Меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра бекор қилинганда моддий мадад бериш учун қандай қўшимча кафолатлар белгиланганидан ҳабардормисиз?

Меҳнат кодексининг 67-моддасида Меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра бекор қилинганда моддий мадад бериш учун белгиланган қўшимча кафолатлар белгиланган. Унга кўра Меҳнат шартномаси:
ходим янги меҳнат шартлари асосида ишлашни давом эттиришни рад этганлиги сабабли (89-модданинг тўртинчи қисми);
технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги (100-модда иккинчи қисмининг 1-банди) сабабли;
ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқлиги сабабли (100-модда иккинчи қисмининг 2-банди);
шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга қайта тикланиши сабабли (106-модданинг 2-банди) бекор қилинган ҳолларда иш қидириш даврида икки ойдан ортиқ бўлмаган давр мобайнида ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади, бунда ходимга тўланган бир ойлик ишдан бўшатиш нафақаси ҳам қўшиб ҳисобга олинади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган кафолатлар корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош ҳисобчи билан, корхонада бош ҳисобчи лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош ҳисобчи вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномаси мулкдорнинг алмашиши сабабли бекор қилинган (100-модда иккинчи қисмининг 6-банди) ҳолларда ҳам татбиқ этилади.
Агар ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмида кўрсатилган ходимлар меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб ўттиз календарь кун мобайнида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтсалар, маҳаллий меҳнат органи берган маълумотномага биноан учинчи ой учун ҳам олдинги иш жойларидан ўртача иш ҳақи олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмида кўрсатилган ходимларга уч ой мобайнида мақбул келадиган иш топиб берилмаган тақдирда, улар ишсиз деб эътироф этиладилар.
Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмида кўрсатилган, меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейин ўттиз календарь кун ичида маҳаллий меҳнат органида рўйхатга олинган ва касби бўйича қайта ўқитилаётган ёки ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда малакасини ошираётган ходимларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва миқдорларда стипендия тўланади.
Башарти иш берувчи ночор (банкрот) деб топилса, у билан меҳнат муносабатларида бўлган ходимлар иш ҳақи ва ўзларига тегишли бошқа тўловлар хусусида бошқа барча кредиторларнинг талабларига нисбатан имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланадилар.
Тугатилаётган корхоналарнинг маблағи бўлмаган тақдирда, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ходимларга компенсациялар Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади.
Меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра бекор қилиниб, огоҳлантириш муддати пуллик компенсацияга алмаштирилганда ходимларга моддий мадад бериш тартиби ҳақидаги тушунтиришида иш берувчи меҳнат шартномаси бекор қилиниши нияти ҳақида, ходимни Меҳнат кодекси 102-моддасининг биринчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган муддатларда огоҳлантириши лозим ва бу огоҳлантириш муддатлари уларга мувофиқ келадиган пуллик компенсацияга алмаштирилиши мумкин.
Огоҳлантириш муддатини пуллик компенсацияга алмаштириш:
ходим билан иш берувчининг ўзаро келишуви асосида (102-модданинг иккинчи қисми);
ходим билан келишувсиз (102-модданинг учинчи қисми);
иш берувчининг хоҳиши асосида (102-модданинг тўртинчи қисми) амалга оширилади.
Огоҳлантириш муддати пуллик компенсацияга алмаштирилганда, ходимнинг Меҳнат кодекси 67-моддасининг биринчи ва учинчи қисмида назарда тутилган моддий мадад олишга оид қўшимча кафолатлари сақланиб қолади, ҳамда у меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг иккинчи ва учинчи ойлар давомида ишга жойлашмаган тақдирда унга иккинчи ва учинчи ойлар учун илгариги иш жойидан ўртача иш ҳақини тўлаш муддатлари ҳам ўзгармайди.
Меҳнат шартномаси 1 мартдан бекор қилиниши ҳақидаги билдирув хати билан ходим 1 январда ёзма тарзда огоҳлантирилди. Лекин, ходим билан иш берувчининг келишуви асосида ушбу огоҳлантириш муддати пуллик компенсацияга алмаштирилди ва ходим билан меҳнат шартномаси 1 январдан бекор қилинди. Ходимга огоҳлантириш муддатига мутаносиб равишда (январь, февраль ойлари учун) пуллик компенсация ва бир ойлик (январь учун) ишдан бўшатиш нафақаси тўланди. Агарда ходим, ишга жойлашмаганлигини меҳнат дафтарчаси ёхуд электрон меҳнат дафтарчасининг кўчирма нусхаси билан тасдиқласа (электрон меҳнат дафтарчасининг кўчирма нусхасида кўрсатилган маълумотлар тўғрилигини текшириш my.mehnat.uz электрон манзили бўйича электрон меҳнат дафтарчасининг ноёб рақамини киритиш ёки мобил телефон ёрдамида QR-кодни сканер қилиш орқали амалга оширилади), Меҳнат кодексининг 67-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган иккинчи ой (февраль) учун ўртача ойлик иш ҳақини март ойида олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Ушбу ходим, меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг ўттиз календарь кун ичида, яъни 2 январдан 31 январгача бўлган муддатда маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлса ва апрель ойида бу тўғрисида меҳнат органининг маълумотномасини тақдим қилса, унга учинчи ой (март) учун ҳам илгариги иш жойидан ўртача ойлик иш ҳақи тўланади.

Фахриддин Маматов,
«Мадад» ННТ нинг Қумқўрғон туман ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутаҳассиси