Янги қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2021 йил 28 апрелдаги 250-сонли қарорига мувофиқ Бош вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчилари, вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, ҳокимлар, секторлар раҳбарлари “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни камбағалликдан чиқариш ва уларнинг фаровонлигини ошириш учун шахсан масъул ҳисобланади. “Темир дафтар”ни юритиш орқали ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир оилалар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Ёшлар дафтари”ни юритиш орқали ёшлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича вақтинчалик тартиблар тасдиқланди. Шунга кўра,“Темир дафтар”ни юритиш тартиби ва уларга ёрдам кўрсатиш, Республика бўйича “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”ларини юритиш тартиблари ҳамда ёрдам кўрсатиш белгиланди.
«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги  (ЎРҚ–688-сон, 29.04.2021 й.) янги қабул қилинган қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бир қанча ўзгартишлар ва қўшимча киритилди. Хусусан, Ҳаво кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, ҳаво кемаларининг аҳоли манзилгоҳлари устидаги парвози ердаги одамларнинг ҳаёти ҳамда соғлиғига ва (ёки) уларнинг мол-мулкига хавф солмаган ҳолда белгиланган йўналишлар ва учиш баландликларида амалга оширилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишга мувофиқ, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузганлик учун жарима миқдори қатъий белгиланди.
Бунда фуқаролар учун БҲМнинг 20 баравари (илгари 20 бараваридан 30 бараваригача), мансабдор шахсларга эса – 30 баравари (илгари 30 бараваридан 50 бараваригача) миқдорида жарима назарда тутилган.
Шунингдек, транспортда тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузганлик учун жарима миқдори БҲМнинг 2 баравари (илгари 3 баравари) этиб белгиланди. Транспорт воситаларидан ахлат ёки бошқа нарсаларни ташлаб юбориш қоидаларини бузганлик учун жарима миқдори қатъий белгиланди. Бунда БҲМнинг иккидан бир қисми миқдорида (илгари БҲМнинг бешдан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда ) жарима миқдори белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” 2021 йил 4 мартдаги ПФ-6181-сон Фармонининг мазмун-моҳиятини билиш зарур.
I. Фармоннинг мақсади 2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг мақсади мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, аҳолининг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини ошириш, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шериклик муносабатларини ҳамда долзарб масалаларни ҳал этишда ҳамкорлигини кучайтириш, республикада барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ташаббускорлиги ва фаоллигини ошириш ҳисобланади.
II. Фармон билан белгиланган йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
“Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги қонун (ЎРҚ–690-сон, 12.05.2021й.) га “маълумотларни билган ҳолда тиббий аралашувга ихтиёрий равишда розилик бериш”, “психиатрия ёрдами”, “руҳий ҳолатнинг бузилиши” ва бошқа бир қатор асосий тушунчалар киритилди. Руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг ҳуқуқлари кенгайтирилди. Хусусан, улар ўзида мавжуд бўлган руҳий ҳолати бузилишининг хусусияти ва қўлланилаётган даволаш усуллари ҳақидаги ахборотни ўзи учун тушунарли шаклда, ўз вақтида ҳамда тўлиқ олиш, шунингдек стационар шароитларда психиатрия ёрдами кўрсатадиган тиббиёт муассасасида фақат психиатрия ёрдами кўрсатиш учун зарур бўлган муддат мобайнида бўлиш ҳуқуқига эга.
Психиатрия текширувидан ўтказиш текширилаётган шахсда руҳий ҳолати бузилишининг мавжудлигини, психиатрия ёрдами кўрсатишга бўлган заруриятни аниқлаш, шунингдек бундай ёрдам тури ҳақидаги масалани ҳал қилиш учун амалга оширилади. Психиатрия ёрдами кўрсатиш бўйича фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга шахслар доираси аниқ белгилаб қўйилди. Махсус олий тиббий маълумотга эга тиббиёт ходимлари (шифокор-психиатр, тиббий психолог ва психотерапевт) психиатрия ёрдами кўрсатиш бўйича шифокорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга. Диспансер кузатувида турган руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг ягона электрон реестри юритилади.
                                           Р. Султанов,
                 туман адлия бўлими бошлиғи