ЭЛГА ХИЗМАТ – ОЛИЙ ҲИММАТ

Ҳозир тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш йўналишида ўз ишхонасини очмоқчи бўлган инсонларга кенг йўл очилган. Ўрта ва кичик бизнес йўналишида ишлашни хоҳловчилар банкдан имтиёзли кредит олиб, замонавий технология харид қилиш имкониятига эга. Буни тўғри тушунган тадбиркор Абдусамат Қобилов ўзи, оиласи ва аҳоли учун фойдали ишнинг бошидан тутди. “Рустамбек Шерзодбек” хусусий корхонасига қарашли қолипли нон ишлаб чиқариш цехини очди. Банкдан олган кредити ҳисобига Хитойда ишлаб чиқарилган қолипли нон тайёрлаш технологиясини олиб келиб ўрнатди. Оилавий корхонани бунёд этди. Турмуш ўртоғи Дилфуза Қобилова ва қизи Малоҳат Сатторовани иш билан таъминлади. Нонвойлар Шўрчидаги ун ишлаб чиқарувчи комбинати унидан сифатли ва тўйимли қолипли, буханка нон маҳсулотини ишлаб чиқармоқда. Оилавий цех ишчилари аллақачон мижозларнинг ҳурматига сазовор бўлди. Улар бир тайёрлашда 100 дона нонни пишириб, аҳолига арзон нархда сотаяпти. Аҳолининг эҳтиёжига қараб бир кунда 3-4 марта печда иссиқ нонларни пишираяпти. Топаётган даромади ҳисобидан банкдан олган кредит тўловини амалга ошираяпти.

Н. МУҲАММАДИЕВ