Шеърият юраги-фонийда ҳам боқий

Бетакрор шоир Муҳаммад Юсуф китобларини варақлар экансиз қулоғингиз остида қўшиқ янграб тургандек, ҳар бир шеърини завқ-шавқ билан ўқийсиз. Қат-қатидаги ички дунёсига шерик бўласиз. Шеърият, бадият, адабият юраги Муҳаммад Юсуф қўшиқлари билан эмас, балки Ватанга айланиб кетган кўчасидаги тераклар-у бедапоялар, она Ватан каби иссиқ тафтли тандирлар орқали, юрт муҳаббати, ҳеч кимга ўхшамаган мисралари билан танилди.
Булбулзабон шоир Муҳаммад Юсуф ҳаёт бўлганларида ҳозир 67 ёшни қаршилаган бўлар эдилар, лекин бетакрор шоир ўлмаган. Чунки халқ шоири таваллудини, ижодини ҳар йили мухлислари, ўқувчилари катта байрам ва шеърият кечасига айлантириб хотирлайдилар.
Шу каби шоир ижоди жорий йилнинг 26 апрель куни 38-сонли умумтаълим мактабида ҳам, она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари: Сирож Жабборов, Анвар Бердиев, каминаларни шоирга бўлган, шеъриятига бўлган меҳри мактаб устозлари, ўқувчилари жамоасида катта тадбирга айланди. Бунда олдинги икки босқичда ғолиб бўлиб келган 11 «А» синф, 8 «А» синф, 7 «А» синф ўқувчилар ўртасида шеърий баҳс-мунозара, мушоира ташкил қилиниб, давра шоир суратлари, ижодига бағишланган буклетлар, ҳар хил слайдлар ва гуллар билан безатилиб, хотирланиб, тадбирга байрамона руҳ киритдилар. Шундан сўнг мактаб директори А. Қароров сўзга чиқиб, шоир ижодига тўхталди. Ўқувчи шогирдларига, шеърга, китобга бўлган фикрларини баҳам кўриб, Адабиёт – инсон ҳаётидаги асосий устун эканлигини айтиб ўтди.
Шу ўринда шуни таъкидлаб ўтиш керакки, мактабимизда нафақат бугунги тадбир, аҳил-иноқ жамоамизнинг С. Жабборов, А. Бердиевлардек фидойи устозлари йил давомида мумтоз шоирларимиз А. Навоий, З. М. Бобур таваллудларини ҳам катта тадбирга айлантириб, фаол иштирок этиб келадилар.
Бугун забардаст шоиримиз орамизда йўқ. Бироқ адабиётимизда янги атама, ватан тимсоли «Муҳаммад Юсуф» деган шеърият бор. Бугун ва келажакда Муҳаммад Юсуф аталмиш шоир, устозлари, яқинлари, ўқувчилари хотирасида, қалбида яхши ишлари, хокисорлиги, меҳри билан муҳрланиб қолиб, уни шахсан таниган ва танимаган мухлислари тасаввурларида йиғлатадиган, эзгуликка етаклайдиган, ватанпарвар шеър-у қўшиқлари билан мангу яшаб қолади.
Ўрол ҚОДИРОВ,
тумандаги 38-сонли умумтаълим мактаби она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.