Қумқўрғон тумани темир йўл вокзалида катта тантана бўлиб ўтди. 2020-2021 ўқув йилида умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ҳамда касб-ҳунар мактаби ўқувчилари ўртасида ўтказилган фан олимпиадасининг IV республика босқичининг она тили ва адабиёт фанидан фахрли биринчи ўринни олган ғолибимиз 33-мактабнинг ўқувчиси Ҳусанова Дилдора муносиб кутиб олинди.
Ғолибни туман ҳокими ўринбосари Н. Алланазаров ғалаба билан муборакбод этди. Мамлакатимизда фан-таълим, маданият, санъат, спорт ва бошқа соҳаларда муваффақиятга эришган шахсларнинг ҳаёти ва фаолиятини кенг тарғиб этиш, ўқувчиларни илм олишга, юқори марраларни эгаллашга ҳавас, ватанпарварлик ва шукроналик ҳиссини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шундан келиб чиқиб, тенгдошларига ўрнак кўрсатган Ҳусанова Дилдора туман халқ таълим бўлими ҳамда мактаб жамоаси томонидан тантанали кутиб олинди. Ва унинг ютуғи тенгдошларида катта ҳавас уйғотди.
Дилдора ва унинг ота-онасига, устозларига миннатдорчилик сўзлари айтилди. Бундай ғалабадан жуда ҳам хурсанд бўлдилар. Туманимиздан етишиб чиққан мана шундай содда ва камтарин инсон қирқ нафардан ортиқ рақибни енгиб ғалабани қўлга киритган, туманимиз шарафини ҳимоя қилган Дилдора қизимиз ватанига бўлган муҳаббатини изҳор қилди. Узоқ йиллик ўқиш изланишлар самараси бугун ўз натижасини кўрсатди. Ўтган йиллар мобайнида олимпиадада қатнашиб ғолибликни эгаллай олмасада, таслим бўлмаган қаҳрамонимиз, устозларининг ҳамда ота-онасининг ишончини оқлашга муяссар бўлди. Албатта, бу натижалар ўз-ўзидан бўлиб қолмаган. Туман халқ таълими бўлими жамоаси, мактаб директори бўлиб фаолият олиб борган Э. Эргашев, Ҳ. Алламуротов 33-мактабнинг вақтинча директор вазифасини бажарувчиси, мактаб жамоасининг хизматлари каттадир. Интилганга толе ёр, деб бежизга айтилмаганига амин бўлдик. Ғолибамизга келгуси ўқиш жараёнида омад ёр бўлишини тилаб қоламиз.
Л. БОЛТАЕВА,
33-мактаб ўқитувчиси