Садоқат билан хизмат қилиш-олий бурчимиз!

Профилактика ишлари таҳлилга асосланиши керак. Ҳар бир ҳуқуқни муҳофаза қилиш органида жиноятчиликнинг жойи ва тури бўйича чуқур маълумот бўлиши, бунинг учун давлат идоралари, жамоат ташкилотлари мунтазам бирга ишлаши зарур.
Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, прокуратура – ҳаммаси халққа хизмат қилиши керак. Шу билан бирга, жамиятда ҳам жаҳолатга қарши маърифат кучли бўлиши лозим. Муҳит шундай бўлиши керакки, ҳеч ким жиноятга қўл ура олмасин.
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Ўзбекистон Республикаси Президенти

Истиқлол йилларида озод ва обод Ватан, эркин ва демократик давлат барпо этиш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинч-осойишта, фаровон, бахтли ва муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш, инсон шаънини қадрлаш борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Халқимизнинг бугуни ва эртасига ишончи мустаҳкамланди, юрт равнақига дахлдорлик, Ватанга елка тутиш, камарбаста бўлиш туйғуси, бунёдкорлик салоҳияти юзага чиқди.
Мамлакатимизда ватанпарвар, юртга садоқат билан хизмат қилаётган инсонларни улуғлаш, ўз салоҳияти, истеъдоди билан Ватанимиз равнақига, унинг халқаро майдондаги обрў-эътибори юксалишига катта ҳисса қўшаётган юртдошларимизнинг меҳнатига муносиб баҳо бериш доимий эътиборда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳар бир ички ишлар органи ходими хизмат жараёнида “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз” концептуал ғоя асосида иш олиб борилаётганлиги алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Шу муносбат билан 2021 йил 17 май куни Қумқўрғон туман Ички ишлар бўлими Маърифат залида “Жаҳолатга қарши маърифат” номли маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Унда туман Маънавият ва маърифат бўлинмаси раҳбари Ш.Мамадиев, туман Ички ишлар бўлими бошлиғининг Тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник Ў. Ишбоев ҳамда шахсий таркиб офицерлари қатнашдилар.
Тадбирда сўз олганлар 2021 йил 3 май куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази ўртасида имзоланган “Ички ишлар вазирлиги тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш истиқболлари” мавзусидаги ўзаро ҳамкорлик Меморандумида назарда тутилган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича қилиниши лозим бўлган ишлар юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Ушбу икки томонлама тузилган меморандум маънавий-маърифий, ҳуқуқий маслаларнинг ечимини топишда, долзарб вазифаларни амалга оширишда йўлчи-юлдуз бўлиб хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди. Таъкидлаб ўтилганидек, жаҳонда юзага келаётган замонавий таҳдидлар ёшларнинг мафкуравий иммунитетини шакллантириш, уларни она Ватанимизга муҳаббат ва садоқат руҳида камол топтиришни тақозо этмоқда.
Айни шу қарор билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун кадрлар тайёрлаб берувчи таълим муассасаларида маънавий ишларнинг таъсирчанлигини ошириш орқали етук малакали, давлат ва халқ манфаатларини ҳар нарсадан устун қўядиган ҳуқуқ тартибот органлари ходимларини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқдалиги қайд этилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчиларни юксак ватанпарварлик руҳида камол топтириш тизимда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг асосий мезони эканлигини таъкидлаб, Ватанга муҳаббат, хизмат қасамёди ва касбига садоқат, фидойилик, ҳалоллик, поклик сингари фазилатлар ҳар бир ходимнинг эътиқодига айланиши лозимлигини айтиб ўтилди. Туман Ички ишлар бўлими ҳамда туман Маънавият ва маърифат бўлинмаси билан маънавий-тарбиявий ишлар бўйича ижодий ҳамкорлик ва ўзаро тажриба алмашишни мустаҳкамлаш, кадрлар тайёрлаш жараёнида эришилаётган илғор ютуқларни оммалаштириш каби муҳим йўналишлар юзасидан тавсиялар ўртага ташланди ва келгусидаги муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Шундан сўнг туман Ички ишлар бўлими шахсий таркиб ходимлари учун ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг ёрқин наъмуналаридан ташкил топган китоб савдо ярмаркаси ташкил этилди.

Ў. Ишбоев,
туман Ички ишлар бўлими бошлиғининг Тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник
Ш. Мамадиев,
туман Маънавият ва маърифат бўлинмаси раҳбари