Замонавий таълимдаги ижобий натижалар

Туманимиздаги 4-сонли умумтаълим мактаби педагоглари учун фанлар бўйича фаол ишлайдиган муассаса бўлса, ўқувчилар таълим-тарбия ўрганиб камолга етадиган ишончли макон ҳисобланади. Ўқитувчиларнинг билим даражаси юқорилиги ўқувчиларга таълим-тарбия ўргатиш, қобилиятларини ривожлантиришдаги ютуқлари билан ўлчанади. 4-сонли умумтаълим мактаби қўлга киритилган ютуқлари билан туман миқёсида тилга тушган. Туман Кенгаши депутати Қирмиз Турсунова мактаб директори сифатида таълим-тарбия жараёнларини тўғри ташкил этиш, таълим сифати ва самарадорлигини оширишда ташкилотчилик фазилатларини кўрсатмоқда. Таълим муассасасида 705 нафар ўқувчига 53 нафар педагог фанлар бўйича билимларини ўргатмоқда.
Дарсларга сифатли тайёргарлик кўриш, ноанъанавий педагогик технологиялар асосида ўқувчиларнинг дунё қарашини ривожлантириш қунт ва сабот билан ишлашни талаб этади. Ўз касбига меҳр қўйиб ишлаётган ўқитувчилар таълим-тарбия соҳасида ютуқларни қўлга киритаяпти. Икки нафар педагог Ойсара Бойматова, Маҳбуба Бобоқулова самарали меҳнати, ўқувчиларнинг билим даражасини мунтазам равишда оширгани учун Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси кўкрак нишони билан мукофотланди. 4 нафар: Бахтигул Нормўминова, Ойсара Бойматова, Ихтиёр Ҳасанов, Наргиз Бобоева олий тоифали ўқитувчи даражасига етди. Бошланғич синф ўқитувчилари Холниса Бобоқулова ва Гавҳар Абдуллаева намунали дарс ўтиб, ўқувчиларда билим ўрганишга қизиқишни ошираяпти. Жисмоний тарбия ўқитувчиси Хуршида Кучарова аёллар спортининг оммавийлашишига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Мактабда ўқувчиларнинг дарсларда мавзуларни ўрганиши, қобилиятини ривожлантириши ва билимларини мустаҳкамлаш учун барча шароит яратилмоқда. Мактаб кутубхонаси хизмат кўрсатаяпти. Кутубхоначи Сабоҳат Ниёзова китобхонликни ривожлантиришга астойдил интилмода. Кутубхонада 1200 та китоб фонди мавжуд. Шунинг 800 таси бадиий адабиёт. Қолганлари сиёсий адабиёт ва Қобусномалардир. 7000 га яқин дарсликлар ва ўқув қўлланмалари бор. Ўқувчилар кутубхонага аъзо бўлган. Улар Ўқув залида ўзларига керакли китобларни олиб ўқияпти. 11 синф ўқувчиси Азизбек Тоштемиров дарсдан бўш вақтларида кутубхонада бадиий китобларни олиб ўқишни ёқтиради. Шеърларни ёд айтаяпти. 8 синф ўқувчилари Малика Исматова, Динора Уроқова, Мафтуна Ашурова, Чарос Оққўзиева ҳам кутубхонанинг доимий абоненти сифатида ўқитувчиларининг меҳрини қозонмоқда.
Дарслардан бўш вақтларда тўгараклар фаолият кўрсатаётганлиги ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини янада ошираяпти. Бошланғич синф ўқитувчиси Ойбарчин Хожиева Тошкент шаҳридаги Семалка таълим муассасасида Менталь арифметика бўйича сертификат олганлиги ўқувчиларга замонавий усулда машғулот ўтказишга имкон яратди. Менталь арифметика бўйича тўгарак иши йўлга қўйилди. Бу усулда машғулот ўтказилганда ўқувчиларнинг мия ярим шари тўлиқ ривожланиб, хотираси мустаҳкамланади, ёдлаш қобилияти тезлашади. Инглиз тили тўгарагида фаол қатнашган Бобур Турсоатов Тошкент шаҳрида IELTS йўналишида инглиз тилидан билим даражасини ошириш учун тест, ёзма, оғзаки синовда қатнашди. 5,5 балл тўплаб 100 фоиз натижа кўрсатди. Халқаро сертификат билан тақдирланди. Бу унга олий таълим муассасасига кириш имтиҳонида инглиз тили бўйича топшириқларни бажаришдан озод этилиш имтиёзини берди. Тўплаган бали ўқишга киришда инобатга олинади. Ўқувчилар Фан олимпиадаси ва Билимлар беллашувида муваффақиятли қатнашмоқда. Камолиддинова Шаҳризода фан олимпиадасининг туман босқичида география фанидан 3-ўринни эгаллаб, вилоят босқичида қатнашди. 9 синф ўқувчиси Қудратов Жўшқин 2020-2021 йил “Ниҳол” давлат мукофоти Республика танловининг туман босқичида “Эстрада” йўналишида ғолиб чиқди. Туман маданият бўлимининг дипломи билан тақдирланиб, вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Муассасада “Беш муҳим ташаббус”да қамраб олинган йўналишларни амалга оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Спорт, мусиқа, компьютер технологиялари, китобхонликни ривожлантириш, адабиётшунослик, рассомчилик, қўғирчоқ театри тўгараклари мунтазам ишлаяпти. Спорт майдонларида эрталабдан соғлом турмуш тарзига риоя қилиниб, ўқитувчи ва ўқувчилар спорт ўйинлари билан шуғулланмоқда. Фаоллар залида Мусурмон Хўжақулов бошчилигида мусиқа тўгарагида ўқувчиларнинг мусиқа ва санъатга қизиқиши шакллантирилаяпти. Маънавий-маърифий тадбирлар ташкилаштирилиб, ўқувчиларнинг билимлари мустаҳкамланаяпти. Яқинда ўқувчилар иштирокида Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги, Халқ шоир Муҳаммад Юсуф таваллудининг 67 йиллиги кенг нишонланди. Умумтаълим мактабида ўқув йили давом этиб, жамиятнинг мустаҳкам таянчи бўлган ёш авлодга эзгулик йўлини ўргатувчи маърифатпарварлик ишлари қизғин тус олаяпти.
Н. МУҲАММАДИЕВ