Деҳқон бозорида учраётган муаммолар ечими нимада?

Маълумотларга кўра, бугунги кунда деҳқон бозорларининг аксар қисмида хавфсизлик чоралари, хусусан, бино ва иншоотларда ёнғин хавфсизлиги талаблари, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари тўлиқ инобатга олинмаган ҳолатда қолмоқда. Шунингдек, автомобиль тўхташ жойларининг етишмаслиги каби ҳолатлар сотувчи ва харидорлар учун бир қатор ноқулайликлар туғдирмоқда.
Туманимизда янгидан қад ростлаган, замонавий типда қурилган деҳқон бозорининг ишга туширилганига кўп вақт бўлмади. Янги барпо этилган деҳқон бозорида сотувчилар учун барча шароитлар яратилган. Бироқ бозор маъмурияти томонидан савдо қилинадиган расталарга мутлақо эътибор қаратилмаяпди. Озиқ-овқат маҳсулотлари, мева-сабзавот маҳсулотлари, нон, қандолатчилик маҳсулотлари, қуруқ мевалар, гўшт расталари тартиб билан тақсимланмаган. Картошка, пиёз билан ёнма-ён нон маҳсулотлари ҳам сотилмоқда. Сут маҳсулотлари, тухум ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари растасига қўйилган. Устига дока ёпилмаган, охирида кўплаб расталар бўш ётибди. Бироқ, бозорнинг ичида ерда савдо қилмоқда. “Оқсой” буюм бозори яқин бўлсада деҳқон бозорида кийим-кечак маҳсулотлари сотувга қўйилган. Бозорнинг ташқарисида кўчатлар, мева-сабзавотлар, озиқ-овқат маҳсулотлари тартибсиз, йўловчиларнинг ҳамда бозор ичига келаётган ҳайдовчиларнинг автомобилда ҳаракатланишларига ҳалақит қилишмоқда. Автошоҳбекатдан бозоргача бўлган пиёдалар учун мўлжалланган йўлакчада сотувчилар тартибсиз савдо қилишмоқда. Хунук манзарани ҳосил қилишган. Тумандаги давлат солиқ инспекциясидаги масъул ходимлар нима сабабдан бу манзарага кўз юмушмоқда? Бозор маъмурияти ҳам ушбу сотувчиларга ҳеч қандай чора кўришмаяпди? Сотувчилар билан тушунтириш ишлари етарли даражада олиб борилмаяпди. Ахир туманимизга келган меҳмонлар бозорларимиздаги ҳолатга қараб баҳо беради. Ўз ишингизга масъулият билан ёндошишларингизни сўраб қоламиз.
Райҳон Менгзияева