эк, юз йил яхшилик қилмоқчи бўлсанг таълим-тарбия бер” дейилган. Фарзандлар таълим-тарбияси, камоли ҳақида қайғуриш халқимизнинг азалий фазилатларидан биридир. Шу сабабли ўқитувчи ва мураббийлар юртимизда шарафли касб эгалари сифатида ҳар доим ҳурмат ва эътибордадир. Ўқитувчи бугун ўзи таълим бераётган шогирдининг камоли ва келажагига пойдевор қўяди. Доноларнинг айтишича элни маърифат асрайди. Ёш авлодни комиллик ва камолот чўққисига ўқитувчи – инсон бошлаб боради. Шундай экан, устозлар зиммасига келажаги буюк давлатнинг комил, ҳар томонлама баркамол ворисларини етказиб беришдек юксак вазифа юкланган. Халқ орасида “Уста борида қўлингни тий, устоз борида тилингни”, “Устозингга тик қарасанг тўзасан, ҳурмат қилсанг аста-аста ўзасан” каби мақоллар бежиз айтилмаган.

Бугунги кун ўқитувчиси ўз устида тинимсиз ишлаётган, ҳар томонлама кенг фикрлайдиган, илғор педагогик ва ахборот технологияларини самарали қўллай оладиган ижодкор шахс ҳамда ёшларни билим чўққилари, юксак маънавият ва инсоний фазилатлар соҳиби бўлишига даъват этадиган чинаккам мураббий фаолият юритишини ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда. Юртдошимизнинг раҳномалигида таълим-тарбия соҳасида амалга ошириш учун тавсия этаётган вазифалар изчил, тўлиқ бажарилса мамлакатимизни ривожлантирадиган авлод вояга етади. Бу келажагимиз ҳозиргидан обод, тараққий этган, турмушимиз фаровон бўлишини кафолатлайди.

Малика ТАДЖИЕВА,

Термиз давлат университети Ўзбек филологияси факультети 3-босқич талабаси