Сурхондарё вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармасига қарашли Қумқўрғон туман 2-сон касб-ҳунар мактабида умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини касб-ҳунар мактабига жалб қилиш мақсадида тадбирлар бўлиб ўтди. “Очиқ эшиклар” куни ва Касб-ҳунар мактабида таҳсил олаётган “Биринчи босқич” талабаларига Халқаро касблар мусобақаси ҳақида тушунча бериш ва унга тайёргарлик кўриш мақсадида “Worldskills” тўгараги қатнашчиларининг кўргазмаси юқори савияда ва самарали ташкил этилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги ПФ-5812-сонли фармонида таъкидланганидек, профессионал таълим дастурлари ЮНЕСКО ташкилоти томонидан қабул қилинган Халқаро таснифлагичнинг 3-даражасига мос келувчи таълим дастурлари асосида касб-ҳунар мактаблари фаолият кўрсатаяпти. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6108-сонли фармони ижросини таъминлаш мақсадида 2-сон касб-ҳунар мактаби ўқувчиларига Халқаро касблар мусобақаси “Worldskills” мусобақаси ҳақида тушунча бериш ва “Worldskills” тўгараклари иш фаолиятини ташкил этиш учун кўргазма ўтказилди.
Worldskills тарихи ҳақида қисқача маълумот. Испанияда 1946 йилда биринчи марта касблар танлови ташкил этилган. Ҳар икки йилда ўтказилиб келинадиган Халқаро мусобақада қатнашиш учун авваламбор Worldskills стандартига мос ҳолда ўқувчиларни тайёрлаш талаб этилади. Ўзбекистон 2019 йил Worldskills ташкилотига аъзо бўлган. Ушбу мусобақада қатнашиш учун Worldskills тўгараги ташкил этилди.
Умумтаълим мактабларининг 9 синф битирувчиларини ўзи севган касбни танлашга қизиқтириш мақсадида чора-тадбирлар тузилган. Унга кўра, 1 босқичида умумтаълим мактабларига борилиб касб-ҳунар мактабидаги касблар ҳақида тушунча берилган эди. 2 босқичда касб-ҳунар мактабига келиб ўзлари қизиққан касбларни кўриш назарда тутилган. Шунга кўра касб-ҳунар мактабидаги “Очиқ эшиклар” кунига тумандаги умумтаълим мактабларининг 9 синф битирувчилари келишди. Улар касб-ҳунар мактабида ташкил этилган касблар бўйича ўқиётган ўқувчиларнинг ўқув, ўқув-амалиёт жараёнлари ва ўқув устахонасининг иш фаолиятини ўз кўзлари билан кўрди. Муҳандис-педагоглар ўқувчи ёшларни қизиқтирган саволларга жавобларни батафсил тушунтирди. Корхона ва ташкилотлардан ҳам ходимлар келиб мактаб битирувчиларига касбнинг келажакда муҳимлиги ҳақида гапириб берди.
Зиядулла БАДАЛОВ,
Қумқўрғон туман 2-сон касб-ҳунар мактабининг ишлаб чиқариш бўйича директор ўринбосари