Осмони мусаффо, турмуши фаровон юртга байрамлар, хурсандчиликлар ярашади. Шу боис юртдошларимиз орасида ана шундай дориламон кунлар учун шукроналар айтиш, эҳтиёжмандларга ёрдам бериш, кексаларни эъзозлаш, беморлар ҳолидан хабар олиб, уларга далда бўлиш эзгу анъанага айланган.
Халқимизга хос бундай ҳислатлар Рамазон ҳайити муносабати билан жойларда ўтказилган тадбирларда яққол намоён бўлди. Муҳтарам Президентимизнинг “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ушбу айёмнинг янада кўтаринки руҳда ташкил этилиб, халқимиз маънавий ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини юксалтиришга хизмат қилди.
Жумладан, Сурхондарё вилоятида ҳам муборак Рамазон ҳайити уюшқоқлик билан ўтказилди. Байрам арафасида уюштирилган хайрия ҳашарида муқаддас қадамжолар, тарихий обидалар, маҳалла, гузар ва кўчалар обод қилинди. Кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотган ва ёлғиз кексаларга, шунингдек, Меҳрибонлик, Мурувват ва Саховат уйларига моддий ёрдам кўрсатилди. Қисқача айтганда, Рамазон ҳайити кишиларни қалбан бир-бирларига янада яқинлаштирди. Ёши улуғ кишилар ушбу айёмда юртимизга тинчлик-осудалик, хайру баракот тилаб, дуога қўл очдилар.
Ҳайит байрами Оролбўйининг барча гўшаларида кўтаринки руҳда нишонланди.
Андижон вилоятида ушбу байрамни миллий урф-одат ва анъаналаримизга мос тарзда кутиб олиш бўйича кенг кўламли тадбирлар амалга оширилди. Бу ишга қатор давлат, жамоат ва диний ташкилотлар ўз ҳиссаларини қўшди.
Т. Мухиддинов
Термиз ҳарбий прокурори ёрдамчиси, адлия майори