Мамлакатимизда таълим тизимини комплекс ривожлантириш, фарзандларимизнинг чуқур билим олишлари, фанларни пухта ўзлаштиришлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ислоҳотлар самараси ўлароқ, соҳада кўплаб ижобий ўзгаришлар кузатиляпти. Бироқ, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар ҳам борки, улар ҳақида очиқ-ойдин гапирмаслик, ҳал этиш йўллари хусусида бош қотирмаслик мумкин эмас. Негаки, таълим-тарбия бевосита мамлакат келажаги, миллат тақдирига дахлдор ўта масъулиятли масаладир.
Дарҳақиқат, мактаблар “дунё иморатлари ичида энг улуғи” бўлиши, фарзандларимизнинг чуқур ва пухта билим олишлари учун барча шароитлар яратиб берилиши лозим. Умид билан экилган, меҳр билан парваришланган ниҳоллар эса забардаст чинорларга айланиши, эл-юрт корига яраши шубҳасиз.Тумандаги 13-сонли умумтаълим мактабида 905 нафар, 54-сонли умумтаълим мактабида 357 нафар ўқувчи таълим олади. Таълим бериш жараёнида албатта кўплаб мактабларда камчиликлар топилади. Ўқувчиларнинг тартиб-интизомида, ўқитувчи томонидан юритиладиган ҳужжатларда хатоликлар бўлади. Ҳар бир бола жаҳон андозалари асосида илм олишга ҳақли. Мактаб ҳар бир ўқувчи учун уйидай қадрдон ва шинам бўлиши керак. Шунда у ҳар бир ўғил-қизни оҳанрабодай ўзига тортиб туради. Бу, албатта, ёшларда билим олиш иштиёқини кучайтиради, фанларга қизиқишни оширади. Аммо, ўрганишлар ҳали ҳамма жойда бунга эришилмаганини кўрсатмоқда.13-сонли ва 54-сонли умумтаълим мактабларининг ҳожатхоналари қаровсиз ҳолатга келиб қолган. Мактаб директорлари Ў. Холиқов ҳамда М.Бозоровлар ушбу ҳолатга бир неча маротаба огоҳлантиришларга қарамасдан масъулиятсизлик билан ёндошишмоқда. Ҳар бир ўқитувчи ва ўқувчининг таъбини хира қиладиган ҳожатхонадан мажбурликдан фойдаланиб келишмоқда. Янгисини қуришнинг имкони бўлмаса эски бўлса ҳам ушбу ҳожатхонани таъмирлатиб, оқлаб, саришта қилиб қўйса ҳам бўлади. Бунга озгина эътибор ва ҳаракат бўлса кифоя. Ё умумтаълим мактабларининг директорлари мактаб ҳовлисини умуман кўздан кечиришмайдими, фақатгина хоналарига кириб ўтириб, яна хонасидан чиқиб кетишадими? Ўзлари шу аҳволдаги ҳожатхонадан фойдаланишган бўлар эдими? Ахир таълим олаётган ўқувчилар фарзандларидек гапку. Қайси ота ўз фарзандига шундай ҳолатни раво кўради. Ҳеч бўлмаса ота-оналардан, четдан келадиган меҳмонлардан уялишмайдими? Менга нима қизиғи бор, бир куним ўтса бўлди,-деган замонлар ортда қолганини, ҳар бир ўтаётган дақиқамиз қадрли бўлишини ҳис қиладиган кунлар келмадимикан? Тозалик, саранжомлик бор жойда албатта барака бўлади. Мактабларни файзли қилиш Сизларнинг қўлингиздалигини унутманг, ҳурматли мактаб директорлари.
Р. Менгзияева