Масофавий таълим – давр талаби

Муҳтарам Юртбошимиз ўз мурожаатида “Мен бугунги кунда уй шароитида таҳсил олаётган талаба ва ўқувчи ёшларимизга мурожаат қилмоқчиман: Азиз фарзандларим, уйда вақтингизни бекор ўтказманг! Онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиринг. Китоб ўқинг, билимингизни оширинг, бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг!”,- деб айтиб ўтдилар.
Мурожаатдан келиб чиқиб, ўқувчи ёшларимиз уйда қолиб, масофадан таълим олмоқдалар. Мамлакатимизда таълим тизимида онлайн ва масофавий таълим шаклида ўқитиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилаётганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Масофавий таълим – чорасизлик эмас, давр талабидир. Ўқувчиларга белгиланган дарс жадваллари асосида ўқув материалларини етказиб бериш, уларнинг саволларига жавоб бериш, ўқувчилар бажарган ишларни баҳолашдан ташқари, уларни психологик қўллаб-қувватлашни ҳам самарали ҳал қилиш лозимдир.
Бу борада барча таълим муассасалари каби тумандаги 2 – сонли умумтаълим мактабида ҳам ўқитувчилар уйда қолиб, белгиланган ўқув материалларини онлайн тарзда ўқувчиларга етказмоқдалар ҳамда зиммаларига юклатилган бу масъулиятли вазифани адо этишда жонбозлик кўрсатмоқдалар.
Ўқувчи устозлар томонидан берилаётган материалларни виртуал ўрганиб, ўз устиларида мустақил ишлаб, карантин даври қоидаларига риоя қилган ҳолда ”Уйда қолиб, ўқиймиз, ўрганамиз ва ижод қиламиз!” шиори остида ҳаракат қилмоқдалар.
СОVID-19 пандемиясини бир синов сифатида қабул қилиб, карантин қоидаларига амал қилиш, бизни яна ўша одатий ва гўзал ҳаётимизга қайтишга асосий омил бўлиб хизмат қилади.
Нодира Тоғаева,
тумандаги 2-сонли умумтаълим мактабининг ўқитувчиси