Талончилик жиноятининг олдини олиш чоралари

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига мувофиқ, мамлакатимиз иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Мулк дахлсиздир ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади, унга қилинган ҳар қандай тажовуз конунга хилоф деб ҳисобланади.

Талончиликнинг ижтимоий хавфлилиги шундан иборатки, бунда мулкка тажовуз очиқ ва жиноятчининг ўта сурбетлиги, шу билан бирга ўрнатилган тартибни, ҳуқуқий ва ахлоқий қоида­ларни ва жамият қадриятларини менсимаслик билан амалга оши­рилади.

Шу билан айбдорнинг бундай ҳаракатлари у жазосиз қо­лишига ишонишидан далолат беради.

Талончиликнинг объекти ўзининг ижтимоий-иқтисодий маз­муни бўйича ўзганинг мулкини талон-торож қилиш жиноят­лари билан тўлалигича мос келади. Аммо, қонунчиликда белгила­нишича, талончилик ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли бўлмаган зўрлик билан ёки шундай зўрликни ишлатиш билан қўрқитиш ёрдамида амалга оширилиши мумкин бўлиб, алоҳида жиноий-ҳуқуқий муҳофаза ҳолларда факультатив объект жабрланувчининг соғлиғи ва  объектив томондан талончилик ўзганинг мулкини ошкора та­лон-торож қилишда ифодаланади.

Мулкий бойликнинг ошкора, очиқ-ойдин, атрофдагиларга нисбатан сурбетларча қўлга кири­тишнинг бу усули талончиликнинг фарқловчи белгисидир. У қилмишга, шунингдек, унинг субъектига аксил ижтимоий тавсиф беради. Ғайри ижтимоийлик шундан иборатки, бунда айбдор жамиятда мулкчиликка нисбатан шаклланган қарашларни қўрслик билан бузади ва менсимаслигини кўрсатади, ўз ҳаракатларида жисмоний ва руҳий зўрликни ишлатади, атрофдаги-ларнинг кўз ўнгида жиноят қонунининг императив талабларини ошкора менсимайди.Бу эса содир этилаётган ноқонуний қилмиш хавфлилигини кескин оширади.

Қилмишни ошкора талончилик деб квалификация қи­лиш учун иккита ўзаро боғлиқ бўлган мезонни: объектив ва субъектив мезонни инобатга олиш зарур.

Объектив мезон шундан иборатки, бунда ўзганинг мулкини   талон-торож қилиш мулкдор ёки жиноятнинг бошқа гувоҳлари­нинг кўз ўнгида содир этилаётганлигини ва улар уни олиш жа­раёнини айнан жиноят сифатида англашларидан иборат.

Субъектив мезон нафақат мулкдор ва жиноятнинг бошқа гу­воҳлари қилмишни жиноят сифатида англаётганликларидан, балки айбдор ҳам ўзининг ҳаракатлари бошқалар томонидан ай­нан жиноят сифатида тушунилаётганлигини англашидан иборат, лекин айбдор ушбу шахсларнинг вазиятга муносабатини ино­батга олмайди. Ушбу икки мезоннинг мавжуд бўлиши субъект­нинг ҳаракатларида ўғирлик эмас, балки айнан талончиликнинг белгилари борлиги ҳақида хулоса чиқаришга имкон беради. Ал­батта, жиноят воқеаларининг ушбу объектив ва субъектив ҳолат­лари жиноят-процессуал қонунчилигига мувофиқ терговда ва судда ис­ботланиши лозим.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ўзининг авж палласида бўлиб, нафақат суд соҳасида, балки бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари тизимида ҳам замон талабларидан ва ҳозирги глобаллашув жараёнлари жадал кечаётган бир даврда юзага келган реал вазиятдан келиб чиққан ҳолда кенг қамровли ўзгаришлар амалга оширилмоқда ва пировардида буларнинг барчаси давлатимизнинг тараққиёти, жамиятимиз ривожи ва халқимиз манфаатига хизмат қилмоғи лозим.

Икром  Шайманов,

Жиноят  ишлари  бўйича Термиз  шаҳар  судининг  раиси

 Отабек Эргашев,

Жиноят  ишлари  бўйича Қумқўрғон туман  судининг  раиси