Инвестор учун барча шарт-шароит яратилган

Жорий йилнинг 23 апрель куни Қумқўрғон туманидаги “Сурхон пармалаш ишлари” акциядорлик жамиятининг маъмурий биносида Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди ташаббуси билан чет инвесторларнинг ҳуқуқлари мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди, Сурхондарё вилоят божхона бошқармаси, Давлат солиқ инспекциялари, туман адлия бўлимлари вакиллари, хорижий инвесторлар ва тадбиркорлар ҳам иштирок этди.
Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди раиси С.Аллабердиев модераторлик қилди. Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди раиси Ў. Мамадиев, Сурхондарё вилоят божхона бошқармаси Жарқўрғон ташқи иқтисодий фаолият божхона пости бошлиғи, подполковник М. Саъдуллаев, Жарқўрғон туман адлия бўлими бошлиғи Ў. Арипов маърузалар бўйича сўзга чиқди. Судьялар А. Холмўминов, М. Аллаярова, Ф. Хидиров, Қизириқ туман адлия бўлими бошлиғи Б. Чоршанбиев, шунингдек, тадбирда хорижий инвесторлар, уларнинг вакиллари ва тадбиркорлик субъектлари инвесторлик фаолияти ҳақидаги ҳуқуқий билим ва талабларни тинглади. Жумладан, масъулияти чекланган жамият шаклидаги “UZTAJ GROUP” қўшма корхонаси, масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Сурханцементинвест” қўшма корхонаси, масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Петромаруз” хорижий корхонаси, масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Сурхон коттон текстил кластер” қўшма корхонаси ва бошқа хорижий инвестиция иштирокидаги жамиятлардан келган вакиллар долзарб мавзу бўйича керакли маълумотларга эга бўлди.
Дастлаб, Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди раиси С. Аллабердиев судга қабул қилинган ва мазмунан ҳал этилган иқтисодий ишлар, уларнинг хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарга тааллуқлилиги бўйича ҳудудлар кесимида маълумотларни тақдим этди. Жумладан, Қумқўрғон туманлараро иқтисодий судининг юрисдикциясига 4 та туман, яъни Қумқўрғон, Жарқўрғон, қизириқ ҳамда Бандихон туманлари бўйича тааллуіли ишлар киради. Судда 2021 йил 1-чораги давомида жами 681 та иқтисодий ишлар кўриб чиқилиб, мазмунан ҳал этилди. Мазкур ишларнинг 653 таси қаноатлантирилиб, 7 таси бўйича даъво аризани қаноатлантириш рад этилди. 4 та иқтисодий иш бўйича даъво кўрмасдан қолдирилди. Жами кўрилган ишларнинг 551 таси, яъни 80,4 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилди. Мазкур кўриб чиқилган ишларнинг 63 таси бир томони хорижий инвестиция иштирокидаги корхонага тааллуқли бўлган турли тоифадаги иқтисодий ишларни ташкил этади.
Шундан сўнг сўзлаш навбати берилган маърузачилар амалдаги қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, инвестиция ва рақобатга оид қонунчиликдаги ислоҳотлар, пандемия шароитида инвесторларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, судларга даъво ариза киритишдаги қонун ҳужжатларга амал қилиниши, кредиторлик ва дебиторлик қарздорликларини ундирилиши, инвесторларга берилаётган имтиёзлар ва преференциялар, солиқ ва божхона соҳасидаги имтиёзлар, корхоналарда юзага келадиган фуқаролик, меҳнат ва оила муносабатлари, алимент ундириш масалалари бўйича тушунтирди. Тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлари бўйича мурожаатлар қилишди. Маърузачилар уларнинг саволларга атрофлича жавобларини айтди.
Давра суҳбати якунида ҳуқуқий соҳадаги буклетлар тарқатилди. Иштирокчилар давра суҳбати ўтказилганидан мамнун эканликларини, саволларга жавоблардан қониқиш ҳосил қилишганликларини, иш фаолиятига тааллуқли кўплаб ахборотга эга бўлишганликларини таъкидлашди. Томонлар бу турдаги тадбирларни тизимли равишда ташкил этишга келишиб олишди.
Б. БЕРДИМУРОТОВ,
Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди девонхона мудири