Банкротлик тушунчаси

Дунёдаги иқтисодиёти барқарор ўсаётган давлатлар тажрибасига эътибор қаратсак, иқтисодиётни ривожлантириш ва кафолатли ҳимоя этишга қаратилган илғор ҳуқуқий асослар базаси мустаҳкамлигига амин бўламиз. Мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, эркин ва соғлом рақобат муҳитини яратиш, иқтисодий ва тижорат соҳасида бозор муносабатларини тараққий этиш ва тартибга солиш учун қонунчилик ва амалиётда бошқа ҳуқуқий институтлар қаторида банкротлик каби институтнинг мавжудлиги  ўзига хос аҳамиятга эга.

Шу ўринда савол туғилади. Банкротлик ўзи нима? Уни амалга ошириш тартиб-таомиллари қандай? Сохта банкротлик ва банкротликни яшириш нимада ифодаланади ва бу ҳаракатлар учун қонунда қандай жавобгарлик белгиланган? Банкротликка оид муносабатлар қайси қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади?

Банкротлик сўзи италянча “bankarotta”, яъни banka-ўриндиқ (курси), rotta-синган сўзларидан ташкил топган бўлиб, “синган курси” маъносини англатади. Шимолий Италия шаҳарлари – Генуя ва Венецияда барча битимлар махсус биноларда амалга оширилган. Ҳар қайси уруғ, оила савдо уйларида ёғочдан ясалган курсига эга бўлиб, уруғ бошлиғи ёки унинг вакили шу курсида ўтириб битимлар тузган. Агар уруғ бошлиғи молиявий мажбуриятларини бажара олмай қолса, унинг курсиси одамлар кўз ўнгида синдирилган.

Ўзбекистон Республикаси “Банкротлик тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасида асосий тушунчалар берилган бўлиб, иқтисодий суд томонидан эътироф этилган, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини тўла ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги – банкротлик (иқтисодий ночорлик)   деб аталади.

Шунингдек, қонунда банкротликка оид ишларни юритишда ишлатиладиган атамаларга тушунчалар берилган. Жумладан, бир турдаги кредиторлар — қарздорга нисбатан бир хил талабларга эга бўлган ва уларни қаноатлантиришда бир-бирига нисбатан имтиёзга эга бўлмаган кредиторлар гуруҳи;

келишув битими – тарафларнинг суд низосини ўзаро ён бериш асосида тугатиш тўғрисидаги битими;

кредиторлар йиғилиши (кредиторлар қўмитаси) вакили – банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этишига кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси томонидан ваколат берилган шахс;

кузатув – иқтисодий суд томонидан қарздор юридик шахсга нисбатан унинг мол-мулки бут сақланишини таъминлаш, қарздорнинг молиявий аҳволи таҳлилини ўтказиш мақсадида қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза қабул қилинган пайтдан эътиборан кейинги таомилга қадар қўлланиладиган банкротлик таомили;

мажбурий тўловлар – давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармаларига тўланадиган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар;

мораторий – қарздор юридик шахс томонидан пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловлар мажбурияти бажарилишини тўхтатиб туриш;

пул мажбурияти – қарздорнинг фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси бўйича ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асосларга кўра кредиторга муайян пул суммасини тўлаш мажбурияти;

суд бошқарувчиси (муваққат бошқарувчи, санация қилувчи бошқарувчи, ташқи бошқарувчи, тугатиш бошқарувчиси) – банкротлик таомилларини ўтказиш мақсадида иқтисодий суд томонидан тайинланадиган шахс;

судгача санация қилиш – қарздор юридик шахснинг муассислари (иштирокчилари) ёки унинг мол-мулки эгалари, кредиторлар ва бошқа шахслар томонидан қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклаш ҳамда банкротлигининг олдини олиш мақсадида кўриладиган чора-тадбирлар;

суд санацияси — қарздор юридик шахсга нисбатан молиявий жиҳатдан соғломлаштириш ва унинг кредиторлар олдидаги қарзини узиш мақсадида қарздорнинг ишларини бошқариш ваколатларини санация қилувчи бошқарувчига ўтказмаган ҳолда иқтисодий суд томонидан қўлланиладиган тўлов қобилиятини тиклаш таомили;

ташқи бошқарув — қарздор юридик шахсга нисбатан уни молиявий жиҳатдан соғломлаштириш мақсадида қарздорнинг ишларини бошқариш ваколатларини ташқи бошқарувчига ўтказган ҳолда иқтисодий суд томонидан қўлланиладиган тўлов қобилиятини тиклаш таомили;

тугатишга доир иш юритиш — кредиторларнинг талабларини мутаносиб равишда қаноатлантириш, қарздорнинг мажбуриятлардан озод этилганлигини ҳамда тугатилганлигини эълон қилиш мақсадида иқтисодий суд томонидан қарздорга нисбатан қўлланиладиган таомил;

тўлов қобилиятини тиклаш таомили — иқтисодий суд томонидан қарздорга нисбатан қўлланиладиган, суд санациясини ёки ташқи бошқарувни ўз ичига оладиган ҳамда қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклашга қаратилган ташкилий-хўжалик ва бошқа чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутувчи таомил;

шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхона – ходимлари уларнинг оила аъзоларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда тегишли аҳоли пункти аҳолисининг камида ярмини ташкил этувчи ёки ходимларининг сони камида уч минг киши бўлган ёхуд давлатнинг мудофаа қобилияти ва хавфсизлиги сақлаб турилишини таъминловчи ёки табиий монополиялар субъекти бўлган юридик шахс;

қарздор — пул мажбуриятлари бўйича кредиторларнинг талабларини қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир бўлмаган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор ёхуд пул мажбуриятлари бўйича кредиторларнинг талабларини қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир бўлмаган, якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахс, агар пул мажбуриятлари ва мажбурий тўловлар бўйича мажбуриятлар аввалги тадбиркорлик фаолиятидан келиб чиққан бўлса;

қарздор муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки қарздор мол-мулки эгасининг вакили – банкротлик таомили ўтказилаётганда қарздорнинг муассислари (иштирокчилари) ёки қарздор мол-мулкининг эгаси ваколат берган шахс;

қарздор ходимларининг вакили – банкротлик таомили ўтказилаётганда ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун қарздорнинг ходимлари ваколат берган шахс;

қишлоқ хўжалиги корхонаси – қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги), фермер хўжалиги ва юридик шахс ташкил этган ҳолдаги деҳқон хўжалиги, шунингдек фаолиятининг асосий тури товар қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштиришдан иборат бўлган бошқа юридик шахслар деб таъриф берилган.

Қонуннинг 4-моддасида банкротлик аломатлари нималардан иборатлиги белгилаб қўйилган. Яъни, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир эмаслиги:

агар тегишли мажбуриятлар ва (ёки) тўлов мажбуриятлари юзага келган кундан эътиборан уч ой ичида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса, қарздор шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхоналар томонидан эса — олти ой ичида бажарилмаган бўлса;

агар қарздор юридик шахсга нисбатан жами талаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида уч юз бараварини ташкил этса, қарздор шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхонага нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг камида беш минг бараварини ташкил этса, қарздор якка тартибдаги тадбиркорга ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсга нисбатан эса базавий ҳисоблаш миқдорининг камида йигирма бараварини ташкил этса, қарздорнинг банкротлик аломатлари ҳисобланади.

Банкротлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш иқтисодий судларга таалуқлидир.

             Қумқўрғон туманлараро

            иқтисодий суди судьяси                                                                           А.Холмуминов

            

Қумқўрғон туманлараро

            иқтисодий суди

девонхона мудири                                                                                     Б.Бердимуродов