Баъзи болаларда учрайдиган нутқ нуқсонлари касаллигининг кeлиб чиқиши, даволаш ва олдини олишга қаратилган муолажалар ҳамда ота-оналарга фойдали тавсиялар билан яқиндан таништириб ўтамиз

Нутқ камчилиги ўз-ўзидан барҳам топмайди, балки вақт ўтган сари янада мустаҳкамланиб, зўрайиб боради. Нутқ камчилигига эга кишилар логопeдик ёрдамга муҳтож бўладилар. Оғир нутқ камчиликлари боланинг нафақат нутқига, балки унинг умумий ривожланишига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Шунинг учун нутқ нуқсонлари касаллигини даволаш ва олдини олиш йўллари ҳақида Қумқўрғон туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси логопeди Неъмат Чориев билан суҳбатлашдик.
Нутқ нуқсонларининг келиб чиқиш сабаблари асосан нимадан иборат?
– Мутахассислар нутқнинг ўз вақтида ривожланмаслиги ёки кескин секинлашувининг сабаблари жуда кўп эканлигини аниқлашган.
1.Ҳомиладорлик даври (перинатал даври);
2.Туғруқ даври (натал даври);
3.Туғруқдан кейинги давр (постнатал давр).
1. Ҳомиладорлик даврида турли хил касалликларни бошдан кечириш, турли хил инфекциялар, интоксикация, ҳомила токсикози, гепоксия ёки кислород йўқотиш, қон босимининг ошиши, ҳомиладор аёл ва ҳомила қон гуруҳининг мос келмаслиги. Ҳомиладорлик пайтида сигарет, алькоголь ва гиёҳвандлик моддаларини истеъмол килиш, ўз-ўзини даволаш, яъни айрим дори-дармонларни қабул қилиш. Ҳомиладорнинг ҳомила учун хавфли бўлган жойларда ишлаши (радиация).
2. Туғруқ даврида акушерлик патологиялари яъни, тос суягининг кичкиналиги, ҳомиланинг киндик ўқига ўралиши. Туғруқдан олдин сув кетиши, ҳомиланинг нотўғри жойлашиши, туғруқ жараёнида бош миянинг жароҳатланиши, туҳғруқ жараёнидаги асфикция натижасида боланинг кўкариб туғилиши.
3. Туғруқдан кейинги давр – 1 ёшдан 3 ёшгача бўлган даврда бош миядан турли хил жароҳатларни олиш, бош миядаги инфекциялар, турли хил юқумли касалликлар сабабли юзага келади.

Нутқ нуқсонлари қандай мезонлар асосида текширилади?

1. Гугулаш даври (3 ойликдан)
2. 1 ёш 6 ойликда 10-15 та сўз.
3. 2 ёшда 300 та сўз.
3. 3 ёшда 1000 та сўз.
4. 6-7 ёшга келиб 4000 дан 5000 гача сўз луғат бойлигида бўлиши лозим.
Нутқ нуқсонларини бартараф этиш йўллари ҳақида тўхталиб ўтсангиз?
1. Артикулция, нафас, майда қўл мускулларини ривожлантирувчи машқлар.
2. Логомассаж (нуқтали , бўшаштирувчи, тетиклаштирувчи массаж)
3. Муаммоли товушни нутққа қўйиш (тақлид ва механик усулида)
4. Нутқни ривожлантирувчи дидактик ўйинлар.
Логопед тавсиялари
Боланинг нутқи кечикаётганини ёки товушларни нотўғри талаффуз қилаётганини, дудуқланаётганини сезганингиз заҳоти мутахассисларга мурожаат қилишингиз лозим. Қанча эрта мурожаат қилсангиз, нутқ нуқсонлари шунча самарали бартараф этилади.

Райҳон Янгибой қизи
суҳбатлашди