Интернетнинг салбий таъсири

ХXI аср замондош ёшлар ҳаётига
сезиларли ўзгаришлар
билан кириб келди

Ўтган аср болалари мактаб, турли тўгараклар ва спорт марказларига чопган ҳамда вақтини шу каби машғулотлар билан мазмунли ўтказган бўлса, бугунги ёшларнинг қизиқиши бошқача. Энди уларнинг кўпчилиги интернет кафелари, техника воситалари сотиладиган жойлар, компьютер ўйинлари марказларига интилмоқдалар.
Улар интернет тармоғига уланиш, янги ахборотларни олиш ва ўзаро дисклар, флешкалар, ахборотларни сақлаш, ташиш воситаларидан имкон борича тез фойдаланишга ҳамда қизиқиши доирасидаги дўстлари билан янгиликларни ўртоқлашишга шошилмоқда.
Замонавий технологиялар, бир қанча вазифалар ва қулайликларга эга уяли телефон, интернет, турли мавзулардаги видео фильмлар туширилган дисклар – ҳозирги ёшларнинг диққат марказида бўлиб қолди.
Баъзи ота-оналар фарзандининг ёш бўлишига қарамай, уяли телефон ва интернет тармоқларидан бемалол фойдалана олишини кўриб, хурсанд бўладилар.
Бу фарзандларимизнинг интеллектуал салоҳиятли бўлишлари учун яхши, албатта. Лекин ота-оналарнинг кўпи болалари телефон орқали нима билан машғул эканлигини билмайди, тўғрироғи, назорат қилмайди. Болакай эса, қўлида телефон, истаган, қизиққан маълумотларини ўртоқларидан кўчириб олиши ва ундан «завқланиши» мумкин.
Шу тариқа телефонга тушган ҳар хил бемаъни, ёшига мос бўлмаган маълумотлар ҳам боланинг онгини заҳарламоқда. Бу каби нарсаларнинг асоси эса бу – интернетдир.
Бугунги ҳаётни интернетсиз тасаввур қилиш қийин. Шубҳасиз, интернет давримизнинг энг буюк ихтироларидан бири. Катта-кичик ҳар ким унинг хизматларидан фойдаланиши мумкин.
Бироқ ҳар ким қандай фойдаланишига боғлиқ. Ҳозир тўрт-беш яшар бола ҳам компъютердан бемалол фойдаланиши, эртадан-кечгача «автопойга» ўйнаши ёки «жангари фильм иштирокчиси»га айланиши мумкин. Бир қарашда бунинг ёмон жойи йўқдек. Боланинг ўқуви кучаяди, кўпроқ ахборот олади. Бироқ бу нарса одат тўсига кирса, нохуш оқибатларга олиб келиши ҳеч гап эмас.
Интернетга қарамликни шифокорлар аллақачон руҳий касалликлар қаторига киритган. Кўпчилик ушбу касалликка ҳанузгача беписанд қарамокда. Компьютер қарамлиги ичкиликбозлик, гиёҳвандлик каби жиддий касалликдир.
Бир қарашда интернетда почтани текшириш ва ижтимоий тармоқларда мулоқот қилиш, ўйин ўйнаш оддий нарса бўлиб кўринади. Бу каби «хавфсиз» ҳаракатлар қандай қилиб шахснинг таназзулига олиб келиши мумкин? Аслида интернетда кўп вақт ўтказган киши вақт тушунчасидан узоқлашиб боради, яқинлари, дўстлари билан мулоқот қилишни орқага суради ҳамда организмнинг табиий эҳтиёжларини эътиборсиз қолдиради.
Вақт ўтиши билан соғлом ҳаёт тарзи ўзгариб, одамнинг руҳияти ва соғлигига салбий таъсир ўтказади. Интернетга қарам бўлиб қолган ёшларга виртуал мулоқот ёлғон эркинликни, гуёки ҳамма нарсага қодирлик ҳис-туйғусини бахш этади. Айни вақтда реал ҳаётда ҳал этилмаётган муаммолар ва ечилмаган масалалар йиғилиб бораверади.
Интернетга қарамлик оддий касалликларга ўхшаб ўз белгиларига эга: вақт тушунчасига эга бўлмаслик – ярим соат ишлайман деган ният билан интернетга кирган киши аслида ҳар хил сайтларга киравериб, бир неча соат вақт ўтганини сезмай қолади; табиий эҳтиёжларни қондирмаслик – нима бўлишидан қатъий назар, ҳаёт тарзини яхшилаш мақсадида инсон ўз танасидаги эҳтиёжларга қулок солиши керак.
Интернетга шўнғиган киши узоқ вақт таом емаслиги, кам ухлаши, ҳатто ҳожатга ҳам чиқмаслиги мумкин. Бундай ҳолатлар жиддий касалликларга олиб келади; ижтимоий ҳаётдан воз кечиш – қизиқарли тадбирлар, йиғилишлар интернет касаллигига дучор бўлган шахс учун зерикарли бўлиб туйилади. Буларнинг ўрнига виртуал мулоқотни афзал кўради. Дўстлари ва яқинлари билан жонли мулоқотни унутади.
Бугунги тезкор ривожланишлар жараёнида ахборот тарқатишнинг энг замонивий ва самарали таъсирчан воситалари кашф этилмоқдаки, улар олдида ўқитувчининг маърузалари зерикарли тусга кириб қолди.
Ачинарлиси, ахборот тарқатиш воситаларидан берилаётган ахборот ва маълумотлар оқими ёшлар томонидан тўғридан-тўғри «фильтрлашсиз» қабул қилинмоқда, бу эса улар онгини заҳарлаб, маънавий-ахлоқий дунёсини заифлаштирмоқда.
Бунга ўхшаш ҳолатларнинг олдини олиш учун маънавий тарбияни оиладан, яъни боланинг илк тасаввурлари, тушунчалари шаклланадиган даврдан бошлаш мақсадга мувофиқдир.
Буюк аллома Абу Райхон Беруний шундай деган эдилар: «Илм олиш дастлаб ахлоқий покликни талаб қилади. Шунингдек, таълим ва тарбия бир бутунликни кўрсатади, фақат шу борлиққа амал қилган шогирдлар камолот сари бора олади».

Тоҳир Маҳкамов