Янги уйлар-янги орзулар

Туманимизнинг янада обод, халқимиз ҳаёти бундан-да фаровон бўлишида, ҳеч шубҳасиз, туманимизнинг меҳнаткаш аҳолисининг ўрни ва аҳамияти катта. Нега деганда, турмушимиз тўкислиги туманимиз аҳлининг фидокорона меҳнати, аниқроғи, улар томонидан етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва ноз-у неъматлар билан бевосита боғлиқ.
Шу боис миришкорлар учун қулай турмуш муҳитини шакллантириш, хусусан, маҳаллаларимизнинг замонавий қиёфасини яратиш, маҳаллий аҳолининг турмуш даражасини жаҳон андозалари талабларига мослаштириш, уларнинг манфаатларини тўлиқ таъминлашга қаратилган ислоҳотлар давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Натижада маҳаллаларимиз янада файзли гўшаларга айланиб, қишлоқ билан шаҳар ўртасидаги тафовут тобора камайиб бораётир.
Гап шундаки, янгиланган намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган арзон турар жойларнинг дастлабкилари яқинда ўз соҳибларига топширилди. Пировардида кўплаб эҳтиёжманд оилалар шахсий уй-жойига эга бўлиб, шоду хуррамликда яшамоқдалар.
Куни кеча “Дўстлик” маҳалласида замонавий шарт-шароитларга эга бўлган “Сурхон саноат қурилиш”” компанияси таркибидаги “Гигант сифат қурувчи” МЧЖ томонидан қурилган 5 қаватли уйлар, 2 ва 3 хонали бўлиб, 80 та хонадонни ўз ичига олган. Очилиш тадбирида туман ҳокими Р. Гаппаров иштирок этиб, хонадон эгаларини табриклаб, фақат хурсандчилик кунлари ёр бўлишини билдириб қолди. Сектор раҳбарлари ҳамда мутасаддилар иштирокида хонадонларда яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб чиқишди.
Арзон уй-жойларнинг қурилиши кўплаб оилаларнинг ташвишини камайтиришга хизмат қилмоқда. Сабаби, уларга аҳоли эҳтиёжлари ва харид қобилиятини ҳисобга олган ҳолда, арзон нархларда таклиф қилинаяпти. Бу – катта ғамхўрлик. Масалан, оилалар сони катталашгач, бир хонали уй торлик қилиб қолади. Имтиёзли кредит эвазига ушбу арзон уйлардан -2-3 хоналисини сотиб олишмоқда. Шинамгина, ҳамма шароит муҳайё.
Сайёра Исмоилова ёш оила вакиллари тариқасида айнан шинам уй-жойнинг бахтиёр соҳибасига айланди.
– Бу уй оиламиз учун зўр туҳфа бўлди, — дейди С. Исмоилова. Ота-оналаримизнинг қувонганини айтмайсизми?! Фарзандларимнинг севинчи ичига сиғмаяпти. Қисқаси, хурсандчилигимизнинг чегараси йўқ.
Таъкидлаш керакки, истиқлол эпкини юртимизнинг олис ҳудудларига ҳам янги ҳаво олиб кирди. Қишлоқ одамлари меҳнатдан ортиб, яшаш шароитини яхшилашга, пишиқ ғиштдан уйлар солишга имкон топа бошлади. Сирасини айтганда, одамларнинг тафаккуридаги ўзгаришлар ҳаётга ўзгача нигоҳ билан боқишга ундамоқда.
Албатта, бугунги кунда ҳамманинг ҳам мустақил равишда замонавий уйлар тиклашга қурби етмас. Аммо, бу борада халқ манфаатини ўйлаб яратилган пухта механизм мамлакатимизнинг ҳар бир фуқаросига замон талабларига мос уйлар соҳиби бўлиш имконини берди.
Янгиланган намунавий лойиҳалар асосидаги турар жойлар тайёр ҳолда топширилади. Уй-жойларнинг узоқ муддатга имтиёзли кредитлар асосида берилиши ҳамда кредит қайтарилишига қадар имтиёзли давр белгиланиши аҳолига кўрсатилаётган ғамхўрликнинг юксак намунасидир.
Қисқа давр ичида қурилиш ишлари якунланиб, яқинда уйларнинг калити тантанали равишда топширилди. Очиғи, ўзингиз мустақил равишда бундай уй-жойни тиклашингиз учун бир неча йил вақт сарфланишига тўғри келар эди.
Ўзбекона урф-одатларимизга асосан туман ҳокими Р. Гаппаров ушбу кўп қаватли уйни бунёд этган қурувчига миллий тўнимизни кийгизди. Бир пиёла чой устида нуронийлар томонидан Қуръон тиловат қилинди.
Райҳон МЕНГЗИЯЕВА