Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиш тизимини янада такомиллаштириш чора- тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 4 майдаги ПҚ-5102-сон Қарорига мувофиқ фуқароларга пенсия ва нафақаларни тайинлаш, етказиш тизимида яратилган қулайликлардан хабардормисиз?

Хаммамизга маълумки ҳар бир фуқаро қариганда ўз таъминоти учун ҳам тинмай меҳнат қилади. Пенсия ёшига етганда эса шунча қилган меҳнатлари камлик қилганидек ишлаган ташкилотларининг ҳар биридан ишлаганлиги тўғрисида маълумот олиб келиши, архивга маълумотномасини тақдим қилиши, яна бир қанча ташкилотларга бориши лозим бўлади.
Ушбу оворагарчилик ва қоғозбозликка чек қўйиш ҳамда фуқароларга Пенсия таъминотида қулай шароит яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти “Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 4 майдаги ПҚ-5102-сон Қарор қабул қилди. Унга кўра:
Пенсияларни тайинлашда 30 турдаги ҳужжатлар талаб этилади ҳамда мазкур маълумотларни тақдим этишга масъул 14 дан ортиқ вазирлик ва ташкилотларда идоравий ахборот тизимлари, электрон ресурс ва маълумотлар базалари мавжуд эмаслиги қоғоз шаклида иш юритишдан воз кечиш ва ҳужжатларни йиғиш жараёнини электрон шаклга ўтказишга тўсқинлик қилиб келмоқда.
Юқоридаги муаммоларни баратараф этиш ҳамда Президентимизнинг Фармонларининг ижросини таъминлаш, шунингдек, пенсионерларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, кекса ёшдаги фуқароларга ҳар томонлама ғамхўрлик қилиш, шунингдек, фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини босқичма-босқич жорий этиш, жумладан пенсияларни тайинлаш учун фақат паспорт билан мурожаат қилиш кифоя бўладиган тизимни жорий этиш, давлат пенсия таъминоти борасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини замон талабларига мувофиқлаштириш мақсадида Президентимизнинг “Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 4 майдаги ПҚ-5202-сонли Қарори ишлаб чиқилган.
Мазкур ҳужжатнинг асосий ғояси фуқароларга давлат пенсияларини ҳисоблаш учун зарур маълумотларнинг электрон базасини шакллантириш, ҳужжатларни йиғиш жараёнини комплекс ривожлантириш орқали фуқароларнинг оворагарчиликларини бартараф этиш, пенсия ва нафақаларни тўлаш тизими самарадорлигини ошириш ҳамда мазкур йўналишда соғлом рақобат муҳити ва замонавий стандартларни жорий этиш назарда тутади.
Қарорда қуйидагилар назарда тутилган:
2022 йил 1 январдан бошлаб пенсия, нафақа ва бошқа тўловларни аҳолига етказиб бериш ҳар 3 йилда худудларда алоҳида тендер асосида танланган тижорат банки ёки бошқа ихтисослашган ташкилот томонидан амалга оширилади.
Тендер танловида пенсия ва нафақа олувчиларга энг яхши ва қулай шароит ҳамда арзонроқ хизмат ҳақи таклиф этган тижорат банки ёки бошқа ихтисослашган ташкилот ғолиб деб белгиланади. Яъни, ушбу йўналишда соғлом рақобат муҳити яратилади ҳамда тижорат банклари ўртасида фуқароларга пенсия ва нафақаларни етказишда шароитларни яхшилаш учун ҳаракатни рағбатлантиради.
Тендерда иштирок этадиган тижорат банки томонидан хизмат ҳақи миқдори тўловларни яшаш манзилига ёки маҳалла фуқаролар йиғини биносига етказиш шартларидан келиб чиқиб, дифференциялашган тартибда сумманинг 1 фоизигача белгилаш мумкин.
Шуни таъкидлаш лозимки, пенсия ва нафақаларни фуқароларга етказиб бериш бўйича хизмат ҳақи харажатлари Пенсия жамғармаси ва республика бюджетидан тўлаб берилади. Яъни, фуқароларнинг пенсия ва нафақа суммасидан хизмат ҳақи ушланмайди (пенсия ва нафақа миқдорига таъсир этмайди).
Бундан ташқари ушбу тизимнинг жорий этилиши натижасида фуқароларга қуйидаги қўшимча қулайликлар яратилади:
“режали тўлов” хизмати жорий этилиб, фуқаролар хоҳишига кўра ўзларининг пенсия ва нафақаларидан коммунал тўловлари, кредит ёки бошқа тўловларни амалга ошириш имконияти яратилади (бугунги кунда ушбу тўловларни амалга ошириш учун фуқаролар пенсияни етказиш санасини кутишга мажбур);
фуқароларга исталган вақтда тижорат банки ва Пенсия жамғармасига келмаган ҳолда мобиль илова ёрдамида ёки “Call center”га мурожаат қилиш орқали ўзларининг пенсия ва нафақалари олиш шаклини (нақд пулда ёки банк картаси орқали) ўзгартириш имконияти яратилади (бугунги кунда ариза билан тижорат банки ва Пенсия жамғармасига ёзма мурожаат қилиши керак ҳамда тўлов шакли кейинги ойдан ўзгартирилади).
Пенсия ва нафақаларни етказиб бериш бўйича кўрсатилган хизматларни фуқаролар томонидан баҳолаб бориш тизими жорий этилиб, тижорат банклари томонидан тўловлар кечиктирилганлиги учун жарима тўлаш тартиби татбиқ этилади (бугунги кунда тўловларнинг кечиктирилгани учун ҳеч қандай жавобарлик белгиланмаган).
2022 йил 1 июлдан бошлаб:
а) меҳнат стажи, иш ҳақи, олийгоҳда ўқиганлиги ва ҳарбий хизмат даври маълумотлари Пенсия жамғармасининг дастурий таъминоти билан боғланган ҳолда “Ягона миллий меҳнат тизими” орқали электрон тарзда олинади.
б) давлат пенсияларини тайинлаш учун фуқаролардан фақат паспорт ёки идентификация ID-картаси талаб этилади.
Келгусида фуқароларга пенсия бўлимларига келмасдан уларнинг электрон мурожаатлари асосида пенсия тайинлаш имконияти яратилади.
в) давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан меҳнат стажи, иш ҳақи, олийгоҳда ўқиганлиги ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади;
31 та банддан иборат Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланмоқда, унга кўра:
a) вазирлик, идора ва корхоналарда ишлаган собиқ ишчиларни иш ҳақи ва ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги маълумотлари “Ягона меҳнат миллий тизими”да тўлиқ шакллантирилади;
б) оила таркиби, жумладан қариндошлик даражаси (оила таркиби, эр-хотин, ота-она ва фарзандлари) бўйича электрон маълумотлар базаси шакллантирилади;
в) 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар тўғрисида тиббий хулосалар электрон базаси яратилади;
г) чет элга доимий яшаш учун кўчиб кетаётган фуқароларнинг электрон маълумотларини “Пенсия” ахборот тизимига автоматик юбориш механизми жорий этилади.

Ў. Давлатов,
Қумқўрғон туман бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлими бош ҳуқуқшунос маслаҳатчиси