Масофавий сабоқлар давом этмоқда

Бугунги кунда жаҳонда глобал муаммога айланган коронавирус пандемиясига қарши кескин кураш олиб борилмоқда. Шу жумладан, юртимизда ҳам бу борада карантин эълон қилиниб, вирус юқишининг олдини олиш мақсадида маълум тартиб ва қоидалар татбиқ этилди. Шу муносабат билан профессионал таълим тизимида ушбу жараённи беталофат ўтказиш, барча эҳтиёт чораларини кўриш бўйича мақсадли тадбирлар белгиланди.
Жумладан, жорий йилнинг 16 мартидан тумандаги барча таълим муассасаларида ўқувчилар таътилга чиқарилиб, улар учун уй шароитида онлайн тарзда масофавий таълим ташкил этилди. Ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида ўқув ҳамда тарбиявий характердаги материал ҳамда топшириқларни масофадан етказиш, ота-оналар билан телефон орқали, ижтимоий тармоқлар орқали мунтазам мулоқотда бўлиш йўлга қўйилди. Жорий ўқув йилини муваффақиятли якунлаш, амалдаги ўқув режа ва ўқув дастурларга мувофиқ малакали кадрлар тайёрлаш борасидаги ишларни сифатли ташкил этиш педагоглар, касбий таълим усталаридан ишчанлик, ижодкорлик ҳамда фидокорликни талаб этади. Шу боис, ҳар бир битирувчи-ўқувчи билан доимий алоқада бўлиш, улар билан онлайн тарзида масофавий таълимни ташкил этиш, ўқув-тарбиявий материаллар ва топшириқларни масофадан етказиш, уларнинг жавобини ўз вақтида қабул қилиб олиш ҳамда мунтазам баҳолаб бориш зарур. Бу борада тумандаги 20-сонли умумтаълим мактабида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бошланғич синф ўқитувчилари ҳамда юқори синф ўқитувчилари ҳамкорликда ишлашмоқда. Уйда ўтирган ҳолатда ўқувчилар билан онлайн дарс машғулотлари ўтилмоқда. Хотирасини мустаҳкамлаш, бола психологиясини ўрганиш машғулотлари бажарилмоқда. Ўқувчилар фан ўқитувчилари томонидан мунтазам равишда баҳоланиб бориляпди. Шундай кунларда таълим жараёнини самарали давом эттириш, ўз иқтидори ва фойдалилик коэффицентини яққол намоён қилиш, ўзимизга бириктирилган вазифаларни чин юракдан, виждонан адо этиш барчамизнинг бурчимиздир. Зеро, Ватан келажагини яратувчи авлод бизнинг қўлимизда камол топмоқда.

Манзура Аллаёрова,
тумандаги 20-сонли умумтаълим мактабининг ўқитувчиси