Банк мижоз учунми ё мижоз банк учун хизмат қиладими…

Муомала маданиятининг йўқолиб
боришига ким айбдор?

Муҳтарам Юртбошимиз Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантириш учун жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан эришиш мумкинлигини кўп бор таъкидлайди.
Банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш департаменти ташаббуси билан “Мижоз билан муомала маданияти ва банк этикаси” мавзусида кўплаб онлайн семинарлар ташкил этилмоқда.
Семинардан кўзланган асосий мақсад, Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни талаблари, Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида “Ижро интизомига амал қилиш Тартиби” ҳамда “Банк ходимининг касб одоб-ахлоқи кодекси” талабларига риоя қилиш, шунингдек банк филиали ва банк хизматлари марказлари мутахассисларига банк стандартлари асосида ходимларнинг муомала маданияти ва этикасига профессионал ёндашишларига эътибор қаратиш ва уларнинг малакавий кўникмаларини оширишдан иборат.
“Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун”,- деган шиор аллақачон барча банкларнинг пештоқини безашга улгурди. Аммо унга барча жойда ҳам бирдек амал қилинаяпти, деб айтиш қийин. Қуйидаги мисол бу фикримизнинг исботи бўла олади.
Банк ходимининг касб одоб-ахлоқ кодекси талабларига тўхталиб, инсон қалбига йўл топилмаса, нафақат банк соҳасида, балки жамият тараққиёти ҳақидаги сўз пучга айланиши шубҳасиздир. Шунингдек, мижозлар билан ўзаро муносабатларни ишонч асосида шартномалар тузган ҳолда ўрнатиш, бунда банк ходимлари мижозлар билан хушмуомала ва эътиборли бўлишлари лозим. Туманимизда банк тизимида фаолият олиб бораётган ходимларнинг мижозлар билан муомала маданиятини қониқарли даражада дея олмайман. Миллий банк Қумқўрғон туман филиалидан очилган пластик картамдан, менинг хабарим бўлмасдан банк ходимлари томонидан пул маблағи ечиб олинганлигини 10 кун муддат ўтгандан кейин,харид қилиш учун дўконга кириб, пул маблағини тўлаш учун пластик картамни узатдим, сотувчининг пластик картангизда пул маблағи йўқ экан,- деган жавобни олганимдан сўнг, хабар топдим. Уй-жой учун ажратилган кредит маблағини ойма-ой тўлаган бўлсамда, пул маблағи бу ой тугамасдан туриб ечиб олинганлиги, нима учун мижознинг бу жараёндан хабари бўлмаслиги, мижознинг аризаси бўлмасада ечиб олинганлиги мени ўйлантирди. Масалага ойдинлик киритиш мақсадида банкнинг пластик бўлими, кредит бўлимидаги ходимлар билан мулоқотда бўлдим. Миллий банкнинг Қумқўрғон туман филиалида фаолият олиб бораётган ходимларнинг уй-жойни биз учун олгансизми, тўлайсизда керак бўлса,-деган қўпол жавобини олдим. Қачонгача банк ходимларининг мижозларга энсаси қотиб жавоб беришига кўз юмиб, кўрсакда, кўрмаганликка олиб, панжа ортидан қараймиз. Қачон ўша банкка иш юзасидан кирсам барча ходимлари мижозларни хушламай қабул қилаётганлигига гувоҳ бўлиб келганман. Гўёки банк мижоз учун эмас, мижозлар банк ходимлари учун хизмат қилаётгандек. Биронта ходимнинг юзида мижозлар билан мулоқот жараёнида табассумни кўрмайсиз. Бирон юмуш билан келган мижозлар ўзларини айбдордек ҳис қилишади. Қишлоқ қурилиш банкнинг Қумқўрғон туман филиалига ҳам кўп бора кирганман. Аммо, бу банкда ишлайдиган ходимлардан тортиб эшик олдида турадиган Миллий гвардия ходимигача мижозларга хушмуомалада бўлишади. Қандай савол беришингиздан қатъий назар мижозларга самимий жавоб оласиз. Банкдан чиқаётганингизда яхши кайфиятда бўласиз. Кўнглингиз хижил бўлмайди. Ё бўлмаса иккита банкнинг ходимлари бошқа-бошқа йўналишда фаолият олиб боришадими? Банк ходимлари учун муомала маданияти кундалик фаолият турига кириши зарур. Муомала маданияти бўлмас экан мижозларнинг мурожаат қилиш зарурати ўз-ўзидан камайиб кетаверади. Бежизга “Яхши гапга илон инидан чиқар”,- деб айтишмаган. Мутасадди ташкилотлардан ушбу ҳолатга эътибор қаратиб, қонун доирасида тегишли чоралар кўришини кутиб қоламиз.
Райҳон МЕНГЗИЯЕВА,
туман Кенгаши депутати