ПИЛЛА ТОПШИРИЛМОҚДА

Қумқўрғон тумани пиллакорлари бу йил 214,3 тонна қимматбаҳо саноат хом-ашёси бўлган пилла маҳсулотини топширишга аҳд қилган. Ҳозир пиллакорлар етиштирган пиллаларини териб, қабул масканига топшираяпти. Кумусгул Жанабаева раислигидаги Қумқўрғон Агро пилла МЧЖ да келтирилган “кумуш тола”ларни қабул қилиш учун етарлича шарт-шароитлар мавжуд. Янги пиллахонада ҳудудлардаги фермер хўжаликлари ва туман агропилладан келтирилаётган ҳосилни ўлчаб, саралаб қайд этиш учун махсус жойлар тайёрланган. Ходимлар пиллакорлар учун қулай бўлиши учун хизмат кўрсатмоқда. С. Бойматов ҳудудидаги Шахобиддин Абдужалолович фермер хўжалиги пиллакорлари туманда биринчи бўлиб йиллик шартнома режасини ошириб бажарди. Режадаги 618 килограмм саноат хом-ашёси ўрнига 619,5 килограмм пилла топшириб зафар маррасидан ошди. Н. Мирзаев ҳудудидан Раҳмонали Шарифжон фермер хўжалиги пиллакорлар улкан хирмон бунёд этди. Улар режадаги 1050 килограмм маҳсулот ўрнига 1104 килограмм “кумуш тола” топшириб маррадан иккинчи бўлиб ўтди. Н. Мирзаев ҳудудидан яна бир пиллачилик гуруҳи Азиза Асал Жасмина фермер хўжалиги аъзолари аҳдига содиқ чиқди. Улар режадаги 800 килограмм ўрнига 807,5 килограмм пилла топшириб шартнома режасини ошириб бажарди. С. Бойматов ҳудудидан Чаёнтепалик Санжарбек фермер хўжалиги меҳнаткашлари 466 килогррамм режасини 486,5 килограммга етказиб ғолиблик нашидасидан баҳраманд бўлди. Ҳозиргача фермер хўжаликларининг 50 фоиздан кўпроғи пилла режасини бажарди. Туман бўйича жами хирмон 110 тоннадан ошди.

Н. МУҲАММАДИЕВ