Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг манфаатдорлигини ошириш масаласи оилаларнинг иқтисодий таъминланиши билан чамбарчас боғлиқ. Бунда нафақа олиш ёшидаги болаларга ижтимоий нафақалар бериш, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ҳозир бу ишларни амалга ошириш тизими такомиллашиб, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилаяпти. Мухбиримиз Қумқўрғон туман бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимининг Ижтимоий ҳимоя ягона реестри шўъбаси бошлиғи Муҳиддин Қорахонов билан шу мавзуда суҳбатлашди.
-Ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам билан таъминлаш, тўлаш тартиблари ҳақида маълумот берсангиз?
-Ҳурматли Президентимиз ва ҳукуматимиз аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш жараёнларида ислоҳотларни жорий этиб, замонавий илғор технологияларни тизимга олиб кириш, қулай ва шаффоф усулларни амалда қўллашни белгилаб берди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 мартдаги аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш вазифалари кўрсатилган қарорни эълон қилди. Шунга кўра Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда бошқа мандаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 апрелга қадар ҳар бир маҳалланинг ID идентификация рақами ва ҳудудий чегараси кўрсатилган ягона маълумотлар базасини ишлаб чиқиб, жорий этиши ва унга “Ягона реестр” АТга интеграция қилишни таъминлаши керак эди. Биз соҳамизга тааллуқли бундай ҳужжатларни изчил амалга оширишда муайян натижаларга эришдик. Маҳаллалар ҳудуддаги болали оилаларга 2 ва 14 ёшгача фарзандлари учун нафақа ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам олиш учун етарлича қулайликларни яратдик. Оилаларнинг аъзолари ҳар ойнинг 1 санасидан 15 санасигача талаб этилаётган ҳужжатларни ўзи яшаётган маҳалла фуқаролар йиғинига тақдим этади. Маҳалла фаоллари ўз навбатида оилаларнинг ҳужжатларини тайёр ҳолда ҳар ойнинг 16, 17, 18 саналарида туман бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига топширади. Биз берилган топшириқлар бўйича барча олинган ҳужжатларни 2020 йилда “Ягона реестр” дастурига тўлиқ киритдик. Тизимга 9 та вазирлик уланган. Улар ҳужжатларни ўрганиб нафақалар ва моддий ёрдамларни тайинлаяпти. Ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам АТБ “Халқ банки” Қумқўрғон туман филиалида амалга оширилаяпти. Тўловлар нақд пул шаклида ёки фуқароларнинг хоҳишига кўра нақд пулсиз ўтказиш усулида пластик картасига туширилиб тўланмоқда.
-Оила бошлиқлари боласига нафақа, кам таъминланган оила учун эса моддий ёрдам олишда қандай ҳужжатлар тайёрлаши керак?
-Албатта, кейинги пайтда талаб қилинаётган ҳужжатларга ойдинлик киритилаяпти. Ортиқча ҳужжатлар ва сарсангорчиликлардан воз кечилаяпти. Ҳозир фуқаролардан ариза, паспорт нусхаси, никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома, васийлик ва ҳомийлик органи қарори, яшаш жойи доимий ва вақтинчалик рўйхати мавжудлиги сўралмоқда.
-Қайси ҳолатларда нафақа тайинлаш рад этилади?
-Бу савол ҳам ота-оналарни, васий ва ҳомийларни ўйлантириши табиий. Агар доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтмаган бўлса, ўртача ойлик жами даромаднинг белгиланган миқдоридан ортиқча чиқса, ариза берувчининг икки ёки ундан ортиқ кўчмас мулкка эгалиги, 10 йилдан ошмаган муддатдаги автотранспорт воситаларига эга бўлмаган ва охирги олти ой мобайнида меҳнат органларига мурожаат қилмаган оила аъзоси мавжудлиги аниқланса нафақа тайинлаш рад қилинади.
-Ўртача ойлик жами даромад миқдорини аниқлашда қайси манбалар инобатга олинади?
-Ҳисоб-китоб ишлари аниқ манбаларга асосланади. Бунда меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги даромадлар, мулкий даромадлар, якка тартибдаги тадбиркорнинг даромади, шахсий ёрдамчи ( деҳқон ) хўжалигини юритишдан олинган даромад, қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа даромадлар инобатга олинади. Қонун ҳужжатларида назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар чегирилиб ташлангунга қадар меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги даромадлар ҳисобланган сумма бўйича ҳисобга олинади. Агар фуқароларда эътироз бўлса туман бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилиши мумкин. Биз арзларни ўрганиб, тўғри жавобни маълум қиламиз.
-Ҳозир туманимизда қанча болалар нафақа, кам таъминланган оилалар моддий ёрдам тўловидан баҳраманд бўлаяпти?
-Туманимизда 2 ёшгача нафақа 5965 нафар болага, 14 ёшгача нафақа 5309 нафар фарзандларга ва 1270 та кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам берилаяпти.
Суҳбатдош
Н. МУҲАММАДИЕВ