Вилоят ҳокими уриш фахрийларига президент совғаси ва пул мукофатини топширди

Инсон хотиралар билан яшайди.
Кечаги куннинг машаққатларини эслаб, оғир
дамларни бугунги фараҳбахш ҳаёт билан
солиштирсак, эзгулик, яхшиликни улуғлаб
яшашга кўпроқ интиламиз. 9 май – Хотира
ва қадрлаш куни мамлакатимизда умумхалқ
байрами сифатида нишонланиши замирида
ҳам кишиларни эзгуликка ундаш
фалсафаси мужассам.
Муҳими, халқимиз, айниқса, ёшларимиз онгу шуурида ўтганларни ёд этиш, тирикларни қадрлашдек инсоний фазилатлар тобора мустаҳкам қарор топмоқда. Тарихдан сабоқ чиқариб, ўтмишда йўл қўйилган хатоларни такрорламай, миллий ўзликни англаган ҳолда, музаффар аждодларнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган авлоди эканимизни англаб яшаяпмиз. Зеро, бу ёруғ ва дориламон кунлар йўлида қурбон бўлганлар руҳини шод этиш, мўътабар кексаларимиз дуосини олиш, тинч ҳамда осойишта замоннинг қадрига етиш, шукроналик туйғуларини ҳис этиш бизга катта қувват бағишлайди, руҳиятимизни поклаб, янгидан-янги бунёдкорлик ишларига чорлайди. Хотира ва қадрлаш кунининг бу йил “Жасорат, бурч, матонат” шиори остида нишонлаётгани, ушбу тадбирлар доирасида таълим муассасаларида, маҳаллаларда ёши улуғ кишилар, уруш ва меҳнат фахрийлари билан уюштирилаётган мулоқотлар ҳам ана шу эзгу мақсадга хизмат қилмоқда.
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Қумқўрғон туманида яшаётган иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари “Саховат” маҳалласида яшовчи Қодиров Зокир бобо,”Мунчоқтепа” маҳалласида яшовчи Мусаев Ҳайит бобо,”Меҳробод” маҳалласида яшовчи Аҳмедов Икром боболарнинг хонадонларида бўлиб, Президентимизнинг 9-май Хотира ва қадрлаш куни ҳамда ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан уларга йўлланган табригини ўқиб эшиттирди. Давлатимиз раҳбарининг қимматбаҳо совғаси ва бир марталик пул мукофотини тантанали топширди. Туманимизда уч нафар Иккинчи жаҳон уруши фахрийси истиқомат қилмоқда. Байрам муносабати билан ташкил этилган тадбирларда Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи, сектор раҳбарлари, туман ҳокими Р. Гаппаров, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбийлар, маҳалладошлари, ўқувчи-ёшлар иштирок этишди.
-Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик ёшимга ёш қўшмоқда,-дейди Мусаев Ҳайит бобо. -Президентимизнинг байрам табриклари, пул мукофоти ва қимматбаҳо совғаларидан қалбим тоғдек ўсмоқда. Бундай эътибор ва эъзоз учун давлатимиздан миннатдормиз.
Шу маънода, ушбу санани нишонлар эканмиз, бу куннинг юртимизда “Хотира ва қадрлаш куни” деб эълон қилинганлиги нақадар чуқур ўйланганини, унинг теран маъно ҳамда мазмунга эга эканини ҳаётнинг ўзи бот-бот тасдиқламоқда. Давлатимиз раҳбари айтганларидек, “Хотира, хотирлаш ҳақида гапирар эканмиз, бу тушунчани қадрлаш тушунчасидан ажратиб бўлмайди. Ҳақиқатан ҳам, бу ёруғ кунларга нима ҳисобидан эришганимизни, бу йўлда қандай оғир курашлар, азоб-уқубат ва йўқотишлар бўлганини, қанчадан-қанча одамлар уруш майдонларида азиз жонини қурбон қилганини англамасак, тушунмасак, бугунги кунимизни, мусаффо осмонимизни, тинч ва осуда ҳаётимизни англаш, унинг қадрига етиш қийин бўлади.
Айнан шунинг учун ҳам, ҳозирги пайтда орамизда, сафимизда соғ-саломат, бардам яшаётган, бугунги ҳаётимизга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган уруш қатнашчиларини, муҳтарам ҳамда азиз фахрийларимизни қадрлаш ва эъзозлаш, уларга ҳар томонлама ҳурматимизни билдириш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарз эканини, ўйлайманки, ҳаммамиз яхши тушунамиз”.
Зеро, юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир киши, айниқса, ёш авлод мана шу байрам тимсолида Кексаларни қадрлаш, саховатга муҳтож кишиларга кўмаклашиш каби юксак фазилатларни қалбига сингдирмоқда. Ҳарбий оркестр ижросидаги куй-қўшиқлар Ватанимиз озодлиги ва шон-шарафи ҳимоячилари яшаётган маҳаллаларга байрам шукуҳини улашди.
Райҳон МЕНГЗИЯЕВА