Бахту иқболим азиз болажон!

Кулсанг, дунё кулар – кўнгиллар тўлар,
Мунчоқ кўзларинга пайваста бу жон!
Кулгу тошиб турсин кулгичларингдан,
Сен бахту иқболим, азиз болажон!
Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни бутун дунё болалари учун энг беғубор ва қувончли байрам ҳисобланади. Албатта, бола бу дунё, бола бу ҳаёт мазмунининг ажралмас қисмидир. Болалар ўз табассумлари орқали инсонлар қалбида ҳаётга, яшашга бўлган қизиқишни уйғотадилар. Кўзларида эзгулик ва меҳр қалқиб турган болажон мусаффо осмонда эркин парвоз этаётган қалдирғоч мисоли.
Ёзнинг биринчи куни дунёнинг деярли барча мамлакатларида келажагимиз эгалари учун турли концертлар, кўргазмалар, сайиллар, спорт мусобақалари ўтказилади. Истироҳат боғлари эса болаларнинг табассумлари билан гўёки мўъжизалар дунёсига айланади. Мамлакатимизда ҳам ушбу байрам ҳар йили дилларда қувонч ила нишонланади. Сабаби Ўзбекистон – болажон юрт, халқимиз эса азалдан болажон халқ.
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Қумқўрғон ногиронлиги бўлган болалар учун “Мурувват” интернат уйида тадбир бўлиб ўтди. Туман ҳокими Р. Гаппаров, туман прокурори Ш. Акромов ҳамда туман Кенгаши депутатлари иштирокида болажонларга ҳомийлик совғалари топширилди. 1-сон касб – ҳунар мактаби жамоаси ҳам болажонларга байрам совғаларини улашди. Тарбияланувчи болажонлар томонидан спорт мусобақалари ҳамда кўнгилочар чиқишлар намойиш қилинди.
Бола бу дунё, бола бу ҳаёт мазмуни, у билан оиламиз гўзал, қалбимизнинг ажралмас қисми. Боланинг битта табассуми орқали инсонлар қалбида ҳаётга, яшашга бўлган қизиқишни уйғотадилар. Фарзанд камолоти, унинг таълим олиши, комил инсон бўлиб вояга етиши мамлакат келажаги, унинг тараққиёти билан бевосита боғлиқ. Юртимизда ёш авлодга ҳатто, туғилгандан бошлаб эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Аслида ўсиб келаётган ёш авлодни ҳимоя қилиш замирида ҳаётни, унинг давомийлигини асраб-авайлаш моҳияти ётади. Улар тўғрисидаги ҳар қандай ғамхўрлик эса юрт равнақи учун қўйилаётган мустаҳкам пойдевор демакдир.
Халқимизга хос маънавий қадриятлардан бири ҳам болажонликдир. Ҳаммамиз, фарзандимизни кўз қорачиғидек авайлаб-асраб камолга етказамиз, болам деб яшайдиган халқмиз. Дуога қўл очганимизда ҳам фарзандларимизнинг камолини кўриб юришимизни яратгандан сўраймиз. Ахир, ота-она учун фарзанд камолини кўришдек бахт бўлмаса керак.
Эртамиз эгаларига кўрсатилаётган бундай эътибор келажакда уларнинг Ватанга садоқатли, жисмонан ва маънан баркамол бўлиб етишишида муҳим омил ҳисобланади. Зеро, фарзандлари билимли ва интеллектуал салоҳияти юқори бўлган давлат қудрати, юксалиб бораверади.
Қурбон Чоршанбиев,
Халқ депутатлари Қумқўрғон туман Кенгаши котибият мудири