Наврўз маданият ва истироҳат боғи иссиқ об-ҳаво шароитида аҳолининг мароқли дам олиши учун қулай. Улкан чинорлар, арчалар, сосна дарахтлари, яшил табиат атрофга салқинлик ва нафосат бағишлаяпти. Катта-ю кичик туман ҳокимлиги, ташкилотлар яратган бу беминнат қулайликлардан фойдаланиб хурсанд бўлмоқда. Ўтказилаётган турли хил маданий, маънавий-маърифий тадбирлар уларнинг кўнгилдагидек дам олишига хизмат қилаяпти. Кичик ёшдаги болалар учун ҳам замонавий шарт-шароитлар яратилган. Шунинг учун бу ерда болаларнинг шўх кулгилари, жарангли овози эшитилиб барчани хушнуд этаяпти. Аттракционларда учаётган болаларнинг қувончи чексиз. Улар пўлат изли эшелон ва вагонларда, учқур тулпорларда, ракеталар ва ҳаракатланувчи табиат мўъжизаларида қувнаб учмоқда. Ўсмирлар ҳалгинчакларда парвоз қилиб вақтини чоғ ўтказаяпти. Салқин ичимликлар, ширинликлар барчанинг яхши дам олиши учун сотилаяпти.
Н. МУҲАММАДИЕВ