Ҳаёти-ибрат-сўзи-ҳикмат

9 май- Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги Қумқўрғон туманида кенг нишонланди. Тумандаги Мотамсаро она ҳайкали сиймосида даҳшатли урушда ҳалок бўлган фарзандлари ҳақида ўйлаб, нигоҳини бир нуқтага қадаганча турган мушфиқ она чуқур қайғуга ботган бўлса-да, руҳиятида матонат, мустаҳкам ирода акс этган. Гўё фарзандлари ҳамон тирик.
Бу ерга туман ҳокими Р. Гаппаров, меҳнат фахрийси Н. Чариев ҳамда сектор раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ташриф буюришиб, майдон узра таралган ҳарбий оркестр садолари остида мутасадди ташкилотлар, сиёсий партиялар Мотамсаро Она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйдилар. Ватанимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги йўлида жон фидо қилган юртдошларимиз ёд этилди. Тадбирдан сўнг туман ҳокими Р. Гаппаров, сектор раҳбарлари билан биргаликда уруш фахрийларининг хонадонларига боришди. Байрам совғаларини улашиб, олтинга тенг бўлган дуоларини олишди.
Қурбон Чоршанбиев,
Халқ депутатлари Қумқўрғон туман Кенгаши котибият мудири