Болаларнинг қувончи

Халқимизнинг ўзига хос фазилатлари кўп. Миллий урф-одатларимиз ва анъаналаримиз ичида катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилиш одатимиз ҳар доим аҳамиятли, сайқал топаверади. Чунки бизнинг ота-боболаримиз бошқа халқларда учрамайдиган эзгу жиҳатлари билан авлодларига ўрнак кўрсатмоқда. Шулардан бири ота-оналар, ёши улуғлар болаларни эъзозлаб, атрофида парвона бўлиб, комил инсон сифатида вояга етказиш учун ғамхўрлик қилаяпти.
Уларни намунали тарбиялаяпти. Бундай эзгу ишларнинг натижаси кексайганида шу болалардан яхшиликлар қайтмоқда. Яхши тарбияланган ўғил-қизлар улғайгач ота-онасига, ёши улуғ инсонларга ғамхўрлик қилаяпти. Атрофида парвона бўлиб, қувонч-у ташвишларида бирга. Шу жиҳатдан 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунини нишонлаш юртдошларимизга жуда ярашади. Буни тўғри англаб, фаолият юритаётганлар элимизнинг назарига тушиб ва ҳурматга лойиқ бўлаяпти.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Қумқўрғон туман ўқув спорт техника клуби спортнинг техник ва амалий турлари бўйича 2021 йилдаги тадбирлари календарь режасига асосан 1 июнь – “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни”га бағишланган мусобақасини бажарди. 28 май куни “Ҳаво милтиғидан ўқ отиш” спорт тури бўйича мактаб ўқувчи ёшлар ўртасида туман биринчилигини ўтказди. Мусобақада туман халқ таълими бўлимига қарашли 1, 2, 3, 4, 11, 23, 24, 27, 33, 42, 76, 86-сонли умумтаълим мактаби ўқувчи спортчилари иштирок этди. Устозлар ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳаво милтиғидан ўқ отиш кўникмасини ошириш, мерганларнинг янги авлодини тарбиялаш учун маҳоратларини кўрсатди. Ўқувчилар ҳаво милтиғидан ўқ отиш, нишонга олиш, керакли балларни тўплаш машқларини бажарди.
Учрашув натижасига кўра фахрли ўринларни эгаллаганлар аниқланди. Ўғил болалар ўртасида 33-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Усанов Фаррух фахрли биринчи ўринни, 4-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Узоқбердиев Жалол фахрли иккинчи ўринни, 33-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Абдураимов Абдумутал фахрли учинчи ўринни эгаллади. Қиз болалар ўртасида ҳам энг яхши натижаларни қайд этган ўқувчилар аниқланди. Бунда 4-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Қиличева Садбара фахрли биринчи ўринни, 33-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Пардаева Гулноза фахрли иккинчи ўринни, 27-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Усмонова Райҳон фахрли учинчи ўринни банд этди. Тадбир якунида МК “Ватанпарвар” ташкилоти Қумқўрғон туман ўқув спорт техника клубининг мутахассислари фахрли ўринларни эгаллаган ўқувчиларни диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирлади.

О. ЖУМАЕВ,
“Ватанпарвар” ташкилоти Қумқўрғон ЎСТК бошлиғи в. в. б