Ёш истеъдодларга маслаҳатлар

Истеъдод инсоннинг ўзида бўлади. Бунда ички қобилияти мунтазам ривожланиб, қизиққан соҳасига доир фаолиятни намоён қилади. Туғма истеъдод деб бекорга айтмайдилар. Чунки, истеъдод бола билан бирга дунёга келади. У умри давомида ижод қилиш истагини қондириб яшайди. Бадиий адабиётга қизиқувчи истеъдодлар адабий жанрларда асарлар ёзади. Улар орасида шеър ёзадиганлар ҳам кўп. Шеър тузилишларини пухта ўрганиб, танлаган мавзусини шу талабларга амал қилган ҳолда мазмунли ёзган истеъдод эгаси шоир деган улуғ номга муносиб бўлади.
Ёш истеъдодларга ижод йўли ҳақида мулоҳазаларни ўргатиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Улар ижодкорлардан ибрат олиб, адабиёт назарияси ва шеърларни ўқиб, ўрганса, ижод қилса истеъдоди шаклланади. Зарур китобларни ўқиб, билимларини оширган, мукаммал шеърлар ёзган ижодкорларнинг асарларини китобхонлар мароқ билан ўқийди. Устознинг ҳаётий тажрибаларини ўрганиб истеъдод шаклланса яхши асарлар ёзади. Истеъдодга илҳом келса асар ёзади деган гап тўғри. Илҳом хурсандчилик пайти, хафа бўлганда ва ташқи куч – илҳомлантирувчининг таъсирида келиб, ижодкор асар яратади. “Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомда йўрғалар” деган гапда маъно кўп. Устозлардан ўрганиб, уларнинг айтганларига амал қилган шогирднинг истеъдод маҳсули мазмунли бўлади. Омма орасида яхши тарқалиб, обрўси ошади.
Бир шоирнинг йиллар давомидаги ижодий фаолияти ёшлар учун ўрнак олишга арзигулик. Орзуимдаги олий таълим йўналишига ўқишга киргач айни муддао бўлди. “Адабиётшуносликка кириш” фанидан шеъриятнинг тузилишини пухта ўргандим. Дарсдан бўш вақтларида адабий учрашувларда қатнашдим. Умидли ва таниқли шоирларнинг шеърларини тинглаб, уларга ўхшаб яхши шеърлар ёзишга интилдим. Таниқли шоирлар билан суҳбатлашиб, асарларини ўқиб, қобилиятим ўсди. Ёшлар ижоди билан мунтазам танишиб, ўзимга керакли хулосаларни олдим. Асарларимни матбуотда нашр этишга шошилмай, маҳоратим ўсгунча кутдим. Вақт етгач шеърларимни шеърият мухлисларига ҳавола қилиш учун муҳарририятларга топширдим. Ўзбекистон телевидениесида шоир Икром Отамуродовнинг кўрсатув учун топширган шеърларини ўқиб илҳомим келди. Шоирнинг шеъридан икки мисрани эпиграф сифатида олиб “Кел” сарлавҳали шеър ёздим. Ёз фаслида бу шеър ёшларнинг газетасида нашр этилди. Тенгдошим, шоир Салим Ашуров газетанинг шу сонини телевидениенинг олдига олиб келиб менга кўрсатганида чексиз қувонгандим. Гўё жисмимнинг ички аъзоларида яширин мурувват ишга тушгандек бўлди.  1989 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ҳаваскор қаламкаш талабалар” кўрик-танловини ўтказди. Мен шеърларимни ёзув машинкасида босма ҳарфларда ёзиб, икки папкага солиб, ҳайъат аъзоларига топширдим. Кўрик-танлов мен учун муваффақиятли ўтди. Шеърларим ичида таниқли шоир ва унинг маслакдошларига маъқул келадигани бор экан. Шеърларимни республика оммавий ахборот воситаларида нашр этишга рухсат беришди. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида Республика ёзувчилар уюшмасининг ёшлар билан ишлаш шуъбаси раҳбари, шоир Азим Суюннинг “Ёшлар овози” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Мақолада кўрик-танлов якунлари ва унда ғолиб бўлган ёш ижодкорлар халқимизга таништирилди. Унда менинг исмим, фамилиям ёзилганидан жуда мамнун бўлдим. Шундан сўнг талабалар шаҳарчасидаги ётоқхонамизда Наврўз – умумхалқ байрами муносабати билан дастурхон ёзилган куни моҳир шоир Абдумажид Азимов келди. Таниқли олим, адабиётшунос, матбуот назарияси билимдони, меҳрибон устоз Сайди Умиров билан учрашиб, мен билан самимий суҳбатлашди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси таниқли, маҳоратли шоирлар Икром Отамуродов ва Абдумажид Азимовни бизга устоз сифатида бириктирибди. Улар мавзуларни ҳаққоний ёзиш, ўзбек адабиётини ривожлантириш ҳақида шоирона маслаҳатларини айтишди.
Ёшлигимда шеърий китобларни кўп ўқиганим боис шоирларнинг исми, фамилиясини, шеър ёзиш услубини, сўз бойлигини яхши билардим. Шоир Нормурод Нарзуллаев шеърларида сўзлар авайлаб, эҳтиёткор қўлланилганлигини сезардим. Орадан анча вақт ўтгач, бир куни шоир 50 ёшга тўлганида Ўзбекистон радиосида раис ўринбосари қабулхонасида учрашиб қолдик. Фурсатдан фойдаланиб ўзимни қизиқтирган саволни айтдим: “Сиз шеърларингизда сўзларни жуда эҳтиёткор қўллагансиз, бунинг сабаби нимада?”  Хушчақчақ шоир кулиб “Биз ҳам сизлардек ёшда эдик. Кўп тенгдошларим шоир бўлишни хоҳларди. Жуда озчилик бу ёшга етиб келди” деди. Бу гапда маъно жуда кўп эди. Сўзнинг масъулиятни ҳис этган ҳолда қўллаш зарурияти шоир маҳоратини, боқийлигини оширган. Бу барча учун ибрат мактаби, маҳорат сабоғи бўлади. Узоқ йиллик ижодий фаолиятим даврида тўплаган тажрибаларим ёш истеъдодларни камолга етказишда асқотади деб ўйлайман. Улар ижодий камолот сари одимлар экан, аввал улғайган истеъдодларнинг ижод пиллапояларидан юқорига кўтарилиши ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини ўрганиш қўл келади. Мен бошимдан ўтказган ижодий фаолиятим ҳақида ёзишдан мақсадим бадиий адабиётга қизиқиши ва қобилияти сезилаётган, шеърлар ёзиб шоир бўламан, – деб ўйлаётган ёшларга тўғри йўл кўрсатишдан иборат.
             Нурмуҳаммад
                МУҲАММАДИЕВ