“ЁШЛАР ХИЁБОНИ” МИЖОЗЛАРНИ КУТМОҚДА

“Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон” темир йўлининг бунёд этилиши Қумқўрғон шаҳрининг янгича кўринишга келтирилиши, қулайликларнинг тури ва сифати оширилишига олиб келди. Чунки “Жануб гавҳари” деб аталаётган вилоятимизга темир йўл хизматидан фойдаланиш учун кўп йўловчи ва юк поездлари келади. Улар айнан Қумқўрғон темир йўл вокзалидан ўтади. Меҳмонлар ва туман ёшлари учун вокзал ҳудудида “Ёшлар хиёбони” қурилганлиги бўш вақтларини мазмунли ўтказиб, дам олишларига хизмат қилиш назарда тутилган.

Ҳозир “Ёшлар хиёбони”га келган одамлар бу ерда яратилган шароитларни кўриб қувонади. Чунки бири-биридан чиройли дўконлар, 200 туп дарахтлар, жайронлар, товуслар, Бухоро буғиси, оқ қушлар тасвирланган ҳайкаллар, хумлар, ўтириш учун ўриндиқлар, улкан соат гўзал манзара касб этган. Компьютер хизматлари, ширин ичимликлар, музқаймоқ, гамбургер сотиш амалга оширилаётган жойларда ёшлар гавжум. Улар иссиқ об-ҳаво шароитида салқин жойда мазмунли дам олмоқда. Ҳали бу ерда хизмат турларини ошириш имкониятлар кўп.

Н. МУҲАММАДИЕВ