Ҳафта давомида

Қабул қилинган қонун ҳужжатларининг қисқача  мазмун-моҳияти.

  1. “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5117-сон, 19.05.2021 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги (Агентлик) ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий вакиллари лавозимлари ташкил этилди.

Агентлик директори ва унинг ўринбосарлари Вазирлар Маҳкамаси қарори билан лавозимга тайинланади.

Агентлик ходимлари меҳнатга ҳақ тўлаш, рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш шароитлари бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги марказий аппарати ходимларига тенглаштирилади.

Қарорга кўра, 2021/2022 ўқув йилидан туманлар (шаҳарлар)да умумий ўрта таълим муассасалари негизида хорижий тилларни ўқитишга ихтисослаштирилган 207 та мактаб ташкил этилади.

2021 йил 1 сентябрдан хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши натижаларга эришган мактабларни рағбатлантириш мақсадида Президент соврини таъсис этилади.

Бунда, соврин учун мусобақалар умумтаълим мактаблари ўртасида қуйидаги уч босқичда ташкил этилган ҳолда:

биринчи босқич – туман ва шаҳарларда ўтказилиб, ғолиблар 100 млн сўмгача;

иккинчи босқич – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилиб, ғолиблар 250 млн сўмгача;

учинчи босқич – республика миқёсида ўтказилиб, ғолиблар 500 млн сўмгача пул маблағлари билан мукофотланади.

Қишлоқларда хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун тадбиркорларга 50 млн сўмгача бир марталик субсидия ажратиш амалиёти йўлга қўйилади.

Қарорга  кўра, 2021/2022 ўқув йилидан:

таълим муассасаларининг камида С1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга хорижий тиллар ўқитувчиларига уларнинг базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 50 фоиз миқдорида қўшимча устама ҳақи тўлаб борилади.

умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида фаолият юритаётган барча хорижий тиллар ўқитувчиларига замонавий адабиёт, дарслик ва ўқув қўлланмаларини сотиб олиши учун 1 млн сўмдан маблағлар ажратилади.

2021/2022 ўқув йилида хорижий тилларни ўқитишга ихтисослаштирилган ОТМларига қабул параметрлари икки бараварга, давлат гранти асосида қабул кўрсаткичлари эса уч бараварга оширилади.

2022/2023 ўқув йилидан:

хорижий тилларни ўқитишга ихтисослашган ОТМ битирувчилари томонидан давлат аттестация имтиҳонларини топшириш билан бир қаторда миллий ёки унга тенглаштирилган бошқа етакчи халқаро баҳолаш тизимлари орқали уларнинг билимлари даражасини аниқлаш амалиёти йўлга қўйилади;

ОТМларнинг магистратура мутахассисликларига ҳамда олий таълимдан кейинги таълим ихтисосликларига танловларда миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга шахслар иштирок этиши тартиби жорий этилади.

2021 йил 1 июлдан давлат органларида таълим ташкилотлари ўқитувчиларини шартнома асосида жалб қилиб, ҳафтада камида бир маротаба ходимларни хорижий тилга ўқитиш амалиёти йўлга қўйилади.

2022 йил 1 январдан хорижий тиллардан миллий ва халқаро сертификатга эга давлат бошқарув идораларининг барча бўғинлари ходимларига лавозим маошига нисбатан 20 фоизгача қўшимча устама тўланади.

2022 йилдан давлат органларига ишга қабул қилиш ва юқори лавозимга тайинлаш учун хорижий тилни билиш талабгорга қўйиладиган мажбурий малакавий кўникма сифатида белгиланади.

  1. “Aвтомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолиятини тартибга солишни янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5108-сон, 07.05.2021 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2021 йил 15 майдан 2022 йил охиригача автомобилда йўловчи ташиш фаолиятини тартибга солишни соддалаштириш бўйича эксперимент ўтказилади. Бунда:

йўловчиларни ҳайдовчидан ташқари тўрттадан ортиқ бўлмаган ўриндиқларга эга бўлган енгил автотранспортларда ташиш якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига киритилади;

якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан йўловчиларни енгил автотранспортларда ташиш лицензия варақасига асосан амалга оширилади;

лицензия варақаси 21 ёшга тўлган ва бошқарувида аризани бериш вақтида 10 йилдан ортиқ бўлмаган вақт давомида эксплуатация қилинаётган автомобиль мавжуд бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга “Лицензия” ахборот тизими орқали берилади;

автомобилда йўловчиларни ташиш билан шуғулланадиган якка тартибдаги тадбиркорлар “Aккредитация маркази” ДУКда аккредитациядан ўтган техник хизмат кўрсатиш станцияларида 6 ойда камида 1 маротаба транспорт воситасини техник кўрикдан ўтказиши шарт;

якка тартибдаги ташувчилар лицензияга эга корхоналарда ҳамда йўловчи ташувчиларга мижозларни излаш бўйича интерактив хизматларни кўрсатувчи тадбиркорлар (агрегаторлар) томонидан ташкил қилинган махсус текширув пунктларида ойлик тиббий кўрикдан ўтиши шарт;            якка тартибдаги ташувчиларга йўловчиларни автомобиль транспортида ташиш фаолияти доирасида ходимларни ишга ёллашга рухсат этилмайди;

2021 йил 1 сентябргача якка тартибдаги ташувчиларни давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божи ундирилмайди;

якка тартибдаги ташувчилардан лицензия варақаси берилганлиги учун давлат божи йилига БҲМнинг бир баробари миқдорида ундирилади. Бунда давлат хизматларини кўрсатганлик учун йиғим ундирилмайди;

якка тартибдаги ташувчилар қатъий белгиланган миқдорда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини 3 тоннагача юк кўтариш имкониятига эга автомобиль транспортида юкларни ташиш фаолияти билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган ставкада тўлайди.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 сентябрдан якка тартибдаги ташувчилар ўз фаолиятини фақатгина агрегаторлар хизматидан фойдаланган ҳолда амалга оширади.

Юридик шахсларга тегишли йўналишсиз таксиларга қуйидагилар учун рухсат этилади:

– йўловчиларни олиш ва тушириш мақсадида “Тўхташ тақиқланган” йўл белгиси амал қилиш ҳудудида, шу жумладан аэропорт ва вокзалларга туташ ҳудудларда тўхташ;

– маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тасарруфида бўлган аэропортлар, темир йўл вокзаллари, автовокзаллар, қурилиш моллари, деҳқон ва буюм бозорлари ҳамда савдо мажмуаларининг пуллик тўхташ жойларига йўловчиларни олиш ва тушириш учун бепул кириш;

-йўналишли транспорт воситалари учун ажратилган махсус ҳаракатланиш йўлаги бўйлаб ҳаракатланиш.

Йўловчи ташишда фойдаланилаётган автотранспортларнинг ранги ва махсус серияли давлат рақами белгиси бўйича ўрнатилган амалдаги талаблар 2023 йил 1 январгача тўхтатиб турилади.

Шунингдек, йўналишсиз таксилар учун автомобилнинг олд ойнасининг юқоридаги ўнг бурчагига жойлаштирилган яшил рангли ёритиш чироғи, ҳисоблагич (таксометр) ва радиоалоқа воситаси, шунингдек, назорат-касса машинасини ўрнатиш талаблари бекор қилинди.

Бундан ташқари, юридик шахсларга тегишли йўналишсиз такси ва якка тартибдаги ташувчилар учун қуйидаги талаблар жорий этилади:

  • автомобиль тепасига “TAXI” таниш белгили тўқ сариқ рангли фонарь ўрнатиш;
  • тўловни амалга ошириш, шунингдек, босиб ўтилган йўлни электрон тарзда қайд этиш имкониятини берувчи махсус иловаларга эга мосламалар (шу жумладан уяли телефонлар, планшетлар) бўлиши;
  • автомобилнинг приборлар панелида автомобиль транспортининг давлат рақами, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги ҳужжат (ёки ушбу фаолият турини амалга ошириш учун лицензия/лицензия варақаси) ва ҳайдовчининг телефон рақами кўрсатилган маълумотлар табличкаси мавжуд бўлиши.

 

  1. “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5116-сон, 19.05.2021 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра:

Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази тугатилди;

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди.

Республика маркази ва ҳудудий марказлар давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланиб, унга маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири тавсиясига биноан Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган директор раҳбарлик қилади.

Шунингдек, қарор билан аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича республика, ҳудудий ва туманлараро 29 та намунали марказлар (марказлар) ташкил этилди.

Марказларнинг асосий вазифаларидан бири тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизларга аноним тарзда шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш ҳисобланади.

Марказларга қуйидагилар жойлаштирилади:

➖ зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари;

➖ ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизлар.

2021 йил 1 июндан:

ҳимоя ордери нусхасини олган, яъни тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахслар профилактик ҳисобга олинади;

марказларга мурожаат қилган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларининг йўқотилган биометрик паспортларини (идентификация ID-карталарини) тиклаб бериш чоралари кўрилади.

Шунингдек, тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш учун мўлжалланган, 24 соат узлуксиз ишлайдиган “ишонч телефони” (республика доирасида ягона қисқа рақам) йўлга қўйилади.

 

  1. Ҳукумат қарори (306-сон, 18.05.2021 й.) билан Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат кадастри соҳасида давлат хизматлари нархларини белгилашда табақалаштирилган ёндашув тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига ўзгартиришлар киритилди.

Қарорга мувофиқ, кўчмас мулк объектларининг давлат кадастри соҳасида давлат хизматлари нархларини белгилаш тартиби ўзгартирилди.

Жумладан, кўчмас мулк объектларининг нотурар бино ва иншоотларга оид қисмига кадастр паспортини тайёрлаш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича кўрсатиладиган давлат хизмати учун ундириладиган йиғим миқдори янгиланди.

Бунда кўчмас мулкнинг умумий майдонига қараб қуйидаги нархлар белгиланди:

➖ 100 кв метргача – БҲМнинг 1 баравари (илгари мазкур нарх  БҲМнинг 1,25 баравари миқдорида бўлган)

➖ 100 кв метрдан 1000 кв метргача – объектнинг 1 квадрат метр майдони учун БҲМнинг 1,15 фоизи (илгари объектнинг 1 кв метр майдони учун БҲМнинг 1 фоизи, 25 фоизга кўпайтирилган ҳолда ҳисобланган).

➖ 1000 кв метрдан 5000 квадрат метргача – БҲМнинг 17,25 баравари (илгари БҲМнинг 15 баравари, 25 фоизга кўпайтирилган ҳолда ҳисобланган).

➖ 5 минг кв метрдан 15 минг квадрат метргача – БҲМнинг 34,5 баравари (илгари БҲМнинг 30 баравари, 25 фоизга кўпайтирилган ҳолда ҳисобланган)

➖ 15 минг кв метрдан 50 минг квадрат метргача – БҲМнинг 57,5 баравари (илгари БҲМнинг 50 баравари, 25 фоизга кўпайтирилган ҳолда ҳисобланган).

➖ 50 минг кв метрдан ортиқ бўлган – БҲМнинг 80,5 баравари (илгари БҲМнинг 70 баравари, 25 фоизга кўпайтирилган ҳолда ҳисобланган).

 

  1. “Халқаро IT-сертификатларга эга ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (310-сон, 19.05.2021 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 июндан ёшларнинг халқаро IT-сертификатларини олиш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисмини қоплаб бериш тартиби жорий этилади.

Қарор билан Халқаро IT-сертификатларга эга ёшларни ўқиши ҳамда уларнинг халқаро IT-сертификатларни олиши учун сарф қилган харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисмини молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Унга кўра, талабгорлар бу юзадан “Ўзбекистоннинг IT-истеъдодлари” порталида электрон ариза бериб бепул рўйхатдан ўтади.

Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси (Ишчи орган) талабгорнинг аризасини зарур ҳужжатлари билан бирга 5 иш кунида кўриб чиқади ҳамда тақдим қилинган халқаро IT-сертификатни верификациядан ўтказади.

Муқаддам халқаро IT-сертификатларнинг бир тури бўйича халқаро IT-сертификат олиш харажатининг 50 фоизгача бўлган қисми қопланган талабгор халқаро IT-сертификатларнинг бошқа тури бўйича минимал кўрсаткич ёки ундан юқори натижа қайд этса, унга халқаро IT-сертификат олиш харажатининг 50 фоизгача бўлган қисми тўлаб берилади.

16 ёшга тўлмаган фуқароларнинг халқаро IT-сертификат олиш харажатининг 50 фоизгача бўлган қисми қоплаб берилишини сўраб ушбу фуқароларнинг қонуний вакиллари мурожаат қилишлари мумкин.

Ишчи орган талабгор ҳужжатларини умумлаштириб, молиялаштириш юзасидан таклифларни 5 иш куни ичида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (ваколатли орган)га киритади.

Халқаро IT-сертификатга эга бўлмасдан туриб талабгорнинг халқаро IT-сертификати олиш учун ўқув курсига тўлаган харажатлари қопланишига йўл қўйилмайди.

Ишчи орган томонидан киритилган таклифлар ваколатли орган томонидан 3 иш куни ичида келишилади.

Шунга кўра, ишчи орган томонидан 3 иш куни мобайнида халқаро IT-сертификатларни олиш учун сарфланган харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун тегишли пул суммасини талабгор томонидан кўрсатилган тегишли ҳисобвараққа ўтказиб берилади.

 Ҳукумат қарори (319-сон, 20.05.2021 й.) билан Вазирлар Маҳкамасининг “Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига ўзгартиришлар киритилди.

Ўзгартиришларга кўра, мактабгача ташкилотларга устунлик билан қабул қилиниш ҳуқуқига эга болалар рўйхати (имтиёзли рўйхат) янгиланди.

Эндиликда болаларнинг қуйидаги контингенти боғчага устунлик билан қабул қилиниш ҳуқуқига эга бўлади:

  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг болалари (илгари – ногирон бўлган шахсларнинг болалари);
  • кўп болали оилаларнинг болалари;
  • етим болалар ёки ота-онасининг қаровисиз қолган болалар;
  • “Аёллар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг болалари;
  • контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг ва ички ишлар органлари ходимларининг болалари (илгари – ҳарбий хизматчиларнинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг болалари);
  • талабалар ва педагогларнинг болалари;
  • акалари ёки опалари ушбу муассасанинг тарбияланувчилари жумласидан бўлган болалар;
  • кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотлардан умумий турдаги мактабгача ташкилотларга ўтказилаётган соғайган болалар (илгари – бошқа муассасалардан ўтказилган болалар).

Илгари боғчага қабул қилиш учун имтиёзли рўйхатга киритилган болаларнинг имтиёзлари уларга йўлланма берилгунга қадар сақланиб қолади.

Болаларни имтиёзли рўйхат бўйича қабул қилиш давлат-хусусий шерикликка асосланган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига татбиқ этилмайди.

Жорий ўқув йилининг 31 май кунига қадар 7 ёшга тўладиган болаларнинг сўровномалари ушбу санада бекор қилинади ҳамда автоматик равишда навбатдан чиқарилади.

 

Адлия бўлими бош маслаҳатчиси                                 С.Менглиқулов