Хабарингиз бор, вилоятимизнинг барча ҳудудларида, жумладан, Қумқўрғон туманида ҳам “Давлат хавфсизлик хизмати Сурхондарё вилоят бошқармаси бошлиғи кубоги” учун “Соғлом миллат, соғлом келажак” шиори остида мини-футбол мусобақаси ўтказилди. Алпомиш стадионида мусобақанинг якуний босқичи бўлиб ўтди. Унда туманимиздаги “Янгиер», “Боболочин”, “Боймоқли” ва “Боғаро” маҳалласида яшовчи ёшлардан иборат жамоалар иштирок этди ва ғолиб бўлган футболчиларга мукофотлар топширилди.
Футбол мусобақаси бошланишидан олдин туман маданият бўлими санъаткорлари томонидан концерт дастури томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. Тадбирни туман Давлат хавфсизлик хизматининг бошлиғи Э.Шеров очиб берди. 1922-сонли ҳарбий қисмнинг жангавор чиқишлари барчага бирдек манзур бўлди. Биринчи ўринни қўлга киритган «Боғаро» маҳалласи жамоасига 10 миллион сўм, иккинчи ўрин совриндорлари «Боболочин» маҳалласи жамоасига 7 миллион сўм, учинчи ўрин соҳиблари «Боймоқли» маҳалласи жамоасига 3 миллион сўм пул мукофотлари ҳамда ўйинчиларга спорт формалари топширилди. Ўйин якунидан сўнг ўйинчилар ҳамда меҳмонлар бир пиёла чойга таклиф қилинди.
Н. МУҲАММАДИЕВ