КАРАНТИН қоидаларини бузганлик учун жазо чоралари кучайтирилди

Бугунги кунда мамлакатимиз ҳамда бутун дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган биргина муаммо борки, у ҳам бўлса COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўлиб ҳисобланади. Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш, фуқароларининг соғлигини сақлаш ҳамда ушбу пандемиянинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини камайтириш бўйича барча давлатлар биринчи навбатдаги зарурий чораларни кўришмоқда.

Бу борада юртимизда ҳам кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар амалга оширилаётганлиги, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
29 январдаги Ф-5537-сон фармойиши билан Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси  ташкил этилиб, комиссия қарорларига асосан дунёнинг барча давлатлари билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида мунтазам авиақатновлар тўхтатилганлиги, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келаётган шахсларни 14 кун давомида махсус ажратилган тиббиёт муассасаси ёки карантин тадбирларини ташкил этишга мослаштирилган базалар ёхуд уй шароитида карантинга олиш талаби белгиланганлиги, республика ҳудудидаги барча кўнгилочар объектлар, шу жумладан тунги клублар, дискотека, ресторан, кафе, ошхона, чойхона, спа ва массаж салонлар, караоке, бильярд заллари, чилим (кальян) марказлари ва компьютер ўйинлари хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик фаолияти тўхтатилганлиги, оммавий ва байрам тадбирлари, халқаро тадбирлар ва спорт мусобақалари, шунингдек, театр, кино ва концерт дастурлари ҳамда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилиши тўхтатилганлиги, давлат олий таълим муассасаларида, умумий ўрта, ўрта махсус, мактабдан ташқари ва мактабгача таълим муассасаларида ҳамда барча нодавлат таълим ташкилотларида таълим жараёнлари тўхтатилганлиги ва коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган бошқа бир қатор чоралар кўрилаётганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил
23 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 176-сонли қарорига асосан, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ҳамда фуқаролар соҚлигини сақлаш мақсадида ҳукуматимиз томонидан бир қатор тезкор хавфсизлик чоралари кўрилиши билан бирга, коронавирус инфекцияси аниқланган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва хорижий фуқаролар, шу жумладан 2020 йил январь — март ойларида коронавирус инфекцияси қайд этилган ҳудудларда бўлиб, Ўзбекистон ҳудудига кириб келган шахслар қуйидагиларга мажбур эканликликлари белгиланди:

→ Комиссия қарорларига, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва эпидемияга қарши курашишга жалб этилган бошқа давлат ташкилотларининг қонуний талабларига риоя этишга;

→ Ўзбекистонга қайтиб келганлиги, коронавирус инфекцияси қайд этилган ҳудудларда бўлган вақти ва жойи тўғрисида зудлик билан соғлиқни сақлаш органларига маълумот беришга;

→ ўзида касаллик аломатлари вужудга келганда касаллик юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар ва ҳаракатланиш йўналишлари ҳақида зудлик билан соҚлиқни сақлаш органларига маълумот беришга;

→ 14 кун давомида уйда ёки махсус белгиланган жойда изоляция шароитида бўлишга;

→ санитария ва эпидемияга қарши курашиш қоидалари ва изоляция режимида бўлишга оид талабларга қатъий риоя этиш, шу жумладан тиббий ҳимоя воситаларини қўллаш ва жамиятда бир-бирлари орасида масофани сақлашга;

→ соғлиқни сақлаш органлари томонидан тайинланадиган тиббий текширув ва даволанишдан ўтишга.

Шунга қарамасдан, айрим фуқаролар томонидан эпидемияга қарши кураш қоидаларининг бузилиши, шу жумладан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида карантин талабларига риоя қилмаслик, шахснинг нафақат ўз ҳаёти ва соғлигига, балки коронавирус инфекцияси асосан яқин масофада аксирганда, йўталганда ҳаводан бурун ва нафас йўллари орқали, шунингдек қўл бериб кўришганда юқиши мумкинлиги инобатга олинадиган бўлса, бевосита бошқа шахсларнинг ҳаёти ва соғлигига хавф туғдиради.

Шахслар томонидан юқоридаги каби ижтимоий хавфли хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида 2020 йил 26 март куни “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-613-сонли Қонуннинг қабул қилиниши билан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида карантин талабларига риоя қилмаганлик учун жавобгарлик ва жазо чоралари кучайтирилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси янги “Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш” деб номланган 2445-модда билан тўлдирилиб, ушбу модданинг 1-қисмига кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликларнинг пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланиб, ушбу жиноий ҳаракатларни содир этганлик базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши мустаҳкамлаб қўйилди.

Мазкур модданинг 2-қисмида эса ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки оммавий ахборот воситалари, шунингдек Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи орқали тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгилаб қўйилди.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига ушбу янги модданинг киритилиши бугунги карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликларнинг пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида аҳоли ўртасида асоссиз равишда ваҳима ва турли уйдирмаларни тарқатаётган шахсларга нисбатан тегишли жазо чораларини белгилашга қаратилган.

Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 2571-моддаси янги таҳрирда қабул қилиниб, мазкур модданинг 1-қисмида санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш, шу жумладан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойларни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик одамларнинг оммавий касалланиши ёки заҳарланиши реал хавфини келтириб чиқарганлиги ёхуд одамларнинг оммавий касалланишига ёки заҳарланишига олиб келганлиги учун жиноий жавобгарлик белгиланиб, ушбу жиноий ҳаракатлар базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солиш ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача (модданинг эски таҳририда уч йилгача) озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мустаҳкамланди.

Жиноят кодекси 2571-моддасининг 2-қисмида ўша қилмиш одамнинг ўлимига сабаб бўлса, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилдан етти йилгача (модданинг эски таҳририда уч йилдан беш йилгача) озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши, 3-қисмида эса ўша қилмиш одамларнинг ўлимига сабаб бўлса, етти йилдан ўн йилгача (модданинг эски таҳририда беш йилдан саккиз йилгача) озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгилаб қўйилди.

Айтиб ўтиш лозимки, ушбу модданинг янги таҳрирда қабул қилиниши билан модда диспозициясида айнан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойларни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик одамларнинг оммавий касалланиши ёки заҳарланиши реал хавфини келтириб чиқарганлиги учун жиноий жавобгарлик белгиланди ҳамда жиноят учун жазо чоралари кучайтирилиши билан бирга, модданинг 2-қисмида назарда тутилган жиноий ҳаракат унча оғир бўлмаган жиноят тоифасидан оғир жиноятлар тоифасига ўтказилди.

Шунингдек, қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳам бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўҚрисидаги кодексининг “Маъмурий жазо” деб номланган III-боби янги таҳрирда “Маъмурий жазо ва мажбурлов чораси” деб номланиб, кодекс янги “Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш” номли 292-модда билан тўлдирилди.

Ушбу моддага асосан, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузишга оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан тегишли тиббий асослар мавжуд бўлган тақдирда давлат санитария назорати органлари томонидан карантинда сақлаш ёки даволаниш тарзидаги тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилиши мумкин бўлиб, тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси ўттиз суткагача бўлган муддатда маъмурий жазо тайинлаш билан бирга қўлланилиши ҳамда давлат санитария назорати органлари томонидан белгиланган жойларда ижро этилиши ҳамда тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасининг ижроси давлат санитария назорати, ички ишлар ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари томонидан таъминланиши назарда тутилди.

Шу билан бирга, ҳозирги масъулиятли кунларда кўпчилик фуқаролар тиббий ниқоб тақмасдан кўчага ва жамоат жойларига чиқиши ҳолатлари кўп кузатилганлиги сабабли уларнинг, қолаверса қолган шахсларнинг ҳаёти ва соғлигини ҳимоя қилиш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси янги таҳрирда баён қилиниб, модданинг 1-қисмида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш маъмурий жавобгарликка тортилиб, ушбу ҳаракатлар базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.

Худди шунингдек, ушбу модданинг 2-қисмида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш, шу жумладан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида шифохонадаги ички тартибга риоя этмаслик, давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойларни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўҚрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилди.

Таъкидлаш ўринлики, ушбу модданинг янги таҳрирда қабул қилиниши билан модданинг 2-қисми диспозициясида айнан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида шифохонадаги ички тартибга риоя этмаслик, давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойларни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармасликдан иборат ҳуқуққа зид ҳаракатлар кўрсатилиши билан бирга, ушбу ҳуқуқбузарлик учун жазо чораси кучайтирилганлиги, яъни фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача (модданинг эски таҳририда уч бараваридан беш бараваригача), мансабдор шахсларга эса ўттиз бараваридан эллик бараваригача (модданинг эски таҳририда ўн бараваридан ўн беш бараваригача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланганлиги муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгар тўғрисидаги кодексларига киритилган юқоридаги ўзгартиш ва қўшимчалар коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигини муҳофаза қилиш, жамоат хавфсизлиги ва тартибини сақлаш ҳамда ушбу пандемиянинг республикамиз иқтисодиётига кўрсатиши мумкин бўлган салбий таъсирини камайтиришга қаратилган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бугунги шароитда барчамиз юқоридаги қонун талабларига қатъий риоя қилган ҳолда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга ўз ҳиссамизни қўшишимиз, зарурат бўлмаган ҳолда уйдан чиқмаслигимиз, уйдан чиққанда албатта тиббий ниқоб тақишимиз, оммавий ва кўнгилочар тадбирлар уюштирмаслигимиз ва бундан тадбирларда қатнашмаслигимиз, тозалик ва тиббий-санитария қоидаларига оғишмай амал қилишимиз лозим.

Зеро, халқимизнинг саломатлиги, оилаларимизнинг ҳотиржамлиги ва юртимизнинг фаровонлиги бизнинг бир тану бир жон бўлиб, коронавирус инфекцияси тарқалишини биргаликда енгишимизга бевосита боғлиқдир.

 

Асқар Мамараимов

 

Сурхондарё вилояти Шеробод

туманлараро иқтисодий суди судьяси

 

Хусниддин Утаев

 

Қумқўрғон туман прокурори ёрдамчиси