Сенатнинг ўн тўртинчи ялпи мажлисида “Айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қонун маъқулланди.
Мамлакатимиз ички бозорларида ўсимлик ёғи нархи кескин ошишининг олдини олиш мақсадида мазкур Қонун билан Солиқ кодексига ўзгартиш киритилиши назарда тутилмоқда.
Унга кўра, 2021 йил 1 майдан 31 декабрга қадар:
-мамлакатимиз ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек, соя данагини олиб кириш;
-ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича маблағлар айланмаси қўшилган қиймат солиғидан озод қилинмоқда.
2021 йил 1 майдан 31 декабрга қадар бўлган даврда кунгабоқар ва пахта уруғлари, кунгабоқар ёғи ва пахта ёғи маҳсулотларига нисбатан мазкур Қонун билан экспорт божи жорий этилмоқда.
Мазкур Қонуннинг маъқулланиши орқали мойли экинлар экилиши устидан ҳам қатъий мониторинг ўрнатилиши кутилмоқда.
Маъқулланган Қонун Президент томонидан имзоланиб, белгиланган тартибда эълон қилингач расмий кучга эга бўлади.
“Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–684-сон, 22.04.2021 й.) Президент томонидан имзоланди
Қонунга кўра, давлат харидлари жараёни қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:
давлат харидларини режалаштириш;
харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш;
шартномани тузиш ва бажариш;
давлат харидлари мониторинги.
Президент фармонлари ва қарорларига мувофиқ Инвестиция ва бошқа давлат дастурларига киритилган лойиҳаларни “фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш” шартлари асосида “fast-track” усулида (бир вақтнинг ўзида лойиҳалаштириш, харид қилиш ва қурилиш ишлари) амалга ошириш мумкин.
Харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш турлари қуйидагилардан иборат:
– электрон дўкон;
– бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион;
– энг яхши таклифларни танлаш;
– тендер;
– тўғридан-тўғри шартномалар бўйича амалга ошириладиган давлат харидлари;
-Президент фармонлари ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари билан рухсат этилган харидларнинг бошқа рақобатли турлари.
Харид қилиш тартиб-таомиллари электрон шаклда амалга оширилиши мумкин.
Қонунга мувофиқ, ушбу соҳада давлат назоратини қуйидагилар амалга оширади:
- Ҳисоб палатаси;
- Бош прокуратура;
- Коррупцияга қарши курашиш агентлиги;
- Молия вазирлиги;
- Монополияга қарши курашиш қўмитаси.
Шунингдек, фуқаролари, маҳалла, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ОАВ соҳада жамоатчилик назоратини амалга оширишга ҳақли.
219 та ҳудудда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ташкил этилади.
“Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5088-сон, 21.04.2021 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, республика бўйича жами 219 та ҳудудда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ташкил этилади. Шунга кўра, рўйхатдаги тегишли 77 та Ёшлар саноат зоналари – 2021 йил 1 сентябргача, қолганлари – 2022 йил 1 январгача тўлиқ ишга туширилади. Ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш Ёшлар саноат зоналарининг асосий вазифаси ҳисобланади. Қарор билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.
Ёшлар саноат зоналари ҳудудида майдони 1000 м² гача бўлган ер участкалари, истисно тариқасида, электрон аукцион савдоси ўтказмасдан, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг қарори билан ажратилади.
Молиявий ресурслар бир ёш тадбиркорлик субъекти учун бир йўла 100 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган миқдорда 7 йилгача муддат билан тақдим этилади.
2023 йил 31 декабргача Ёшлар саноат зоналари ҳудудида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг таъминоти билан боғлиқ қуйидагича тартиблар жорий этилади:
Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси тижорат банкларининг кредитлари бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача миқдорида, бироқ 500 млн сўмдан ошмаган миқдорда кафилликлар беради;
-устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан зиёд бўлган суғурта ташкилотлари тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитларнинг 50 фоизигача миқдорида, бироқ 500 млн сўмдан ошмаган миқдорда, йиллик 2 фоиз ставкасида суғурта полисини тақдим этади.
Тадбиркорлар томонидан автомобиль йўлларида қоидабузарликларни фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш тартиби белгиланди
Ҳукумат қарори (232-сон, 21.04.2021 й.) билан ”Тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш ва эксплуатация қилиш тартиби тўғрисида“ги низом тасдиқланди
Низомга кўра, тадбиркорлар томонидан йўлларда қоида бузилишини фото ва видео қайд этиш тизими ўрнатилиши мумкин бўлган жойларнинг электрон онлайн-аукционлари “E-IJRO AUKSION” орқали амалга оширилади. Тизим электрон онлайн-аукционларда ғолиб бўлган тадбиркорлар томонидан ўзларига бириктирилган объектларда ўрнатилади. Объект тадбиркорларга мулк ҳуқуқи асосида чекланмаган муддатга, бошқа тадбиркорларга ўтказиш ҳуқуқи билан бириктирилади. Тизим Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ахборот тизимига мажбурий тартибда интеграция қилинади. Тизим ўрнатилгандан сўнг 10 кун давомида синов тариқасида ишлатилиб, ушбу даврда қайд этилган қоидабузарликлар бўйича жарима ундирилмайди.Тизим қоидабузарликларни аниқлашда уч ва ундан ортиқ маротаба хатоликни қайд этса, объектга нисбатан мулк ҳуқуқи суд тартибида бекор қилиниши мумкин. Тизим томонидан қоидабузарликлар нотўғри аниқланганда, тадбиркорлар уларни содир этган деб топилган шахсга етказилган барча моддий зарарни қoплашга мажбур. Қарорга кўра, тизим орқали қайд этилган қоидабузарликлардан ундирилган жарима суммасининг тадбиркорга ўтказиладиган миқдори қуйидагича:
– тизим ишга туширилгандан бошлаб 1 йил давомида – 50 фоизи;
– ишга туширилганидан 1 йил ўтгандан сўнг – 25 фоизи.
Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати тизимнинг ўрнатилиши ва эксплуатация қилинишини назорат қилувчи ваколатли орган ҳисобланади.
Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси ходимларига бир қатор ҳуқуқлар берилди.
“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5090-сон, 22.04.2021 й.) қабул қилинди.
Қарор билан Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси тузилмаси тасдиқланди.
Инспекция бошлиғи Президент томонидан лавозимга тайинланади.
Инспекция ходимларига қуйидаги ҳуқуқлар берилди: сув хўжалиги объектларида инспекторлик текширувларини ўтказиш;
хавф даражаси юқори бўлган сув хўжалиги объектларига монеликсиз кириш, уларнинг хавфсизлиги ва ишончли ишлаши юзасидан техник назоратни ташкил этиш масалаларига, уларнинг қўриқланиши ҳамда муҳофаза зоналари ва соҳилбўйи минтақалари ўрнатилганлигига доир материаллар билан танишиш;
сув хўжалиги объектларини техник соз ҳолатда сақлаш ва муҳофаза қилиш, уларнинг хавфсизлигини ва ишончли ишлашини таъминлаш ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома ҳамда кўрсатмалар киритиш.
Тошкентда “Евроосиё” халқаро театр санъати фестивали ўтказилади.
Ҳукумат қарори (235-сон, 23.04.2021 й.) билан “Евроосиё” халқаро театр санъати фестивалини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, фестиваль 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта октябрь ойининг сўнгги ўн кунлигида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва хорижий мамлакатларнинг театр жамоалари иштирокида ташкил этилади.
Мазкур фестиваль йиллар кесимида театр санъатининг аниқ бир жанр ва йўналишларида қуйидаги кетма-кетликда ўтказилади:
-драматик театрлар фестивали (биринчи марта);
-мусиқали театрлар фестивали (иккинчи марта);
-қўғирчоқ театрлари фестивали (учинчи марта);
-ёш томошабинлар театрлари фестивали (тўртинчи марта).
Фестивалда иштирок этиш истагини билдирган иштирокчилар фестиваль ўтадиган йилнинг 1 февралига қадар фестивалнинг махсус электрон манзили орқали ариза беришлари мумкин.
“Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясида ходимлар томонидан хизматни ўташ тартибини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5089-сон, 22.04.2021 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, Миллий гвардия ходимлари:
Миллий гвардия тизимидаги таълим муассасалари ва бошқа муассасаларнинг кундузги ва сиртқи таълим шаклида тайёрланади;
Миллий гвардия ўқув марказларида белгиланган тартибда махсус касбий (бошланғич) тайёргарликдан ўтказилади.
Шунингдек, Миллий гвардия қўмондони тавсияси асосида олий ноюридик маълумотга эга бўлган ходимлар эгаллаб турган лавозими ва пул таъминоти сақлаб қолинган ҳолда Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиалида қайта тайёрланади.
Қарорга кўра, пенсия олиш ҳуқуқини берадиган хизмат муддати 20 йилни ташкил этади, имтиёзли ҳисобланадиган давр ходимларга пенсия миқдори ҳисобланаётган вақтдагина инобатга олинади.
– Миллий гвардия ходимларининг фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотларига яшаш ёки хизматни ўташ жойи бўйича қабул қилинади.
– Шунингдек, Миллий гвардиянинг хизмат интизоми ва бенуқсон узлуксиз хизмати учун ташаббускор ва виждонли ходимларни тақдирлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг фидойи ходими” идоравий кўкрак нишони таъсис этилди.
Қарор билан Миллий гвардия ходимларининг хизмат ўташ тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, хизматга ихтиёрий равишда ёши 18 дан кичик ва 30 дан катта бўлмаган, шу жумладан 30 ёшда Қўриқлаш бош бошқармаси ҳарбийлаштирилган соқчилик бўлинмаларининг тегишли касбий тайёргарликка эга, тайёргарлик машғулотлари ва танлов босқичларидан ўтган ишчи ва хизматчилари орасидан (бундан тор доирадаги мутахассисликка эга бўлган номзодлар мустасно) танлаб олиш орқали Ўзбекистон фуқаролари қабул қилинади.
– Номзод доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойидаги Миллий гвардия бўлинмаларига тегишли ҳужжатларни тақдим этади.
“Ўзбек геология қидирув” АЖ ташкил этилди
“Геология соҳасига инвестицияларни фаол жалб этиш, тармоқ корхоналарини трансформация қилиш ва республика минерал-хомашё базасини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5083-сон, 21.04.2021 й.) қабул қилинди.
– Қарорга кўра, геология-қидирув ишлари бўйича хизмат кўрсатувчи алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлган, “Қизилқумгеология” АЖ, “Самарқандгеология” АЖ, “Сурхонгеология” АЖ, “Ҳисоргеология” АЖ, “Тошкентгеология” АЖ, “Марказий лаборатория” ДУК ва “Геобуртехника” ДУКларни бирлаштириш йўли билан улар негизида “Ўзбек геология қидирув” АЖ ташкил этилди.
Ҳудудларда геология-қидирув ишларини жадал амалга ошириш орқали республика минерал-хом ашё базаси ривожлантирилишини таъминлаш Акциядорлик жамиятининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Қарор билан “Давлат геология қўмитаси тизимида фаолият юритаётган корхоналарни ислоҳ қилиш, соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва рақамлаштиришни кенг жорий қилиш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.
– “Йўл харитаси”да, жумладан, қуйидагилар назарда тутилган:
– жорий йилда 50 та кон ва истиқболли майдонларни маҳаллий ва хорижий инвесторларга очиқ ва шаффоф механизмлар асосида фойдаланишга бериш;
– “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги Қонунни янги таҳрирда ишлаб чиқиш;
– геология соҳасида олиб борилаётган 57 та илмий тадқиқот (тажриба-услубий, фундаментал, амалий ва инновацион) лойиҳаларини амалга ошириш.
– Қарорга кўра, давлат геология қўмитасининг янги ташкилий тузилмаси тасдиқланди.
– 2022 йилдан бошлаб ер қаъридан фойдаланувчилар ҳар йили 1 февралга қадар геология қидирув ишлари ва фойдали қазилма захираларини кўпайтиришнинг ўтган йилда эришилган натижалари ҳамда жорий йилга режалаштирилган ҳажми бўйича тегишли маълумотларни Давлат геология қўмитасига тақдим этилиши талаб этилади.
– Шунингдек, қарорга кўра:
– геологик жиҳатдан кам ўрганилган ер қаъри участкаларини халқаро стандартлар асосида блоклар (майдонлар)га ажратиш тизими жорий этилади;
– кам ўрганилган ер қаъри участкаларидан геологик жиҳатдан ўрганиш учун фойдаланиш ҳуқуқини берадиган рухсатномалар “биринчи келган биринчи олади” принципи асосида Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн тарзда берилади;
– ўрганилганлик даражаси ва кон очиш салоҳияти юқори бўлган майдонлардан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган рухсатномалар “E-AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида ўтказиладиган аукцион натижаларига кўра берилади.
Жаримани ўз вақтида тўлаганга чегирма мавжуд
– Ҳуқуқбузар унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб 15 кун ичида жарима миқдорининг 70 фоизини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда, у жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилинади.
Ушбу қоида қуйидаги ҳолларда қўлланилмайди:
– маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун суд томонидан жарима солинганда;
– жарима солиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилинганда ёки протест билдирилганда;
– худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такрор содир этилганда.
Адлия бўлими бошлиғи Р.Султанов