Ички тартиб қоидаларига ўзгартириш киритилди

Сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар авваломбор, инсон манфаатларини биринчи ўринга қўйиш ҳамда турли ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларга нисбатан кечиримлилик ва инсонпарварлик принципларини қўллашга тўлақонли имконият яратишга қаратилмоқда.
Бу борадаги ишлар самардорлигини оширишда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги ПФ-6034-сон “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони эса дастуруламал бўлди десак муболаға бўлмайди.
Ушбу Фармон ижроси бўйича бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиришларда фуқароларнинг табиий ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган вазифалар устуворлик касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2021 йил 15 апрелдаги 118-сон “Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналарнинг ички тартиб қоидаларига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги буйруғи ҳам шулар жумласидандир.
Мазкур буйруққа асосан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2018 йил 14 августдаги 220-сон буйруғи билан тасдиқланган Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналарнинг ички тартиб қоидаларининг 133-банди ўзгартирилиб, адвокат гувоҳномасини ва ўзининг муайян ишни юритишга бўлган ваколатини тасдиқловчи ордерни кўрсатганда адвокатнинг, маъмурий қамоққа олинган шахснинг қонуний вакили эканлигини ва ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатганда қонуний вакилнинг ҳамда маъмурий қамоққа олинган шахснинг қариндоши ёки бошқа шахс ўзининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатганда қамоққа олинган шахс билан учрашиши мумкинлиги белгиланган.
Ички тартиб қоидаларининг аввалги таҳририда, ҳимоячи сифатида иштирок этаётган яқин қариндоши ёки қонуний вакили — унинг ишда ҳимоячи ёки қонуний вакил сифатида иштирок этишига йўл қўйиш тўғрисида суриштирувчи, терговчининг қарорини ёки суднинг ажримини кўрсатгандаги рухсат берилиши мумкинлиги келтирилган эди.
Шунингдек, киритилган ўзгартиришларга кўра, махсус қабулхонада сайлов участкасини тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси ва «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонуни асосида амалга оширилиши белгиланди.
Бироқ, махсус қабулхона навбатчиси томонидан сменани топшириш-қабул қилиш (камида бир соат ичида) ва маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг овқатланиш (нонушта, тушлик ва кечки овқат) вақтида ҳамда тунги, яъни кеч соат 22.00 дан эрталаб соат 6.00 гача бўлган вақтда, шунингдек шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган, маст ҳолда келган шахсларга учрашув берилмайди.
Бунда, учрашишни рад этиш сабаблари махсус қабулхона ходими томонидан тарафларга тушунтирилиши лозим.
Албатта, қариндошлар ва бошқа шахслар билан учрашувлар махсус қабулхона ходимларининг назорати остида амалга оширилади.
Ҳимоячи, қонуний вакил, қариндошлар ва бошқа шахслар томонидан маъмурий қамоққа олинган шахсларга тақиқланган ашёлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини топширишга уринилган ҳолларда учрашув муддатидан олдин тўхтатиб қўйилади.
Учрашувга келган шахс бу ҳақда учрашув бошланишидан олдин махсус қабулхонанинг масъул ходимлари томонидан огоҳлантирилиши шарт.
Шу каби, махсус қабулхонада тақиқланган ашёлар ва озиқ-овқат маҳсулотларининг рўйхати кенгайтирилиб, фуқароларга барча турдаги ўқотар ва совуқ қуроллар ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёлар, ўқ-дорилар ҳамда инсон ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли ҳамда жиноят қуроли сифатида қўлланилиши мумкин бўлган, саноат усулида ёки қўлбола тарзда ясалган тиғли, кесувчи, учи ўткирланган санчиладиган касбий ва хўжалик-маиший (пичоқ, бигиз, устара (электр устара бундан мустасно), қайчи ва бошқалар) ашёлар олиб кириш ва фойдаланиш мумкин эмаслиги кўрсатилди.
Буларнинг бари махсус қабулхоналарда сақланаётган шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғини асраш, турли хил кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Э. Мусирмонов,
вилоят прокуратураси бўлим прокурори
Ў. Утаев,
туман прокурорининг ёрдамчиси