Диний екстремизм балоси

Ҳар қандай экстремистик ва террористик фаолиятнинг мақсади ўзгалар устидан ҳукмронликка ёки мавжуд сиёсий-мафкуравий, ижтимоий-иқтисодий тартиботга қарши зўравонлик, даҳшат солиш, жисмоний куч ишлатиш орқали ўзларининг ғаразли мақсадларига эришишдан иборатдир. Шунинг учун ҳам экстремизм ва терроризм бутун жаҳон халқлари томонидан қораланмоқда.
Бузғунчи ғояларга асосланган халқаро терроризм ва унинг ҳар қандай кўриниши кишилик жамиятининг ўтмишида ҳам, бугунида ҳам халқлар бошига оғир кулфатлар ёғдирмоқда. Ҳар йили унинг тажовузидан 100 мингдан ортиқ бегуноҳ кишилар қурбон бўлмоқда, жамият ривожланиши, айрим давлатлар, минтақалар ва инсоният цивилизациясининг тараққиётига жиддий таҳдид солмоқда ва мудҳиш оқибатлар келтириб чиқармоқда.
Дунё бўйича қурол савдосининг ўсиши, тарқалиши ҳам экстремизм ва терроризмнинг жаҳон миқёсида кенг кўламда авж олишига сабаб бўлмоқда.
Дунё миқёсида халқаро терроризм авж олишининг яна бир сабаби, наркобизнесдир.
Наркобизнес ҳам халқаро терроризм билан эгизакдир, ундан манфаатдордир ва уни юзага келтирувчи омиллардан биридир. Терроризмнинг амал қилган тамойили аҳоли ўртасида вақти-вақти билан “қўрқинч инстинкти”ни юзага келтириш ва шу асосда ўзининг ғаразли мақсадларига эришишдир.
Терроризм ҳар қандай кўринишида у ўзи олдига қандай мақсадни қўйган бўлмасин ва қандай ижтимоий-сиёсий муаммолар билан боғлиқ бўлмасин, бузғунчилик ғоясига асосланади. Унинг оқибатида бегуноҳ одамлар қурбон бўлишади, моддий ва маънавий бойликлар вайрон қилинади.
Террорчилик ҳаракатлари оқибатида етказилган маънавий ва моддий талофатларнинг адоғига етиб бўлмайди. Моддий талофатларнинг вақти-соати келиб, ўрни қопланар. Бироқ, маънавий зиённинг акс- садоси асрлар оша ўчмаслиги муқаррар.
Ислом динига эътиқод қилувчи Ўрта Осиё халқлари асрлар оша бошқа дин вакиллари билан аҳил яшаб, оламшумул кашфиётлар қилиш ва умумжаҳон тамаддунига беназир ҳисса қўшиш бахтига муяссар бўлмоқдалар. Бошқача айтганда, динлараро бағрикенглик, уйғунлик бунёдкорликнинг қудратли манбаи эканлигини амалда исботлаб келмоқдалар.
Марказий Осиё минтақасида ҳозирги кунда фаолияти кузатилаётган диний экстремистик гуруҳлар қаторига “Ўзбекистон Туркистон ислом ҳаракати” (ЎИҲ), “Ислом жиҳоди гуруҳи”, “Ҳизбут таҳрир”, “Акромийлар”, “Нурчилар” ва “Таблиғчилар” киради.
Бу ташкилотлар кўплаб жиноий ҳаракатларни содир қилишди. Уларнинг фаолияти қонли тўқнашувларга, бегуноҳ фуқароларнинг нобуд бўлишига олиб борди.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, шунингдек жойлардаги диний вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг диний-экстремистик ташкилотлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олишда ўқув муассасалари, ташкилот ва маҳалла йиғинларида ўтказиладиган маърифий тадбирларда ёшларни илмли, кенг дунёқарашли, ватанпарвар шахс қилиб тарбиялашга алоҳида урғу бериш, диний-экстремизм тарафдорлари тарқатаётган ғояларнинг аслида ислом таълимотига зид экани ва сиёсий мақсадларга йўналтирилганини аниқ далиллар билан исботлаб бериш мақсадга мувофиқ.

Д. Худойқулова,
Қумқўрғон туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси