БОШҚАРМА БОШЛИҒИ КУБОГИ МУСОБАҚАСИ

Спорт мухлислари бир ҳафта давомида яна бир мусобақани қизиқиб томоша қилди. Туманимиздаги 4 та секторда маҳаллалардаги жамоалар мини-футбол бўйича уюшмаган ёшлар ўртасида Давлат хавфсизлик хизмати Сурхондарё вилоят бошқармаси бошлиғи кубоги Қумқўрғон туман босқичи ўйинларида қатнашди. Мусобақанинг саралаш босқичлари мухлисларни қувонтирди. Бағора, Янгиер, Боболочин, Боймоқли маҳаллаларининг уюшмаган ёшлар жамоалари муваффақиятга эришиб финал босқичига чиқди. Алпомиш спорт мажуасида шу муносабат билан спорт байрами ўтказилди. Стадион байрамона безатилди. Ўрол Тўрақулов раҳбарлигидаги “Карнай-сурнай” гуруҳи мусиқа садоларини янгратиб, спорт ва санъат мухлисларини тантанага чорлади. Туман маданият бўлими санъаткорларининг гала концерт дастури барчага хуш кайфият бағишлади. Хушовоз хонандалар Исомиддинжон Маҳкамов, Чорижон Муҳаммадиев, Севара хоним ижро этган дилрабо қўшиқлар диллардан жой олди. “Оқшом” гуруҳи созандаларининг жўшқин кўйлари яхши таассурот қолдирди.

Тантанали тадбирда туман хавфсизлик хизмати бошлиғи Шеров Эргаш Азатович табрик гапини айтди. Ўзбекистон Республикаси чегараларини мустаҳкам қўриқлаётган ҳарбий қисм чегарачилари кўргазмали чиқишларини намойиш қилди. Кичик сержант Маҳмудов “Дик” лақабли хизмат ити билан овозли ва овозсиз ишоралар воситасида машқларни, чегарабузувчини ушлаш жараёнларини амалда кўрсатди. Бир гуруҳ хизматчилар терроризмга қарши кураш, қўл жанги ва қуроллар воситасидаги жанговар усулларни қойилмақом ижро этди.

Шундан сўнг яшил майдонда мини-футбол бўйича финал ўйинлари ўтказилди. “Бағора” маҳалласи футбол жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллаб 8 миллион сўм билан мукофотланди. Фахрли 2 ўриндан жой олган “Боболочин” маҳалласи футболчиларига 7 миллион сўм топширилди. “Боймоқли” маҳалласи жамоаси фахрли учинчи ўринни банд этиб 3 миллион сўм билан тақдирланди.

Н. МУҲАММАДИЕВ