Қумқўрғонда адабиёт кунлари

“Адабиёт яшаса – миллат яшайди”.
Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон.

Дарҳақиқат, адабиёт жуда кўп маъно-мазмунларга бой ва теран тушунча, сабаби унда инсон, олам ва одам, бир асар тақдирини турли ранглар асосида ўзида мужассам этган буюк тарихий илмдир.
Адабиёт – миллат кўзгуси экан, тил ва адабиёт келажаги учун қайғуриш, унинг жамият ҳаёти, инсон маънавий такомилидаги ўрнини юқори ўринда сақлаш ва янада ривожлантириш бугунги техника асри бўлган глобаллашув жараёнида муҳим масалалардан биридир.
Чўлпон фикрларини бевосита давом эттириб, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Адабиёт, санъат ва маданият яшаса, миллат ва халқ, бутун инсоният безавол яшайди” ёки “адабиётга ва санъатга, маданиятга эътибор – бу аввало, халқимизга эътибор, келажагимизга эътибор…”, деб адабиётнинг жамиятдаги ўрнига юқори баҳо берганини айтиш кифоя.
Дарҳақиқат, адабиёт, бадиий ижодга муҳаббат қўйиш – бу инсонни маънавий камолот, тафаккур, юксалиш сари етаклайди. Шундай экан бугунги авлод бу маънавий меросдан қанчалик фойдаланмоқда?
Бугун юртимиздаги барча олий таълим муассасаларида буюк алломаларимиз ҳаёти ва ижоди, илмий-маънавий меросини ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ўзида аждодлар маънавий меросини сақлаётган кутубхоналар фаолиятини кўриб қувонасан киши.
Тумандаги 11-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сурхондарё вилоят бўлими ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази Сурхондарё вилоят Қумқўрғон туман бўлинмаси билан ҳамкорликда республикамизда хизмат кўрсатган адабиёт ходимлари билан маънавий-маърифий учрашув ташкил этилди.
Мазкур адабий, маънавий-маърифий тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбари ўринбосари Б.Эргашев, Ўзбекистон Адабиёти ва санъати газетаси бўлим бошлиғи А.Абдумажид, “Ёшлик” журнали бош муҳаррири Нурулло Чори, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси адабий ходими М.Жумаев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сурхондарё вилоят бўлими раҳбари М.Олломуродов, туман ҳокимлиги, туман Маънавият ва маърифат бўлинмаси ҳамда умумтаълим директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари ва ижодкор ёшлар қатнашдилар.
Тадбирда Ёшларнинг саводхонлик, нутқий тафаккур даражасининг пастлиги уларда маънавий ахлоқий жиҳатларнинг сустлиги, китобга эмас, техник воситаларга меҳр қўйиши, шу воситалар доирасида фикрлаш ва унинг қобиғидан чиқолмаслиги, ота-онанинг фарзанд таълим тарбияси, маънавий дунёсига эътиборсиз қараётгани қайд этиб ўтилди.
Бугун юртимизда нафақат адабиёт соҳасида балки ижод соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда яратиб берилган кенгдан-кенг имкониятлар тўғрисида маълумотлар берилди. Шундан сўнг тадбирга келган меҳмонлар томонидан ўз ижод наъмуналаридан айтиб ўтишди.

Ш. МАМАДИЕВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази Сурхондарё вилоят Қумқўрғон туман бўлинмаси раҳбари