ЁШЛАР ЎЗБЕКИСТОН КЕЛАЖАГИ

Бугунги кунда қайси жабҳага қарамайлик биз ёшларга кенг имкониятлар яратилаётганлигини кўраяпмиз. Бунга мисол қилиб айтишимиз мумкинки, Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга мурожаатномасини телевидениедан катта қизиқиш билан кузатдим. Давлатимиз раҳбарининг таклифига асосан 2021 йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном берилиши ҳар бир юртдошимиз сингари менга ҳам катта қувонч бағишлади. Бу бизлар учун жуда катта эътибордир. Биз бу имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ўз устимизда янада кўп ишлашимиз зарур. Жорий йилнинг бундай номланиши юртбошимизнинг юртимиз ёшларига қаратилган катта эътибори ва ишончи намунаси дейишимиз мумкин.
Ўзбекистоннинг келажаги ёшларга боғлиқ. Шундай экан биз ёш авлод юртимизнинг устунлари бўлишимиз керак. Ўзимизни ҳар соҳада синаб кўриб, Ватанимизни юксалтириб, дунёга янада танитаверишимиз лозимдир. Мамлакатимизда 30 июнь санаси “Ёшлар куни” сифатида нишонланаяпти. Ҳар қандай жамият тараққиётида унинг келажагини таъминлайдиган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши ҳал қилувчи ўрин тутади. Жумладан, 1 майдан “Ёшлар дафтари”га киритилганларга тадбиркорлик фаолияти учун субсидиялар берилаяпти. 25 ёшгача бўлган иш берувчиларга 2023 йилгача ижтимоий солиқ қайтариб берилади. Тошкентда ижарада яшаётган талабаларга ижара тўловининг базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари, вилоятдагиларга эса 0,5 баравари миқдоридаги қисми қоплаб берилади. Бу қарорлар биз талаба ёшларни илҳомлантириб юборди. Хусусан, энди ижара тўловига бериладиган пулнинг маълум қисмини ўзимиз учун, қўшимча тўгаракларга боришимизга, тилни ўрганишимизга, ўзимизга қизиқарли бадиий китоб олиб ўқишимизга сарфлашимиз мумкин бўлди. Биз бу эътибор ва ишончни оқлаган ҳолда ўз устимизда янада кўпроқ ишлашимиз, ўз соҳамизнинг етук ходими бўлишимиз ва Ўзбекистонимизнинг ривожи ва иқтисодиётига ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз шарт ва зарурдир.
Рустам МАМАДИЕВ,
Термиз Давлат университетидаги Юридик факультетининг 2 курс талабаси